Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Қотил миршаблар қамалди


Халқаро кузатувчилар¸ Ўзбекистонни милиция зўравонлиги авжга чиққан жандарм давлати деб аташади.
Халқаро кузатувчилар¸ Ўзбекистонни милиция зўравонлиги авжга чиққан жандарм давлати деб аташади.

Тошкент вилоят суди 30 яшар Музаффар Тўйчиевни қийнаб ўлдирганликда айбланган тўрт милиция ходимини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди.

Лекин марҳумнинг яқинлари ва уларнинг адвокатларининг айтишича¸ Музаффар Тўйчиевнинг ўлдирилишида камида 15 нафар милиция ходимлари иштирок этган ва асосий қотиллар озодликда қолмоқда.

Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими тергов изолятори бошлиғи ўринбосари Абдуқосим Исмоилов 17 йилга, шу ички ишлар бўлимининг бошқа ходимлари Азиз Аҳмедов 15 йилга, Жаҳонгир Ғаниев ва Дилмурод Пайсеновлар 8 йилданга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақдаги ҳукмни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди чиқарди.

Марҳумнинг онаси Зулхумор Тўйчиеванинг сўзларига кўра, шу йилнинг март ойида милиция ходимлари гўёки қидирувда бўлган Музаффар Тўйчиевни ушлаб¸ Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимига олиб келганлар. Лекин ўша куннинг ўзида у тергов ҳибсхонасида калтаклаб ўлдирилган.

- 15 киши урган. Даҳшат. Биз уни дискка тушириб олганмиз. Видеосини кўрсангиз, даҳшатга тушасиз. Битта тананинг 94 жойида жароҳат бўлади-ю¸ инсон соғ қоладими? Шу жароҳати билан ўғлим қандай жон берди экан? Мен шуни тасаввур қила олмаяпман-да, - дейди Зулхумор Тўйчиева.

Зулхумор аянинг айтишича, ўғлини калтаклаб қийнашда 15 нафар милиция ходими иштирок этган. Лекин асосий буюртмачилар ва қотиллар жазодан қутулиб қолди:

- Қотиллар жазодан қутулиб қолди, дейман. Менинг билишимча ва гувоҳларнинг гувоҳлик беришича¸ асл қотиллар Ангренда қолиб кетди. Бу кесилган болалар ИИБнинг Нурободдаги филиалининг болалари. Шулар қамалди. Булар ушлаб¸ олиб борган. Ангренда уриб ўлдиришган. Қотиллар Ангренда қолиб кетди. Битта қотил қамалди, - дейди Зулхумор Тўйчиева.

Зулхумор аяни таажжубга солган яна бир нарса, ушбу қотиллик содир этилган Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи жазоланиш ўрнига, аксинча мансаб пиллапоясидан яна юқори кўтарилган:

- Ўғлимнинг делосидан кейин Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Тошкентнинг қайсидир туманига тергов бўлими бошлиғи бўлиб кетибди. Бирор-бир иш қилсангиз, биринчи тарбия берган ота-онангизни жазолайди. Нега улар жазодан нарида қолиб кетди - мен билмайман, - дея аламланади Зулхумор ая.

Марҳум Музаффар Тўйчиевнинг онаси суд ҳукмидан қониқмаганини айтар экан, адолатни қарор топтириш ва бошқа қотиллар жавобгарликка тортилиши учун шикоят аризаси билан юқори суд идораларига мурожаат қилишини айтади:

- Биз суд ҳукмидан қониқмадик. Даъвомни эътиборга олмади. Фуқаролик судига мурожаат қиласизлар, деди. Менга Тошкентга бориб келишнинг ўзи бўлгани йўқ. Музаффар тўнғич ўғлим эди. Ундан қолган учта неварам бор¸ хотини бор. Буларга уй солиб беришим керак. Болаларини қарамоғимга олишим керак. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Ҳақиқат йўқ экан-да. Ҳақиқатни қидираман, десангиз ë гўрга кирасиз¸ ë гадой бўласиз, - дейди Зулхумор Тўйчиева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари аляньси ҳам суд жараёни давомида Тошкент вилоят судини бир неча бор пикет қилди. Улар суддан Музаффар Тўйчиевнинг барча қотиллари жавобгарликка тортилишини талаб қилган эдилар.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, суд раиси уларнинг талабларини инобатга олган эди. Лекин, дейди Елена Урлаева¸ суд ҳатто гувоҳларнинг аниқ кўрсатмаларини ҳам ҳисобга олмади:

- Суд жиноятчиларга нисбатан қийноқлар ва қасддан одам ўлдириш моддаларини қўлламасдан, атайин бошқа моддаларни қўллади.

Шунингдек суд, Музаффарнинг ўлимида айбдор саналган асосий одамларни ва раҳбар ходимларни жавобгарликдан яшириб қолди. Биз энди адолатни апелляция судидан кутиб қоламиз, - дейди Елена Урлаева.
XS
SM
MD
LG