Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Сукут - кутиш аломати


Ислом Каримов ва Дмитрий Медведев ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишончдан кўра¸ ишончсизлик устунлик қилаëтган кўринади.
Ислом Каримов ва Дмитрий Медведев ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишончдан кўра¸ ишончсизлик устунлик қилаëтган кўринади.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг илк расмий ташриф билан Тошкентга келаëтгани¸ тизгини Оқсарой қўлида бўлган маҳаллий матбуот томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.

Ҳукумат кўрсатмасига биноан фаолият юритадиган маҳаллий матбуот шу тариқа президент Каримовнинг Кремлнинг янги хўжайинига муносабатини акс эттираётгандек.

Зеро, ўзбек матбуоти Оқсарой кайфиятидаги катаю кичик ўзгаришларнинг бевосита ифодасидир.

Россия постсовет ҳудудидаги энг қудратли давлат сифатида эътироф этилса-да, бу давлат президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистоннинг шўро ва мустақиллик давридаги раҳбари Каримов учун қизил галстук тақиб олган пионердай кўринаётган бўлса ажаб эмас.

Президент Медведевнинг Тошкентга илк сафаридан аввал маҳаллий телевидение юқори мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон – Россия муносабатларига бағишланган анъанавий лавҳаларни эфирга узатаётгани йўқ.

Оқсаройнинг Россияга эмас, кўпроқ бадавлат араб дунёси ва саҳоватли Осиё давлатларига кўз тикаётганини ҳам айнан маҳаллий телеканаллар элга ошкор қилмоқда.

- Ўзбекистон билан Жанубий Корея муносабатлари ҳақида гап борар экан¸ биринчи деган сўз билан боғлиқ жиҳатлар тез-тез тилга олинади. Бу мамлакат 1992 йилда Осиë тинч океани минтақасидаги давлатлар ичида биринчи бўлиб юртимиз мустақиллигини тан олган. Ўзбекистон президенти мазкур минтақадаги...

- Жўғрофий жиҳатдан бир-биридан олисда жойлашган бўлишига қарамасдан¸ бугун Малайзия Ўзбекистоннинг жануби-шарқий Осиëдаги энг ишончли ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Албатта¸ эркин матбуот ҳимоячилари ҳукумат телевидениени Россия борасида ҳам шундай махсус репортажларни тайёрлашга мажбур қилишини ёқламайди.

Шунчаки, собиқ совет давридан буён Ўзбекистон матбуоти аввал партия¸ кейин ҳукуматга бўйсундирилган. Бу ҳақда Москвадаги сиёсатчилардан кўра ким ҳам яхшироқ биларди.

Бу борада фикр билдирган Россия Госдумаси қошидаги МДҲ масалалари бўйича қўмитаси раҳбари ўринбосари Константин Затулин ўзбек матбуотининг интизомга қатъиян риоя қилишини таъкидлайди.

- Менинг фикримча, Россия ва Ўзбекистон ҳозирча ташриф натижаларини тўлиқ тасаввур қилолмаяпти. Бу учрашув Ўзбекистоннинг ЕврАзЭС дан чиқиб кетиши ортидан ўтказилмоқда.

Бу масалани сўзлашувлар давомида четлаб бўлмайди. Шунинг учун интизомга риоя қиладиган ўзбек матбуоти ташриф борасида ҳар қандай изоҳ беришдан тийилиш ҳақида кўрсатма олган кўринади¸ дейди Россия Давлат думаси депутати.

Маҳаллий журналист Сергей Ежков эса Медведевнинг келишига бир-икки кун қолганда матбуотнинг бу борада тилга киришини инкор этмайди бироқ, президент Каримовнинг Медведевни Россия раҳбари сифатида қабул қилмаётгани кўпчилик журналистларга маълум дейди у.

- Каримов Медеведевни очиқ ва ўзаро ишонч асосида мулоқот қилишга лойиқ ўзига тенг одам сифатида қабул қилмайди. У Медведевнинг бир қўғирчоқ эканини тушунади. Унинг бу муносабати бутун мамлакат матбуотида акс этади¸ дейди Сергей Ежков.

Яна бир мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов президент Медведевнинг ташрифи борасида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги сукунатни¸ журналистларнинг Оқсарой ташқи сиёсатини тушунолмай довдираб қолаётгани билан боғлайди.

- Ўзи кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари ниҳоятда омонат бўлиб қолди. Шу нуқтаи назардан¸ бу ерда стратегия ëки маълум бир 3-4 йил кейинги мўлжал йўқ.

Айниқса¸ Россияга янги президент келгани билан муносабатлар анча совиди. Энди буни яшириб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан матбуотда Россия билан муносабатларга урғу бериш даражаси анча пасайган эди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Тезкор гуруҳ” таҳлилий маркази вакили Суҳроб Исмоиловнинг фикрича¸ аксинча Россия билан алоқаларни совуқлаштираётган расмий Тошкент нима қилаётганини аниқ англаётир.

Матбуот вакилларига Медведев ташрифи борасида жар солмаслик буйруғи ҳам аниқ мақсадда берилган дея давом этади таҳлилчи.

