Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Тошкент ўз сиëсатини ҳимоя қилди


Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Алишер Шарафиддинов Женева йиғинида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида қилинаëтган ишлар хусусида маъруза қилди.
Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Алишер Шарафиддинов Женева йиғинида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида қилинаëтган ишлар хусусида маъруза қилди.

11 декабр куни БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши вакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги вазиятга оид ҳисоботини муҳокама қилди.

11 декабр куни Женевада бўлиб ўтган кенгаш йиғилишида Ўзбекистон ҳисоботини тақдим этадиган делегацияга¸ кутилгани каби¸ БМТнинг Женева идорасидаги Ўзбекистон доимий вакили¸ президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эмас, балки Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов етакчилик қилди.

Уч соатдан кўпроқ давом этган муҳокамаларда, аввал ўзбек делегациясининг ҳисоботи тингланди, ундан сўнг кенгаш вакиллари бирма-бир ўз савол ва тавсияларини ўқиб эшиттирди. Муҳокамалар давомида Ўзбекистон делегациясига бир неча марта бу саволларга жавоб қайтариш имкони берилди.

Делегацияга кирган Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Алишер Шарофиддинов, Омбудсман Сайëра Рашидова, Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиевлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти кун сайин яхшиланиб бораётганини ҳукумат қабул қилган қарорлар, чоп этилган буклет ва плакатлар, рўйхатга олинган нодавлат ташкилотлари сони ва бошқа мисолларда уқтиришга ҳаракат қилди.

Хусусан, бош прокурор ўринбосари Алишер Шарофиддинов қийноқлар масаласига тўхталар экан¸ “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов парламентнинг олтинчи сессиясидаги чиқишида¸ ҳуқуқ-тартибот идораларининг қийноқ қўллашини қаттиқ танқид қилган эди”, дея таъкидлади.

Швеция, Канада ва Британия каби давлатлар ўзбек расмийларининг ҳисоботидан қониқмади чоғи, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан жиддий хавотирлари сақланиб қолаётгани, хусусан, Андижон воқеалари, қийноқлар, болалар меҳнати, сиёсий маҳбуслар каби муаммолар ечимсиз қолаётганини кетма-кет баён қилишди.

- Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашганидан Швециянинг хабари бор. Ўлим жазосининг бекор қилингани каби ўзгаришлар рўй берганини эътироф этсак-да, ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқининг чеклангани, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларга нисбатан таъқиблар давом этаётгани хусусидаги хавотирларимиз сақланиб қолмоқда, деди жумладан Швеция вакили.

Канаданинг кенгашдаги вакили ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотир билдириб, Ўзбекистон ҳукуматига қатор тавсиялар берди.

- Канада Ўзбекистон ҳукуматига қамоққа ташланган барча ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий маҳбусларни озод этиш, жазони ўташ муассасаларида Қизил хоч каби халқаро ташкилотлар томонидан доимий назорат ўрнатилишига имкон бериш, матбуот ва фикр эркинлигини таъминлаш, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишни тавсия қилади, деди Канада вакили.

Бунга жавобан Ўзбекистон вакиллари бундай эътирозлар мутлақ асоссиз экани ва уларнинг кенгаш муҳокамасида кўтарилиши ноўрин эканини уқтира кетди.

- Андижон воқеалари пайтида ҳукумат вазиятни тинч ҳал қилиш учун барча воситаларни ишга солди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан куч ишлатилишига террорчиларнинг ҳаракати сабаб бўлди. Ортиқча куч ишлатилишига оид таъкидлар асоссиздир. Мустақил халқаро текширув ўтказмасликка доир Ўзбекистоннинг позицияси ўзгаргани йўқ, чунки халқаро қонунларнинг ҳеч бирида халқаро текширув ўтказилишига оид талаб йўқдир, деди Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари.

Бундан ташқари, Андижонда халқаро ташкилотлар айтаётганидек бир неча юз одам эмас, 187 киши ҳалок бўлган¸ дея қўшимча қилди Алишер Шарафиддинов.

Шарофиддиновдан кейин сўз олган Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев, ҳукумат қийноқлар масаласига жиддий эътибор қаратаётгани ҳақида гапирди.

- 2001 йилда биз жазони ижро этиш тизимини очиқ, деб эълон қилдик. Ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларига радио, телевидение, нафақат маҳаллий, балки хорижий матбуот вакиллари ҳам доимий равишда бориб турибди. Масалан, Франс пресс, Рейтерс, БиБиСи ва Озодлик радиолари ва бошқа ташкилотлар қатор муассасаларга бориб келишди, деди Ўзбекистон расмийси.

Лекин, жаноб Шодиев хорижий матбуот вакилларининг ўзбек қамоқларига сафари қачон амалга оширилганига ёхуд БиБиСИ ва Озодлик радиоларининг Ўзбекистондан чиқариб юборилганига бир неча йил бўлганлигига тўхталиб ўтиришни жоиз топмади.

Қийноқларга оид чиқишларида Ўзбекистон расмийлари халқаро мутахассислар, жумладан БМТ экспертларини мамлакатга таклиф қилиб, амалга оширилаётган ишлар натижасини намойиш этиш ниятларини билдирди.

Озодлик билан суҳбат давомида бу баëнотга муносабат билдирган БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистон делегациясининг бу гапидан ҳайрон қолганини яширмади.

- Мен бир неча марта Ўзбекистон ҳукуматидан мени таклиф қилишларини сўрадим. Лекин Ўзбекистон ҳукуматидан ҳозирча расман таклифнома олганим йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон вакиллари берган бу маълумотнинг қанчалик ҳақиқат эканига оид шубҳаларни билдиришим лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда қийноқлар ҳали ҳам давом этаётганига оид кўплаб хабарларни оляпман. Тўғри ҳукумат амалга оширган баъзи қадамларни эътироф этишим керак. Лекин уларнинг яширадиган сири бўлмаса, мени таклиф қилишган бўларди, дейди БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси.

Инсон ҳуқуқлари кенгаши иштирокчилари Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосига ҳам тўхталишди.

Бу ҳақдаги саволларга жавоб берган Акмал Саидов “Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига болаларни жалб этиш масаласига келсак, бизда пахта хусусий секторда етиштирилишини алоҳида қайд этишим лозим ва давлатнинг бунга алоқаси йўқ” деди.

Лондондаги Шарқ ва Африка мамлакатлари институтининг таҳлилчиси Алишер Илҳомов, Ўзбекистон расмийсининг БМТ йиғинида куракда турмайдиган бундай ёлғонни тап тортмай айтаётгани, Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал этиш борасидаги ниятининг қанчалар носамимийлигини намойиш қилади, дейди.

- Бу ҳукуматнинг болалар меҳнати муаммосига қанчалик жиддий ёндашаётганига аниқ мисолдир. Агар ўзбек делегацияси БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашида бу ва бошқа муаммоларга оид қандайдир муросали баёнотлар қилганида, ҳукуматнинг ўзгаришларга мойиллиги бор, дейиш мумкин бўларди. Лекин Ўзбекистоннинг муаммолар борлигини инкор қилишда давом этаётгани¸ уларни ҳал қилишга ҳеч қандай хоҳиш йўқлигини намойиш қилади, дейди лондонлик таҳлилчи.

Ўзбекистон делегацияси ҳисоботини олқишлаб, мамлакатда амалга оширилаётган хайрли ишлар учун ўзбек делегацияси тимсолидаги ҳукуматга миннатдорчилик изҳор қилганлар орасида Эрон, Хитой, Куба, Никарагуа, Беларус каби давлат вакиллари бўлди.
XS
SM
MD
LG