Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:56

Муҳожирлар оқими ортга қайтмоқда


Янги йил арафасида Москванинг Қозон вокзали кўч-кўронини ортмоқлаб ватанига қайтаëтган марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари билан лиқ тўлиқ.
Янги йил арафасида Москванинг Қозон вокзали кўч-кўронини ортмоқлаб ватанига қайтаëтган марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари билан лиқ тўлиқ.

Россия, Қозоғистон ва Жанубий Кореяда иқтисодий инқироз кескинлашиб борар экан, бу юртлардаги юз минглаб ўзбек мардикорлари ўз ватанига қайтиб кетмоқда.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи таҳлилчиларига кўра, бундай ҳолат Ўзбекистондаги ишсизлик ва қашшоқликни янада кучайтиради ва пировардида ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин.

Маҳаллий кузатувчилар эса, шу муносабат билан мамлакатда ҳуқуқ-тартибот идоралари тазйиқининг фаоллашувини башорат қилмоқда.

Қозоғистонда кўпдан буён меҳнат қилиб келаëтган Зафар ака мамлакатдаги вазият кўплаб ўзбек мардикорларини уйларига қайтишга мажбур қилганини тасдиқлайди.

- Ишлаган билан пул йўқ. Кўпи қайтиб кетаяпти¸ иложи йўқ. Қайтмаганни қайтаришаяпти. 60-70 фоизи қайтган¸ дейди Зафар ака.

Тошкент – Москва йўналишидаги поездида проводник ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган Лола опа ҳам Россиядан қайтаётган мардикорларнинг шу кунда сон-саноқсиз эканини айтади.

- Ҳамма Ўзбекистонга қайтиб келаяпти. Бу ердан ҳозир ҳеч ким кетмаяпти. Поездлар бўм-бўш кетаяпти. Келишда бўлса жуда ҳам одам кўп.

Паспортини йўқотиб қўйганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Келолмасдан¸ пул тополмасдан қолиб кетганлар ҳам кўп. Ишлаб пулини ололмасдан ҳоли хароб бўлиб юрганлар ҳам Москвада жуда ҳам кўп¸ дейди Лола опа.

Жанубий Корея меҳнат бозоридаги вазиятни Сеул яқинидаги қарийб тўхтаб қолган заводлардан бирида ишлаётган Умиджондан кўра ҳеч ким яхшироқ тасвирлаб беролмаса керак.

- Иш йўқ. Юрибмиз у ëқни тозалаб¸ бу ëқни тозалаб. Ўзи 8 соатлик иш куни. Шунинг 3-4 соатида ишлаймиз. Қолган пайтда юриб у ëқ бу ëқни тозалаймиз. Олти киши эдик¸ икки кишига қисқартиришмоқчи.

Кўпчилик иш йўқлиги учун қайтиб кетаяпти. Умуман ҳозир корейсларнинг ўзига иш йўқ. Жуда катта компанияларнинг кўпи ëпилиб кетган¸ инқирозга учраган¸ дейди Жанубий Кореядаги заводларнинг бирида меҳнат қилаëтган Умиджон.

Расмий ва норасмий маълумотларга кўра, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 4 миллиондан 7 миллионгача бўлиши мумкин.

Халқаро таҳлилчилар¸ кўп сонли меҳнат муҳожирларнинг қайтиши оқибатида Ўзбекистондаги ижтимоий вазиятнинг таранглашувини башорат қилаётган бўлса, бундай эҳтимолга суҳбатдошларим бир қадар ишончсизлик билдирдилар.

- Ўзи аслида бу ëққа ишсизликдан келишган. Энди қайтиб кетиш... Менимча энди қаерда иш бор деб бошқа йўлини излашади.

Озодлик: Қайтиб кетган одамлар Ўзбекистонда иш йўқлигидан норозилик қилишлари мумкинми?

Умиджон: Энди билмадим. Шу пайтгача Ўзбекистонда ҳеч кимда норозилик бўлмаган. Нима қиларди шу эски ҳаммом¸ эски тос деганларидай деҳқончилигини қилиб юрадида.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг янги йил арафасида оммавий тарзда Ўзбекистонга қайтиши ҳар йили кузатиладиган ҳолат.

- Янги йилга яқин вақтда ҳамма қайтади. Биласизми¸ янги йил арафасида умуман билет сотиб олиш имконсиз бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозир ҳамма муҳожир инқироз туфайли юртига қайтиб кетаяпти¸ деб айтмаган бўлардим.

Кўрамиз, баҳорда улар қайтиб Ўзбекистонни тарк этишадими ёки йўқ. Менимча, ҳамма нарса баҳорда ойдинлашади¸ дейди Санобар Шерматова.

Қозоғистон ва Кореяда меҳнат қилаётган Зафар ака ва Умиджон инқироз даврини ўша ерларда ўтказишга аҳд қилган.

"Кореядаги иқтисодий бўҳронни барибир ҳам Ўзбекистондаги вазият билан таққослаб бўлмайди"¸ деб изоҳлайди бу қарорини Умиджон.

- Нима энди Ўзбекистонда 16-17 йилдан бери иқтисодий бўҳрон бўлиб ëтибди¸ ҳеч нарса бўлгани йўқку. 3-4 ойга ҳеч нарса қилмайди¸ дейди Умиджон.

Жаҳон бўйлаб кузатилаётган иқтисодий бўҳрон шароитида Ўзбекистонда ҳам корхоналарнинг ёпилиши ва ишчилар сонининг қисқартирилиши бошланди.

Ўзбекистондаги ишчилар армиясига хориждан келган ишсиз мардикорларнинг қўшилиши¸ ҳукумат учун жиддий бош оғриққа айниши мумкин.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев мамлакатда қўшимча иш жойлари ташкил этилмаса ҳам Каримов ҳукуматининг ижтимоий портлашга йўл қўймаслигини айтади.

- Ўзбекистон ҳукуматининг қўлидан келадиган бирдан-бир нарса халқни қаттиқ таъқиб остига олиб¸ итоатда сақлаш. Қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди.

Келган муҳожирлар ҳам¸ албатта¸ норозилик билдиради. Мамлакатдан чиқиб кетиб¸ бир йил ишлаб келган одам ҳеч қачон Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитига рози бўла олмайди. Барибир норозилигини билдираверади.

Лекин ҳозирги Ўзбекистон шароитида ижтимоий портлашга етиб бормайди. Чунки улар болаларини¸ қариндошларини ўйлаган ҳолатда ҳар қандай йўл билан бошқа мамлакатга чиқиб кетишга ҳаракат қилади¸ дейди таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев.

Ғарблик таҳлилчилар жорий молиявий ва иқтисодий бўҳроннинг камида келаси йил ёзигача давом этишини башорат қилмоқда.

Шу боис келаси йилнинг бутун дунë қатори ўзбекистонликлар учун ҳам ҳақиқий синов йилига айланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG