Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:30

Тил билмаган ҳуқуқсиз


Ўшда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга амал қилинмагани учун жарномалар олиб ташланаётган бир пайтда, қирғиз тилида граматик хатолар билан ёзилган давлат қомуси тўғрисидаги маълумотномалар марказий кўчаларни “безаб” турибди.
Ўшда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга амал қилинмагани учун жарномалар олиб ташланаётган бир пайтда, қирғиз тилида граматик хатолар билан ёзилган давлат қомуси тўғрисидаги маълумотномалар марказий кўчаларни “безаб” турибди.
Ўшда бўлиб ўтган “Миллий озчиликларнинг фуқаровий ва сиёсий хуқуқлари” мавзусидаги форум иштирокчилари мана шундай фикр билдирдилар.

Ўшда бўлиб ўтган мазкур форум “Фуқаролар коррупцияга қарши” хуқуқни ҳимоя қилиш марказининг жанубий бўлими томонидан уюштирилди.

Ташкилотчиларга кўра, форумнинг мақсади миллий озчиликлар хуқуқларини юксалтиришда жамоат ташкилотларининг ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, давлат тузумларига миллий озчиликлар муаммолари тўғрисида маълумот етказишдан иборатдир.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, сўнгги пайтларда мамлакат жануби бўйлаб давлат тилини ривожлантириш бўйича бир қатор чора - тадбирлар ўтказилмоқда. Форум ҳам айнан мана шу чора - тадбирлар атрофида баҳс - мунозарага бой бўлди. Иштирокчиларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатда асосан, давлат тилини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ҳаракатлар миллий озчиликлар ҳуқуқларини поймол қилмоқда.

Масалан, форум иштирокчиларидан бири, Республика ўзбек миллий-маданий маркази масъул котиби Каромат Абдуллаева давлат тилини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ҳаракатлар ўзбек тадбиркорларига босим кўрсатиш асносида бўлаётганини айтди:

- Ўзбек ва рус тилларида ёзилган реклама лавҳаларини қирғиз тилида ёз, деб қирқиб олиб кетишмоқда. Бундан ташқари Ўшда ўзбек тилида кўрсатувлар берувчи телеканалларга босим ўтказилмоқда.

Биз президентимиз Курманбек Бакиев билан учрашганимизда, мен унга ўзбек тилида кўрсатув берувчи иккита телеканалимиз борлигини, давлат уларни молиялаштирмаса ҳам бу телеканаллар икки милат дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилиб келаётганини айтдим.

Кейин президентга нима учун бу телеканалларга ҳукумат расмий хатлар орқали босим кўрсатмоқда, деб савол бердим. Шунда президентимиз хайратланиб, “Қандай мактуб? Ким ёзяпти?” деб сўради.

Пойтахтда бошқача гапирилмоқда, бу ерда эса бу гапларга зид ишлар қилинмоқда. Мен президентга асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи ҳудудларда уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганини айтганимда, у: “Ҳеч қандай босим бўлмайди, бемалол ўз тилларида гапиришаверсин, телевидиниялар ҳам ишлайверсин”, дейди. Бироқ Ўшда эса мутлақо бунинг акси...

Масалан, Ўш ТВнинг директори Ҳалилжон Худойбердиев турли босимлар бўлаётганини, эфир вақтининг 60 фоизини қирғиз тилида қилмаса телеканални ёпишга таҳдид қилишаётганини айтади,- деди Каромат Абдуллаева.

Давлат тилини ривожлантириш бўйича ҳудудий комиссияси ўз дастурларини асосан ўзбек тилида олиб борувчи Ўшдаги “Мезон” ҳамда “Ўш ТВ” телеканалларига давлат тили тўғрисидаги қонунга амал қилмаётгани, агар яна шундай ҳол такрорланса телеканални ёпишлари тўғрисида огоҳлантириш берган эди.

