Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:29

Бош устида таëқ таҳликаси


Аксарияти интернетга фақат жамоат жойлари¸ аниқроғи интернет кафелари орқали уланишга мажбур бўлган ўзбек ëшлари учун бу майдон ҳали эркин фикр майдонига айланиб улгурмади.
Аксарияти интернетга фақат жамоат жойлари¸ аниқроғи интернет кафелари орқали уланишга мажбур бўлган ўзбек ëшлари учун бу майдон ҳали эркин фикр майдонига айланиб улгурмади.

Блоглар репрессив юртлар ëшлари учун ўз фикрини эркин ифодалаш имконини яратган бўлса-да¸ жамиятдаги қўрқув¸ ўзбек ëшларини ҳозирча блоггерликдан узоқ тутмоқда.

Ўзбекистонда блоглар¸ яъни интернет кундаликларининг қийинчилик билан ривожланаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ ҳукумат чекловлари ва таъқибларига қарамасдан блоглар сони бўйича етакчи давлатлардан бирига айланган Эрон, ўзбекистонлик блоггерлар учун ўрнак бўлиши мумкин.

Бошқа томондан Эрон ҳукуматининг блогларни чеклаш тажрибаси ҳам Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзлаштирилиши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд.

Блоглар оммавий ахборот воситалари чекланган мамлакатларда эркин фикр билдириш учун қолган сўнгги бир воситадир. Блогларга қарши Эрон ҳукуматининг кўрган кейинги чораси аноним муаллифлар томонидан очиб ташланган ўн минглаб блогларни ёпиш қарори бўлди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакилси Элза Видал Эрон ҳукуматининг интернетни чеклаш учун қўллаётган бундай усулларини интернет душманлари сафига кирган минтақанинг бошқа давлатлари ҳам қўллаши мумкинлигидан хавотир билдиради.

- Блогларни цензура қилиш борасида Эрон ҳукумати минтақадаги бошқа диктатураларга намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу борада¸ айниқса¸ Марказий Осиё давлатларидан хавотирдамиз¸ дейди Элза Видал.

2007 йилдан буён Эрон ҳукумати ўнлаб блоггерларни ҳибсга олди. Уларнинг кўпчилиги ўз интернет саҳифаларида эркинлик берилишини талаб этган аёллардир.

Сўнгги хабарларга кўра, Эрон ҳукуматига қарши фикрлари учун мамлакатдан қочиб чиқишга улгуриб қолган уч блоггер сиртдан турли қамоқ жазоларига ҳукм этилган, ўз блогига эга бошқа бир журналист эса ҳибсга олинган.

Блоггерларни ҳибсга олиш ёки қамаш ҳолатлари ҳозирча Ўзбекистонда қайд этилмаган. Бунинг боиси мамлакатда блоггерларнинг камлиги ҳамда мавжудларининг ўткир сиёсий муаммоларни четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганлиги билан боғлиқ.

Ўзбек блоггерлар ҳаракати етакчиларидан бири Тўлқинбек ўзбек блоггерлари сони 1000 кишига ҳам етмаслигини айтар экан, уларнинг аксари қўрқув остида фаолият олиб боришини таъкидлайди.

- Мен ўзим шахсан “Блоггерни топишибди¸ суд қилишибди¸ уришибди¸ калтаклашибди” деган гапларни эшитганим йўқ. Агар бунинг орқасидан давлат тушадиган бўлса¸ блоглар сони кескин камайиб кетади. Кўпчилик қўрқиб аноним ном билан фаолият юритади¸ дейди Тўлқинбек.

Ўзбекистонга қараганда интернетни чеклаш ҳамда блоггер ва журналистларни таъқиб этиш Эронда кучлироқ бўлса ҳам, блоглар сонининг кўплиги бўйича бу давлат биринчи учликка киради.

Бунинг сабабини Озодлик радиоси Эрон хизмати раҳбари Қудратуллоҳ Шаҳидий шундай тушунтиради.

- Эронда блогларнинг оммабоп бўлиб кетиши яхши таълим кўрган минглаб Эрон ёшларининг мамлакат оммавий ахборот воситаларидаги цензурага тоқат қилмасдан ўзларини блогларга урганликлари билан боғлиқ.

Бугунги кунда деярли ҳар бир эронлик талаба ёки журналист ўзининг шахсий интернет сайтига эга бўлди ва Эрон матбуоти кўтармайдиган масалалар хусусида ёза бошлади¸ дейди Қудратуллоҳ Шаҳидий.

Расмий маълумотларга қараганда бугунги кунда Эронда 20 миллионга яқин интернет фойдаланувчилари бор. Бу эса аҳолининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Ўзбекистонда эса 2008 йилда аҳолининг атиги 10 фоизи интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Элза Видал ўзбекистонлик ёшларнинг блогларга камроқ қизиқиш билдираётганини уларнинг кўпроқ тирикчиликка ўралашиб қолгани билан боғлайди.

- Баъзида яшаш учун кураш кўп вақтни талаб этади. Бундан ҳукумат ҳам яхши хабардор. Шу боис ҳукумат одамларнинг эркинликлар ҳақида эмас, балки тирикчилик ҳақида кўпроқ қайғуришга мажбур қилди¸ дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг вакиласи.

Мамлакатдаги муаммолар ёки адолатсизлик ҳақида шахсий интернет сайтга ёзиб чиқа олиш¸ ёшлардан катта жасорат талаб этиши ҳам рост. Зеро, бунинг учун биров бир тийин тўламайди¸ аммо бошда таёқ синиши ҳеч гап эмас.

Бундай жасорат ёки имконият ҳозирча эронлик ёшларда кўпроқ бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG