Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:48

Мардикор бозорида харидор суст


Ўзбек расмийлари чегарадан ўтказмай қўйишидан чўчиган мардикорлар юзларини тескари ўгириб расмга тушишни маъқул кўрадилар.
Ўзбек расмийлари чегарадан ўтказмай қўйишидан чўчиган мардикорлар юзларини тескари ўгириб расмга тушишни маъқул кўрадилар.

Ўш вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларидаги мардикор бозорларида қишда ҳам одам гавжум. Бу одамлар, асосан, Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида истиқомат қиладилар.

Мардикорларнинг айтишича, совуқ тушиши билан ишлар ҳам озайиб қолган.

- Иш йўқ ҳозир. Келяпмиз мана, иш йўқлиги учун бекор турибмиз. Гоҳида туриб-туриб, қайтиб кетаяпмиз. Иш бўлса бўлади, бўлмаса йўқ, - дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Аммо уч-тўрт танга топиш илинжида ўзбек мардикорлари Қирғизистон жанубидаги мардикор бозорларига келишни қўймаяптилар.

- Қиш кунлари ишсиз асосан бўламиз, иш чиқиб қолса, қиламиз, бўлмаса, йўқ. Ёзи билан ишлаб озгина пул тўплаб қўйганмиз, ўшанга битта-иккита ҳайвон олиб қўйсангиз, ўшаларни сотиб, шу билан тирикчилик қиласиз-да, бошқа нима бор, - дейди бошқа бир суҳбатдош.

Мардикорларнинг эътироф этишларича, улар асосан дала ва қурилиш ишларини бажарадилар. Бироқ совуқ тушиб, ишлар озайганидан кейин улар ҳар қандай ишни қилиб кетаверишга тайёр бўладилар.

- Иш тури ҳар хил, ўзи келиб айтади-да мана бундай иш бор, деб. Томорқани чопиш керак, ё бўлмаса ўтин қилиш керак ёки яна бошқа иш, дейди - шунга қараб ишлайверамиз. Вақти келса, уй оқладик, чоп деса, экинини чопдик. Устачилик, ғишт қуйиш, бетон қуйиш бўлса қиламиз, одамларнинг шу каби ишларини бажариб тирикчилик қилиб турибмиз, - дейди суҳбатдошларимизнинг яна бирови.

Мардикорлар Ўзбекистонда қурилиш ишларига борганларини, бироқ у ерда одам кўплигидан иш топа олмаганларини айтадилар.

- Ишхоналарга борсанг, одам кўп ҳозир, одам керакмас, деяпти. Коллежлар қурилаяпти, борсак, ишчи керакмас, ўзимиз айтамиз, дейишади. Энди қачон айтади - унисини Оллоҳ билади, - дейди исмини айтмаган яна бир суҳбатдош.

- Мактаб, коллежларда ишладик. Қурилишлар битгунича 3-4 ой иш бўлди, шу каби ишларни қилдик, бетон қуйдик, девор урдик. Улар вақтинча экан-да, 3-4 ойдан кейин тўхтади. Қурилишга борайлик, десак, ҳамма ерда одам тўлиб кетган. Иложсизликдан мана шу ерга ўтиб ишлаяпмиз, - дейди унинг шериги.

Айтиб ўтиш жоизки, сўнги пайтларда қирғизистонлик иш берувчилар орасида ўзбекистонлик мардикорларга нисбатан талаб кучайган. Ўшлик сиёсий кузатуви Ғанижон Холматов буни қирғизистонлик қурувчиларнинг жуда кўпи хорижга иш излаб кетгани ва ўзбекистонликларнинг маҳаллий мардикорларга нисбатан арзон ҳақ эвазига ишлаши билан изоҳлайди:

- Қирғизистондаги қурувчи-усталарнинг кўплари Россияга, Қозоғистонга кетиб қолганлигидан Ўзбекистондан ўтиб ишлаётган усталарга талаб кучайди. Айниқса, яқинда бўлган зилзилалардан кейин юздан ортиқ уйларимизнинг бузилиши ўз-ўзидан ана шу усталарга эҳтиёжни пайдо қилди. Уларнинг арзон-гаровга ишлаши ҳам қирғизистонликларга қўл келмоқда, - дейди Ғанижон Холматов.
XS
SM
MD
LG