Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

СССРни ўқиймиз


СССР қизиллар мафкурасини тарғиб этмайдиган "сариқ" газета.
СССР қизиллар мафкурасини тарғиб этмайдиган "сариқ" газета.

"СССР" - Ўшда ташкил қилинган янги газетанинг номи. Бу нашр Ўзбекистон сариқ матбуотини Қирғизистон жанубий ҳудудларидаги газета бозоридан қувиб чиқармоқчи.

Бу газетанинг собиқ иттифоқ давлатига ҳам, бу давлатнинг тикланишини орзу қилаётган коммунистларга ҳам алоқаси йўқ.

“СССР” Саноат, Санъат, Спорт, Реклама сўзларининг қисқартмаси, холос.

“СССР” газетаси Қирғизистон Республика Ўзбек миллий маданий маркази раиси Жалолиддин Салоҳитдинов томонидан молиялаштирилмоқда.

Бироқ бундай нуфузли таъсисчига эга бўлишига қарамай, газета бош муҳарири Иброҳим Янгибоев янги нашрда асосан кўнгилочар мақолалар чоп этилишини айтади.

Унга кўра, бугунги кунда Қиғизистонлик ўзбеклар орасида шундай газеталарга эҳтиёж кучаймоқда. Бу эҳтиёжни эса Ўзбекистондан олиб келинаётган газеталар қондирмоқда. “СССР” газетаси Ўш бозоридан Ўзбекистон кўнгилочар газеталарини сиқиб чиқаришни мақсад қилиб қўйган.

- Ўзбек ўқувчилари орасида Ўзбекистоннинг кўнгилочар ва спорт газеталари оммалашиб бормоқда. Масалан, бир йил аввал Ўзбекистоннинг “Футбол” газетаси Ўшда юз нусхада сотилар эди. Бугунги кунда эса Ўш шаҳрининг ўзида “Футбол”нинг 400-500 нусхаси сотилмоқда.

Бу газеталарда Қирғизистон борасида бирорта ҳам маълумот йўқ. Шундай бўлсада одамлар газетани қизиқиб ўқимоқда. Биз ўз ўқувчиларимизга нега ўша маълумотларни Ўзбекистон орқали эмас, тўғридан - тўғри етказиб бера олмас эканмиз, дейди Иброҳим Янгибоев.

Ўшда аввал ҳам ўзбек тилида бир неча кўнгилочар газеталар чоп этилган, бироқ улар қисқа муддат ичда ўз фаолиятини тўхтатган эди. Газета раҳбарлари бунга асосан молиявий қийинчилик ва ўзбек аҳолисининг газета сотиб олмаслиги сабаб бўлганини айтадилар.

Иброҳим Янгибоевнинг айтишича¸ ҳомийлар газетани узоқ муддат давомида молиялаштиришга ваъда берганлар. Қолган муаммолар эса аста -секин бартараф қилинади. Унинг айтишича, тез орада газета халқ ўртасида оммалашиб кетади.

Бироқ унинг сўзларига ўшлик барча журналистлар ҳам қўшилавермайдилар.

Ўшдаги “Ахборот” газетаси таъсисчиси Барно Исақова Қирғизистонда ўзбек тилида кўнгилочар газета чиқариш учун мутахасислар етарли эмаслигини айтади.

-Масалан, Ўзекистоннинг “Даракчи” газетасида 90 нафар журналист ишлар экан. Уларнинг барчаси элга манзур бўлган ҳикоялар, мақолалар ёза олади. Бундан ташқари газета муҳаррири ёзилган мақолаларни танлов асосида саралаб олади. “СССР” газетасида эса танлаш имконияти ҳам, мутахасис ҳам йўқ.

Биз кадрлар сиёсатини йўлга қўймагунимизча, Ўзбекистон даражасидаги кўнгилочар газета ташкил қилиш имконига эга бўлмаймиз, дейди Барно Исақова.

Суҳбатдошимиз ҳам Қирғизистонда ўзбек газеталарининг ривожланмаслигига моддий қийинчилик сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

Ўшлик журналист Эркин Бойназаров эса асосий муаммо молияда эмаслигини, муаммо чоп этилаётган мақолалар сифатида эканини айтади:

- Маблағ бўлса газета чиқарилаверади, бироқ мустақил газеталар кўпроқ шов-шувли мақолалар беришгагина ҳаракат қиладилар. Лекин бундай мақолалар ҳам ўзига яраша талаб даражасида, қонун доирасидан, даллларга таяниб ёзилса, ўқувчи уни қабул қилади ва газетани қўллаб-қувватлайди, дейди Эркин Бойназаров.

Айни пайтда¸ янги ташкил этиган “СССР” газетаси илк сонидаёқ биринчи муаммога дуч келди. Ўшдаги замонавий босмахоналар бу газетани чоп этишдан бош тортдилар.

Ўшда бир нечта босмахона бор. Ўшда чоп этилувчи ўзбек тилидаги мустақил газеаларнинг раҳбарлари сифат жиҳатдан яхшироқ бўлгани, қолаверса, ўзининг газета сотиш шаҳобчаларига эга бўлгани учун ўз газеталарини хусусий босмахоналарда чоп эттиришга ҳаракат қиладилар.

Бироқ Ўшда чоп этилаётган ҳар бир мустақил ўзбек газетасининг адади минг нусхадан ошмайди. Иброҳим Янгибоев айни мана шу сабабли айрим хусусий босмахоналар мустақил ўзбек газеталарини чоп қилиш учун шартнома тузишга рози бўлмаётганини айтади:

- Шаҳримиздаги “Қирғиз босма сўз” масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари: “Биринчидан ўзбек тилидаги газетани ҳеч ким ўқимайди, сотилмайди, бизга ортиқча харажат бўлади. Газета дўконларда сотилмай омборга қайтиб келади”, деб газетамизни чоп этишдан бош тортди, дейди Иброҳим Янгибоев.

Шундан сўнг янги ўзбек газетаси раҳбарияти илк нашрни Ўшдаги энг сифатсиз босмахоналардан бирида бостиришга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG