Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:42

Халқ нохуш хабарлардан асралади


Жаҳон газеталари уюшмасининг матбуот эркинлиги куни муносабати билан чоп этган бу карикатурасида тасвирланган каби¸ ўзбек расмийлари ҳам журналист ëзадиган ҳар бир сўзни олдиндан текширишни ўзларига касб қилишган.
Жаҳон газеталари уюшмасининг матбуот эркинлиги куни муносабати билан чоп этган бу карикатурасида тасвирланган каби¸ ўзбек расмийлари ҳам журналист ëзадиган ҳар бир сўзни олдиндан текширишни ўзларига касб қилишган.

Ўзбекистон журналистлари давлат корхоналарини мақташ ёки танқид қилишдан аввал уларнинг молиявий вазияти ҳақида расмий ҳисобот олишлари керак. Мамлакатда киритилган ушбу янги тартиб ҳақида Қирғизистон ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Қирғизистон ахборот агентлиги қўлга киритган маълумотга кўра, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига банкротга учраган давлат корхоналари ҳақида ёзиш таъқиқланди.

Давлат корхоналари ҳақида ёзишдан аввал журналистлардан уларнинг молиявий аҳволи ҳақида тегишли идоралардан расмий маълумот олиш талаб этилади.

Мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи идора Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вакиллари бундай тартиб жорий этилганини инкор қилмоқда.

Агентлик вакили Ўткир Зокиров бундай тартиб мамлакатда қабул қилинган Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликка тўғри келмаслигини таъкидлайди.

- Оммавий ахборот воситалари тўғрисида қонунимиз бор. Бундан ташқари яна бир қанча қонунларимиз бор. Уларнинг бирортасида фақат шунақа маълумотга эга бўлгандагина ëзиш мумкин деган гап йўқ.

Чунки бу ерда гап танқидий материал тўғрисида кетиши мумкин¸ айнан молиявий аҳволни танқид қилиш учун олинган бўлиши мумкин. Шунинг учун бунақа ҳужжат чиққанидан менинг хабарим йўқ.

Материал ижобий бўлган тақдирда ҳам¸ салбий бўлган тақдирда ҳам нега у молиявий аҳвол тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиши керак? Нега? Ахир бу тўғри эмаску¸ дейди Ўткир Зокиров.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вакили Ўткир Зокиров оммавий ахборот воситалари учун киритилган янги тартибдан бехабар қолмаганмиканман деб, ўз ҳамкасблари билан ҳам маслаҳатлашиб олди.

- Мен ҳозир бехабар қолдиммикан деб¸ шу тизимни биладиган ўртоқлардан сўрадим. Улар ҳам бунақа нарсани ҳеч қаерда кўрмаганмиз деб ҳайрон бўлишаяпти.

Ҳозир текширишлар анча тартибга солиб қўйилган. Ҳар ким ҳам бориб текширавермайди. Бунинг устига молиявий ҳужжат ҳар кимга берилавермайди. Шунинг учун ҳам бу тўғри эмас¸ дейди Ўткир Зокиров.

Расмийларнинг инкор қилишига қарамасдан¸ маҳаллий журналистларнинг матбуот эркинлигини чекловчи навбатдаги тартибнинг жорий этилиши эҳтимоли унча ҳайрон қолдирмади.

Мустақил журналист Алексей Волосевич мамлакатда танқидий материалларга мутлақо таъқиқ жорий этилганидан хабари борлигини айтади.

- Ҳеч нарса ўқимасдан ва тасдиқламасдан вазият айнан шундай деб ёзаверишингиз мумкин. Чунки бизда салбий характерга эга ҳар қандай ахборотга нисбатан расман таъқиқ амал қилади¸ - дейди Волосевич.

Бироқ янги таъқиқ корхоналар ҳақида нафақат салбий¸ балки ижобий ахборотга ҳам маълум даражада чеклов киритилганини англатади.

Маҳаллий матбуот ва телевидение мамлакатда гуркираб ривожланаётган кохоналар ҳақида ахборот берар экан¸ мамлакатнинг умумий ижобий имиджини яратишга ҳаракат қилиб келади.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, сўз эркинлиги мавжуд бўлмаган шароитда ҳукумат кўраётган сўнгги эҳтимолий чора коррупцияга ботиб кетаётган журналистларнинг бир оз танобини тортиб қўйиш сифатида қабул қилиниши мумкин.

- Масалан¸ менинг бундай тартибнинг жорий қилинганига мутлақо шубҳам йўқ. Чунки вақти-вақти билан журналистларнинг материалларни бежаб кўрсатиш¸ фактларни яшириш ëки кўпиртириб кўрсатиш мақсадида қилинган таъмагирлик ҳолатлари кўп учрайди.

Шунинг олдини олиш мақсадида¸ газеталарнинг муҳаррирларидан иборат муҳаррирлар кенгаши деган гуруҳнинг ўзи қарши чиқиб¸ солиқ идораларига ëки статистик идораларга ташаббус билан чиқиб¸ шуни амалиëтга тадбиқ этмоқчи бўлишади. Лекин бу нарса барибир ўзини оқламайди ва муаммо муаммолигича қолаверади.

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги¸ ахборот эркинлиги йўқ бўлганлиги учун журналистларнинг аниқ фактларни ëрита олмаслик муаммоси аввалгидай қолаверади.

Бу ерда муҳаррирларнинг мақсади матбуотни бўғиш ëки журналистларга ишонмаслик эмас¸ балки уларнинг фактларига янада аниқлик киритиш¸ таъмагирликнинг олдини олиш¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон матбуотида собиқ шўро даврининг анъаналарига биноан бирор ташкилотни ва ҳатто бутун бир вилоятдаги вазиятни керак бўлса мақташ ва керак бўлса ер билан яксон қилиш амалиёти сақланиб қолаётганини кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG