Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Ғазо бомбардимони давом этмоқда


Халқаро ҳамжамият Ғазода гуманитар бўҳрон бошланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Халқаро ҳамжамият Ғазода гуманитар бўҳрон бошланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, Исроил ҳарбий учқичлари Ғазодаги Ислом университети ва Ҳамасга қарашли бошқа биноларга зарба берган. Ҳужумлар уч кундан бери давом этмоқда.

Мана уч кундирки Исроил ҳарбий учқичлари Ғазода Ҳамас иншоотларини нишонга олмоқда.

Аввалроқ Исроил томони Ғазо минтақасида ўтказилган ҳарбий амалиётлар давомида Ғазо минтақаси таъминоти учун муҳим бўлган 40 дан зиёд ер ости йўлакларнинг бомбардимон қилингани ҳақида маълумот берганди.

Фаластинликларга кўра, Исроил ҳужуми оқибатида 300 га яқин тинч фуқаро нобуд бўлган 700 дан зиёд одам жароҳатланган.

Исроил ҳамласига жавобан Ҳамас жангчилари Исроил томонга ракета ҳужумини кучайтирган.
.
Исроил Ҳамас гуруҳини ер ости йўлаклар орқали Ғазога қурол олиб ўтаётганликда айбламоқда ҳамда Ғазо минтақасида кенг кўламли ҳужум бошлаш билан таҳдид қилаётир.

-Бугун эрталаб Исроил вазирлар маҳкамаси заҳирадаги аскарларни сафарбар қилишга қарор қилди.

Ҳамаснинг ҳарбий машинасига қарши амалга оширган дастлабки зарбаларимиз муваффақиятли якунланди. Бироқ шунга қарамасдан Ғазо минтақасида Ҳамас ҳамон салмоқли ва таҳликали куч бўлиб қолаётгани борасида шубҳа қилмаймиз,- деди Исроил бош вазирининг расмий вакили Марк Регев.

Ҳамас мулозими Фаузи Барҳом Исроил ҳужумлари борасида Ҳамас баёнотини эълон қилди.

-Бу Ғазога ва бизнинг халқимизга қарши очиқдан очиқ урушдир.

Бизнинг қаршилигимизни синдиришга қаратилган Ҳамасга қарши ушбу уруш сионист душманга қаршилик кўрсатишга, халқимизни ва оилаларимизни, Фаластин диёрини ҳимоя қилиш учун қилган аҳдимизни кучайтиради.

Биз ўзимиздаги барча воситалар билан қаршилик кўрсатамиз, шу жумладан бу ҳужумларга жавобан шаҳидлик амалиётларимизни давом эттирами,- деди Ҳамас вакили.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ҳамда Бирлашган миллатлар ташкилоти бир-бирига адоватда бўлган томонларни зўравонликларни тўхтатишга чақирмоқда.Шунингдек, Халқаро ҳамжамият зўравонликлар авж олиши оқибатида гуманитар вазиятнинг кескинлашиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.


Якшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда мажлис ўтказиб, зўравонликларни дарҳол тўхтатиш ва гуманитар бўҳроннинг олдини олиш, жумладан, Ғазо билан чегара пунктларини очиб, у ерга озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлашга чақирди.

Айни пайтда, Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлмиш Қўшма Шататлар авж олган зўравонлик учун масъулиятни Ҳамас гуруҳига юклади.

Араб давлатлар лигаси эса вазиятни муҳокама қилиш мақсадида чоршанба куни фавқулодда йиғин ўтказишни режалаштирди.

Хабарларга кўра, Исроил ҳужумларига жавобан Сурия ҳукумати бу давлат билан билвосита ўтказилган тинчлик музокараларни тўхтатган.

2008 йил давомида Туркияда Сурия ва Исроил ўртасида тинчлик музокараларининг тўрт давраси ўтказилган эди.

Эрон давлат телевидениесининг хабар қилишича, мамлакатнинг Қизил ярим ой жамияти Ғазо минтақаси учун мўлжалланган 50 тонна инсонпарварлик ёрдамини Миср орқали жўнатган.

Қизил ярим ой жамиятининг интернет сайтида маълум қилинишича, инсонпарварлик ёрдами асосан озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлардан иборат.
XS
SM
MD
LG