Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:58

"Рўмолли"лар яна босимда


Қирғизистогн мактабларида уч йилдан бери давом этиб келаётган "рўмолли"ларга қарши кураш шу кунгача натижа бергани йўқ.
Қирғизистогн мактабларида уч йилдан бери давом этиб келаётган "рўмолли"ларга қарши кураш шу кунгача натижа бергани йўқ.
Ўш шаҳар таълим бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишча, ўрта мактаб ўқувчилари оқ кўйлак, қора шим ёки юбка кийишлари шарт. Уларга мактабда ўқиш жараёнида рўмол ўрашга рухсат берилмайди. Бу Қирғизистон Халқ таълими вазирлиги талабидир.

- Барчамиз ҳам Худога ишонамиз, унинг борлигига шек келтирмаймиз. Бироқ мактабнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Бундан ташқари шаҳар мэрияси ва вазирлик ҳам мактаб кийими бўйича буйруқ чиқарган. Уларни бажаришимиз керак,- деди Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев.

Бироқ айрим диндорлар мактабларда қизларнинг рўмол ўрашига тўсқинлик қилинишини мусулмонлар ҳуқуқининг бузилиши сифатида баҳолайдилар

Ўшдаги Ислом марказининг раҳбари Содиқжон ҳожи Камолов ҳам ана шундай фикрловчилардан бири.

- Президентимиз уламолар кенгаши аъзолари, олимлар билан учрашган пайтида:“Фуқароларнинг Конституцияга зид келмайдиган диний ва миллий талабларини бажариши учун керакли шароитларни яратамиз”, деб ваъда қилган эди.

Ўша учрашувда президент агар бизнинг диний ҳуқуқларимиз бузилса, тўғридан-тўғри унинг ўзига мурожаат қилишимиз мумкинлиги ҳақида ҳам гапирган эди. Рўмол ўраган қизларимизнинг мактабларга киритилмаётгани ёки уларни рўмолларини ечишга мажбур қилинаётгани президент гапларига, давлат сиёсатига зид келадиган кўринишдир,- деди Содиқжон хожи Камолов.

Бу муаммо қирғиз матбуотида ҳам кўтарилмоқда.

Масалан, “Вечерний Бишкек” газетасининг 6 февралдаги сонида айрим мактабларда рўмолини ечишдан бош тортган ўқувчи қизлар дарсларга киритилмаётгани, бунинг оқибатида эса диндор қизлар саводсиз бўлиб қолаётгани ҳақида ёзилади.

“Ўқитувчининг вазифаси ўқувчини ўқитишми ёки унинг рўмол ўраган ёки ўрамаганини назорат қилишми? Рўмол ўраш ўқувчи олаётган билим сифатига таъсир кўрсатади, дейишлик кўлгилидир. Шундоқ экан, рўмол ўраган ўқувчини мактабдан қувиб, саводсизлар сонини кўпайтиришдан қандай манфаат бор?” деб ёзади “Вечерний Бишкек” газетаси.

Ўшдаги 22 сон ўрта мактабининг директори Муҳаббат Усмонова бу каби келишмовчиликларнинг олдини олиш учун ота - оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтади:

- Ота - оналарга ўқувчилар мактаб ташқарисида истаган кийимларини кийиш ҳуқуқига эгалиги, лекин мактабда ягона форма талаб қилиниши тушунтирилмоқда. Ҳозиргача бирор бир ўқувчини рўмол ўрагани учун мактабдан ҳайдаганимиз йўқ,- деди Муҳаббат Усмонова.

Қирғизистонда сўнги уч йил мобайнида ягона мактаб формаси борасида турли тортишувлар давом этиб келмоқда. Қирғизистон таълим вазирлиги ҳар йили мактабларда ягона форма жорий этиш тўғрисида қарор чиқаради. Бироқ қирғиз матбуоти, диндорлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозиликлари туфайли бу масала тўла ҳал этилмай қолади.
XS
SM
MD
LG