Қонунга мувофиқ, телеканалар ўз эфир вақтининг 60 фоизидан кўпини давлат тили, яъни қирғиз тилида олиб боришлари керак. Каромат Абдуллаева айнан мана шу ҳолни назарда тутмоқда.

Бироқ унинг сўзларига барча ҳам қўшилмади. Форум иштирокчиларидан бири бўлган юрист Музффар Казаков давлат тилини ривожлантириш борасида қилинаётган ҳаракатларни миллий озчиликларнинг хуқуқларини паймол этиш сифатида талқин қилмаслик керак, деб ҳисоблайди:

- Қирғизистонда давлат тили амал қилиши лозимлиги тўғрисида гап кетганида, негадир миллий озчиликлар ўз хуқуқлари паймол этилмоқда, деб ўйлайдилар. Мен эса бу ерда мутлақо бошқа тенденцияни кўряпман.

Масалан, қирғиз тили муаммоси қирғиз миллатининг ўзида ҳам мавжуд. Чунки қирғиз миллатиннг ўзи она тилида тўла гапира олмайди. Демак, ростдан ҳам қирғиз тили мутлақо йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Шу сабабли давлат қирғиз тилини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, - деди Музаффар Казаков.

Форум иштирокчиларидан яна бири Одилжон Обидов давлат тилини ривожлантиришда бошқа миллатларга босим ўтказиш эмас, уларда давлат тилини ўрганишга қизиқиш уйғотиш кераклигини қайд этади:

- Қирғизистонда яшаётган барча миллатлар давлат тилини билиши керак, жумладан, ўзбеклар ҳам. Лекин масаланинг бошқа тарафи ҳам бор.

Масалан, биз қирғиз – ўзбек универститетини ташкил қилдик. У ерда қирғизлар билан бирга ўзбеклар таҳсил олади ва улар қирғиз тилини жуда яхши ўзлаштирмоқда. Олийгоҳ битирувчилари қирғиз тилида бемалол гапира олади.

Бироқ давлат тилини яхши билган одамлар ишга жойлашишда, турли муаммоларини ҳал этишда бирон бир енгилликларга эга эмас. Агарда миллий озчиликларнинг давлат тилини яхши билган вакиллари ишга жойлашиш ёки бошқа ишларда бирон бир енгиллика эга бўлганида яхши бўлар эди.

Қирғиз тилини ўрганишга одамларда қизиқиш йўқ. Агарда мана шу қизиқиш пайдо қилинса, ўзбеклар ҳам қирғиз жамоатчилигига тезроқ мослаша бошлайди, - деди Обиджон Обидов.

Форум ташилотчиларидан бири, юрист Ҳусанбой Солиев Қирғизистонда “Миллий озчиликлар тўғрисида” қонуннинг йўқлиги сабабли милий озчиликларнинг муаммолари ҳал этилмай қолаётганини айтади:

- Қирғизистон қонунларининг айрим моддаларидагина миллий озчилик муаммолари қисман қамраб олинган. Бироқ миллий озчиликлар дегани нима, уларнинг қандай ўзгачаликлари бор, уларга қандай муносабатда бўлиш керак, деган саволларга жавоб бера олувчи “Миллий озчиликлар тўғрисида”ги қонуннинг ўзи йўқ.

Масалан, Россия Федерациясида миллий озчиликларнинг фолиятига қаратилган бир қатор лойиҳалар, меъёрий ҳужжатлар ҳам мавжуд.

Юридик жиҳатдан қаралганида Қирғизистонда “миллий озчиликлар” тушунчасига аниқликлар киритилмагани боис, уларнинг муаммолари кўтарилмайди ёки жуда қуйи даражада муҳокама қилинади, - деди Ҳусанбой Солиев.

Форум сўнгида иштирокчиларнинг миллий озчиликлар муаммолари ҳамда давлат тилини амалга киритиш учун қандай чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида мамлакатнинг тегишли идораларига таклифлар юбориладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG