Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Ўзбеклар руслашмоқчи


Агар Қирғизистондаги ўзбек миллий маркази раҳбарлари кўзлаган ният амалга ошса, қирғизистонлик ўзбек болалари келажакда "Бобурнома"ни ҳам рус тилида ўқий бошлайдилар.
Агар Қирғизистондаги ўзбек миллий маркази раҳбарлари кўзлаган ният амалга ошса, қирғизистонлик ўзбек болалари келажакда "Бобурнома"ни ҳам рус тилида ўқий бошлайдилар.

Қирғизистондаги ўзбек миллий марказларининг айрим вакиллари ўзбек мактабларини Россия ҳукумати маблағи ҳисобига руслаштириш таклифи билан чиқмоқдалар

Таклиф ташаббускорлари фикрича, Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари қирғиз тилини яхши билмагани учун Қирғизистонда, рус тилини яхши билмагани сабабли Россияда, лотин алифбосини яхши билмагани боис Ўзбекистонда яхши иш ўринларига жойлаша олмай, қора ишчига айланиб қолмоқда.

Қирғизистондаги ўзбек мактабларини руслаштириш таклифини Жалолободдаги Навоий номли ўзбек миллий-маданий маркази раиси Қодиржон Ботиров киритди.

- Авваллари¸ ўзбек мактаблари Ўш шаҳрининг ўзида 56 та бўлган. Бугун улар ўз-ўзидан қисқариб, 24 тага тушди. Ундан ҳам 50 фоизи аралаш мактаблар дейилади (аралаш мактаб бир мактабда ўзбек, қирғиз ва рус тилларида ўқитилувчи синфлар мавжуд бўлган мактаблардир - таҳр).

Бугунги кунда фарзандларимиз қайси тилда бўлса ҳам билим олиши керак. Ҳозирги ўзбек мактабларимизда эса ўқитувчилар маоши, мактабларнинг аҳволи, китоблар масалалари 17 йил ичида охирги нуқтасига бориб қолган.

9-10-11-синфда ўқиётган фарзандларимиз камайиб кетган. Улар бозорда ва кўчаларда ёки бошқа давлатларга ишлагани кетган, дейди Ботиржон Қодиров.

Аммо жаноб Ботировнинг айтишича, мазкур мактаблардаги ҳамма дарслар ҳам рус тилида ўқитилмайди.

- Бу дегани ўқитиш тўлалигича рус тилига ўтади, дегани эмас. Ўзбек тили ва ўзбек адабиёти қолади, бошқа фанлар эса рус тилида ўқитилади, деди Жалолобод ўзбек миллий-маданий маркази раиси.

Қодиржон Ботировнинг айтишича, бу таклифни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ҳам қўллашини билдирган. Шунингдек, дастурни молиялаштириш масаласи ҳам ҳал қилинган.

- Дастуримиз Россия ҳукумати тарафидан молиялаштирилади. Қурмонбек Салиевич Бакиевнинг розилигини олдик. Ҳозирда Славян университети билан ҳамкорликда дастур тайёрлаяпмиз.

Мен шахсан Россия элчиси билан учрашдим. У киши олиб бораётган ишларимизни қўллади ва шу билан биргаликда, Россиянинг Маориф вазирлигига керакли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз, дейди Қодиржон Ботиров.

Қирғизистондаги ўзбеклар эса бу борада турлича фикрдалар.

Масалан, Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Муҳаммаджон Мамасаидов бундай ишларни амалга оширишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмаслигини айтади.

- Бу ишларни яхшилаб ўрганиш керак. Мен кўп вақтдан бери ўйланаяпман. Бу жуда муҳим нарса, мен бу ишларни бугун- эрта ҳал қиламиз, деган фикрга қўшилмайман, дейди Муҳаммаджон Мамасаидов.

Республика ўзбеклар миллий-маданий маркази раисининг ўринбосари Иномжон Абдурасулов эса таклифни қўллашини билдирди.

- Асосий мақсадимиз битта. Фарзандларимиз ўқиса, келажакда бировга қул бўлмаса, ўзбек, қирғиз, рус, инглиз тилларини мукаммал эгаллаб, мамлакат бошқарув тизимларини кадрларимиз эгалласа, деган ниятдамиз. Шунда келажагимиз ҳам яхши бўлади. Фарзандларимизда ҳам “ўқисак, билим олсак, яхши ишларга жойлаша оламиз экан”, деган умид пайдо бўлади, дейди Иномжон Абдурасулов.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев фикрича, ўзбек мактабларини руслаштириш оқибатида минглаган ўзбек ўқитувчилари ишсиз қолиши мумкин.

- Шошма-шошарлик билан, бир томонлама ёндошув ҳам тўғри эмас. Агарда ўзбек мактаблари руслаштирилса, жуда катта ўқитувчилар армияси ишсиз қолади. Ислоҳот қилмоқчи бўлаётган дўстларимиз, энг аввало, ўзбек ўқитувчилари ишсиз қолмаслиги учун чораларни кўриб қўйишлари керак, дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Ўшлик ўқитувчи аёллардан бири Эркиной Тўланова эса ўзбек мактабларини руслаштириш қирғизистонлик ўзбек ёшларининг миллий зеҳниятига салбий таъсир этиб, уларнинг маргиналлашувига сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

- Рус мактабларида ўқиётган ўзбек болалари, ўзбекчиликни, ўзимизнинг миллий урф одатларимизни унутиб қўймоқда. Шу сабабли кўплаб ўзбекларимиз фарзандларини 8-9 синфдан бошлаб ўзбек мактабларига кўчирмоқдалар, деди Эркиной Тўланова.
XS
SM
MD
LG