Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:31

Ўзбеклар демократия машқида


Карнай-сурнай садолари остида хурсандчилик билан бошланган ўзбеклар йиғини жанжалга айланади, деб ҳеч ким кутмаган эди.
Карнай-сурнай садолари остида хурсандчилик билан бошланган ўзбеклар йиғини жанжалга айланади, деб ҳеч ким кутмаган эди.

Ўш вилоят Қорасув туман Ўзбек миллий маданий марказининг ҳафта якунида ўтказилган навбатдан ташқари қурултойи эҳтирос, жанжал ва тўполонларга бой бўлди.

Кузатувчиларга кўра, қурултой ўзбек миллатига мансуб раҳбарларнинг ўзаро келиша олмаслиги, ҳар ким кўрпани ўзига тортиши, бунинг оқибатида эса оддий ўзбек муаммолари четда қолиб кетаётганига ёрқин мисоллардан бири бўлди.

Қурултой кун тартибига туман ўзбекларининг муаммоларини муҳокама қилиш, миллий марказ раҳбарияти ҳисоботини тинглаш ва марказнинг янги раисини сайлаш каби бир қатор масалалар қўйилган эди.

Аввалига Қорасув туман ўзбек милий маданий маркази раиси Обиджон Тожибоевнинг бир неча йиллик ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг залда ўтирган бир неча аёллар шовқин кўтариб тадбирни бузди. Уларни тинчлантиришга бир соатдан ортиқ вақт кетди.

- Ўзимизнинг ўзбек миллатидан чиққан раҳбарларимиз Аҳмад полвон Раҳимов ва Иномжон Абдурасуловнинг йиғилишда ўтирган беш-олти нафар тарафдори қурилтой йўналишини ўз манфаатлари ўзанига бурмоқчи бўлаётир. Ҳозирги жанжални бошқача изоҳлаш мумкин эмас.

Сизлардан илтимос, акалар, элни бўлманглар. Жанжал кўтарган опаларни мен жуда яхши биламан. Биз бу ерга халқ муаммосини муҳокама қилиш учун тўпланганмиз. Иномжон ёки Аҳмад полвон манфаати учун қарор чиқаришга келган эмасмиз.

Ватанимизнинг, халқимизнинг муаммосини кўтариб чиққани, келажакда нима ишлар қилишимиз кераклигини аниқлагани тўпланганмиз, деди Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази раиси Жалолиддин Сирожиддинов одамларни тинчликни сақлашга чақирар экан.

Шундан сўнг одамлар бироз тинчлангандек бўлди ва кун тартибга қўйилган масалалар кўрилди.

Қурултой якунида Қорасув туман ўзбек миллий маданий маркази раислигига Обиджон Тожибоев ўрнига унинг фамилиядоши Авазбек Тожибоев раис этиб тайинлади.

Қурултойдан сўнг биз анжуман ҳақидаги фикрларни ўрганиш мақсадида делегатлар билан суҳбатлашдик.

Айтиб ўтиш лозимки, биз билан суҳбалашган қурултой иштирокчилари ўз исмларини айтишни истамадилар.

- Бу ерда барча бир бири билан талашди. Ўзбеклар нимани кўзлаб қурултой ўтказаётганини ҳам тушунмай қолдим. Бирининг гапи иккинчисига тўғри келмайди.

Бу қурултойга ўзбекларнинг хуқуқини ҳимоя қилиш, одамларни иш билан таъминлаш, миллий кадрлар масаласини муҳокама қилиш мақсадида йиғилган эдик. Булар эса ўзлари билан ўзлари талашмоқда, деди биринчи суҳбатдошимиз.

- Барча амалдор ўзбекларнинг фикри “мен раис бўламан, мендан бошқаси бўлмайди”, қабилида қолипланиб қолибди. Қурултойда мана шунинг гувоҳи бўлдим.

Анжуманда тўйларни тартибга солиш, ўзбек кадрлари масалаларини кўтармоқчи эдим. Негаки, бугунги кунда ички ишлар тузилмаларида ўзбеклар деярли йўқ.

Ўзбеклар Қорасув туман аҳолисининг асосий кўпчилигини ташкил қилади. Шунинг учун ҳам қурултойда амал талашиш ўрнига ўз ҳуқуқларимиз учун курашиш йўлларини муҳокама қилишимиз керак эди,-деди иккинчи суҳбатдош.

- Мен қурултойда биринчи маротаба иштирок этяпман. Шу пайтгача қурултойларда иштирок этмаганман. Мен қурултой бундай расво бўлади, деб ўйламаган эдим. Менга умуман ёқмади.

Одамларимизда ўзини тутиш, бир бирига бўлган ҳурмат, маданият, этика деган нарсалар умуман йўқ. Агарда икки машҳур раҳбар келиша олмаса, халқимизда ўзаро ҳурмат бўлмаса, биз ўзбеклар хеч қачон бирдамлигимизни кўрсата олмаймиз, деди қурултойнинг яна бир иштирокчиси.

Бироқ қурултой ташкилотчилари бу борада бошқача фикрдалар. Қирғиз парламентининг собиқ депутати, қурултой ташкилотчиси Иномжон Абдурасулов анжуман демократик руҳда ўтди, деб ҳисоблайди:

- Кўп масалаларни муҳокама эта олмаган бўлсак ҳам, қурултой кўнгилдагидек ўтди. Ўзбек миллий марказининг аввали таркиби яхши ишламаган эди. Шунинг учун янги таркибга ёшларни сайладик.

Умуман қурултой демократик руҳда ўтди десак бўлади. Авваллари делегатлар тайёр рўйхат бўйича сайланиб, ҳамма бир овоздан қўл кўтарар эди.

Демократик руҳда ўтган қурултойда эса озгина тортишув, келишмовчилик бўлади. Шундан сўнг муросали бир йўл топилади, деди Иномжон Абдурасулов.
XS
SM
MD
LG