Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:33

"Нафақангни халифалик тўласин"


Матбуот анжуманига йиғилганлар нафақат маҳкама жараëнининг адолатсиз ўтгани¸ балки қамалганлар яқинларига нисбатан кучли босим бўлаëтгани ҳақида ҳам гапирдилар.
Матбуот анжуманига йиғилганлар нафақат маҳкама жараëнининг адолатсиз ўтгани¸ балки қамалганлар яқинларига нисбатан кучли босим бўлаëтгани ҳақида ҳам гапирдилар.

Новқат туманида тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб қамалганларнинг адвокатлари бу воқеаларни ўрганиш учун комиссия тузилишини талаб қилмоқдалар.

Ўшда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Новқат воқеалари юзасидан айбдор деб топилганларнинг адвокатлари ва яқинлари иштирок этдилар.

Адвокатлар тахминича, ўтказилган тергов ишлари ва туман ҳамда вилоят судлари босим остида бўлиб ўтган.

Аммо новқатликларнинг ҳимоячилари “босим айнан ким томонидан бўлди?” деган саволга аниқ жавоб айтмадилар.

- Маҳкама жараёни (Новқат) туман суди томонидан 1 декабрга белгиланган эди. Бироқ 26 ноябр куни кечки соат 11.30 да бизга телефон орқали суд 27 ноябрда бўлади, деб хабар берилди. Агарда босим бўлмаса, нега кечки соат 11.30 да беш кундан кейин бўладиган махкама шошилинч тарзда ўтказилиши ҳақида хабар берилади?

Қонун бўйича, бир одамнинг жиноят иши қаралиши учун бир ой вақт берилади, туман суди эса 32 нафар одамнинг тақдирини беш кунда ҳал қилди, вилоят суди эса 30 киши тақдирини бир ярим кунда қараб чиқди, деди Айсалқин Қарабаева.

Матбуот анжумани иштирокчиларидан бири - адвокат Назгул Суюнбаева Новқатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тарафидан судланувчиларнинг яқинлари таъқиб қилинаётганини маълум қилди:

- Ўтган ҳафтада биз нодавлат ташкилоти вакиллари билан Новқат туманига бориб, аҳоли билан учрашдик, ўшанда одамлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тарафидан босимлар бўлаётганини айтдилар.

Милиция ходимлари судланувчиларнинг яқинларига олдига келиб, “вақтинча тўхтатилган жиноят иши бор, у қайта қўзғатилса, сизлар ҳам судга тортиласизлар, агарда маълум миқдорда пул берсангизлар, мен сизларга тегмайман”, дея пул талаб қилмоқда экан, деди Назгул Суюнбаева.

Адвокат Улуғбек Усмонов эса баъзи бир судланувчиларнинг яқинлари 3 ойдан буён нафақа пулларини ололмаётганини айтди:

- Ҳимоям остидагиларнинг қариндошлари 3 ойдан буён нафақа пулларини ололмаётганликларини айтмоқдалар. Почтада уларга: “сизларга нафақани халифалик давлатингиз тўлаб берсин”, демоқда эканлар, деди Улуғбек Усмонов.

Адвокатлардан яна бири Нурдин Чудиев Новқат воқеалари оммавий ахборот воситаларида фақат бир томонлама ёритилгани, бунинг оқибатида аҳоли орасида адвокатларга нисбатан ҳам салбий фикр пайдо бўлганини қайд этди:

- 2008 йилнинг 1 октябридан буён телевидиние, радио ва газеталар бир томонлама, “булар жиноятчилар, ҳизбчилар, буларни йўқ қилиш керак”, деган мазмундаги хабарларни тарқатмоқда.

Бунинг натижасида судланувчилар манфаатини ҳимоя қилаётган адвокатларга нисбатан ҳам жамоатчилик орасида салбий фикрлар пайдо бўлаётганини сездим. Мен, бизнинг (адвокатлар назарда тутилмоқда) ҳеч қандай экстремистик ташкилотларга алоқамиз йўқлигини айтоқчиман.

Биз уларнинг ҳаракатини қўлламаймиз ва бундай одамлар, агарда қилган жинояти қонунан исботланса, қонун доирасида жазоланиши керак, деб ҳисоблаймиз, деди Нурдин Чудиев.

Унга кўра, шу сабабли адвокатлар ҳукумат, нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, мамлакат парламенти, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил кузатувчилардан иборат махсус комиссия тузилишини ва бу комиссия Новқат воқеаларини қайтадан ўрганиб чиқишини талаб қилмоқдалар.

Бироқ расмийлар юқоридаги айбловларга қўшилмайдилар. Масалан, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаев Озодлик радиосига ички ишлар ходимлари тарафидан судланувчиларнинг яқинларига ҳеч қандай босим бўлмаётганини айтди.

Туман ва вилоят судларида иштирок этган давлат қораловчиси Жақшилиқ Жўрўев эса Озодликка суд маҳкамалари қонун доирасида бўлиб ўтганини билдирган эди:

- Мен 2008 йилнинг 1 октябр куни Новқат туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар бўйича апеляцион коллегиянинг қабул қилган ҳукмини қонун доирасида бўлди, деб ҳисоблайман.

Ҳукм экспертларнинг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан тўла асосланган, деган эди Жакшилик Жороев.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 октябрида мусулмонларнинг Рамазон байрамини марказий майдонда ўтказилишига рухсат берилмаганидан норози бўлган мингдан ортиқ новқатлик диндорлар туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилган эдилар.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси тартибсизликларни Ҳизбут-Таҳрир партияси уюштирганини ва партиянинг 32 нафар аъзоси воқеа юзасидан қўлга олинганини маълум қилганди.

2008 йилнинг 27 ноябр куни Новқат туман суди уларни тартибсизликларда айбдор, деб топди ва уларни 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Суд ҳукмидан норози бўлган судланувчилардан 30 нафари Ўш вилоят судига апелляция тартибида ариза билан мурожаат қилган эдилар. Бироқ вилоят суди шу йилнинг 16 январида туман суди қарорини ўз кучида қолдирди.

Судланувчиларнинг адвокатларига кўра, эндиликда улар Қирғизистон Олий судига мурожаат қилмоқчилар.
XS
SM
MD
LG