- Ҳозирги даврда Ўзбекистон ҳукумати Ғарб давлатлари билан¸ асосан ЕИ ва АҚШ билан муносабатларни қайтадан оëққа қўймоқчи¸ янгиламоқчи. Шунинг учун Россия билан келишувларнинг кўпчилиги ОАВлардан сир тутилади.

Иккала давлатда ҳам ҳозир нодемократик сиëсий раҳбарият ҳукмрон. Шунинг учун биз ҳозирги вазиятда Ўзбекистон Россия учун¸ Россия эса Ўзбекистон учун сиëсий ҳамкор бўла олади деб ўйламаймиз.

Бизнингча¸ ҳозирги вазиятда Россия ҳеч нарса бера олмайди. Чунки Россиянинг ўзида иқтисодий аҳвол танг.

Россиядаги иқтисодий вазият оғир эканидан расмий Тошкент жуда яхши хабардор, дейди Суҳроб Исмоилов.


Қозоғистонда матбуот иқлими совумоқда


Комила Собирова


Ўтган йили Қозоғистон Сенати матбуот эркинлиги бўйича аксар нодавлат ташкилотлари томонидан тақдим этилган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш зарур, деган қарорга келган эди.

Бироқ бу сафар қозоқ депутатлари нодавлат ташкилотлари вакилларининг Қозоғистон “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги амалдаги қонуни халқаро талабларга жавоб бермаслиги ва сўз эркинлигини чеклаши каби танқидлари остида қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишга киришдилар.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муаллифларидан бири “Одил сўз” ташкилоти раҳбари Тамара Калееванинг айтишича, мазкур қонунни либераллаштириш бўйича нодавлат ташкилотлари ва расмийлар ўртасидаги тортишув бир неча йилдан бери давом этиб келмоқда.

Шунга қарамай, Калеевага кўра, парламент депутатлари журналистлар ҳақ-ҳуқуқларини чекловчи моддаларни бекор қилишдан бош тортмоқда.

- Аввало, даъво аризасининг муддатини чеклаш. Бугунги кунда бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ. Журналистни бундан 10 йил аввал ёзган мақоласи учун ҳам судга беришлари мумкин.

Иккинчидан, туҳмат ва ҳақорат айбловини жиноий айбловлар қаторидан олиб ташлаш. Биз уларнинг фуқаровий мубоҳасалар қаторига киритилишини талаб қилаяпмиз.

Учинчидан, маънавий зарар бўйича жарималар ҳажмини белгилаб қўйишни сўраяпмиз. Чунки мақолада бирор кишини ҳақоратлагани учун журналистдан миллион, баъзан эса миллиард танга (қозоқ тангаси назарда тутилаяпти) миқдорида жарима товон пули талаб қилиш ақлга сиғмайдиган иш, - дейди Тамара Калеева.

Бироқ у¸ матбуот эркинлиги бўйича нодавлат ташкилотларнинг талаблари қозоқ депутатлари томонидан тўла инобатга олинишига ишонч йўқлигини қўшимча қилади.

Аснода “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши¸ Қозоғистонда фаолият юритаётган аксар хорижлик журналистларни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ.

“Ал-Жазира” ахборот агентлигининг Қозоғистондаги мухбири Жоанна Лилиз Озодликка мана буларни айтади:

- “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун хорижлик журналистлар, улардан кўра кўпроқ маҳаллий журналистларга ҳам таъсир қилади.

Ҳозир Қозоғистонда нафақат сўз эркинлиги, балки бутун сиёсий тизим кучли назорат остида. Журналистларнинг бу мамлакатда фаолият юритиши кун сайин тобора қийинлашиб бормоқда. Ҳар бир қадамда эҳтиёт чораларини кўришимиз шарт.

Биз бу мамлакатнинг ЕХҲТ га раислигини ижобий қадам, деб ҳисоблаймиз, аммо унинг мазкур ташкилотдаги раислиги мамлакатда сўз эркинлиги, хусусан, бутун сиёсий вазиятнинг яхшиланишига тез таъсир қила олади, деган фикрдан йироқмиз, дейди хорижлик журналист Жоанна Лилиз.

“Немис тўлқини” радиосининг Қозоғистондаги журналисти Анатолий Вайскопфнинг айтишича эса, қозоқ расмийларининг янги қонунни либераллаштиришини кутиш бефойда. Бунинг устига...

- Қозоғистон ОАВ ларида жуда ўзини-ўзи қаттиқ цензура қилиш ҳолати пайдо бўлди. Ҳатто журналист бирор мақола ёзса ҳам, бош муҳаррирлар расмийларнинг нашрни ёпиб қўйишларидан чўчишиб, уларни чоп этмасликни афзал билишаяпти.

Ўз-ўзини цензура қилиш нафақат маҳаллий, балки мамлакатда фаолият юритаётган хорижий ОАВлари журналистларида ҳам кучайиб боради.

Чунки уларнинг ҳаммаси ўз иш жойларини йўқотиб қўйишдан хавфсирайдилар, - дейди “Немис тўлқини” радиосининг Қозоғистондаги мухбири.
XS
SM
MD
LG