Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:51

Фатво омонатдир


Уламоларга кўра¸ фатвонинг бирламчи манбаи Қуръони карим ва пайғамбар ҳадисларидир.
Уламоларга кўра¸ фатвонинг бирламчи манбаи Қуръони карим ва пайғамбар ҳадисларидир.

Фатво нима¸ уни ким¸ қай ҳолатда излаши керагу¸ фатво беришга ким ва қай асосда ҳақли? Сиëсатчилар фатвога¸ фатво берувчилар эса сиëсатчиларга қарам бўлиб қолган вазиятларда қандай иш тутилади?

2009 йилнинг 17-20 январ кунлари Макка шаҳрида бўлиб ўтган “Фатво ва унинг тартиблари” мавзуидаги анжуман Ислом олами учун ўта муҳим ҳодиса бўлди.

Бу анжуманда фатво, унинг аҳамияти, фатвонинг ўзгариши, уни тартибга солиш, нотўғри фатволар, фазовий телеканалларда берилаётган фатволар, жамоъий ижтиҳод каби масалалар кўрилди.

Дунёнинг турли давлатларидан борган 170 нафар энг илмли, нуфузли олимлар анжуман якунида фатво бўйича уламоларнинг ўзаро аҳдномасини қабул қилди.

Бу аҳдномада бугунги шароитда Ислом олимлари қай асосда, қай тартибда ва қай шароитда фатво бериши мумкин ёки мумкин эмаслиги бўйича тартиб-қоидалар мажмуи акс этган. Унда ҳам уламолар, давлат раҳбарлари ва оддий мусулмонларга тавсиялар бор.

Бу аҳднома мазмунига эшиттиришимизнинг сўнгги саҳифасида кенгроқ тўхталамиз. Ҳозир эса бунга қадар тўхталиш лозим, деб билганимиз баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

Дастлаб мусулмон киши фатво ҳақида нималарни билиши лозимлиги ҳақида қисқача тўхталамиз.

Фатво — шариат қонун-қоидалари асосида бирор бир фиқхий масала юзасидан чиқарилган ҳукмдир.

Фатвони бериш ҳуқуқи эса икки тоифа шахсларда бор. Биринчиси, атрофида бошқа мусулмонлар бўлмаган шахс. Агар ундан бошқа фатво берувчи кимса бўлмаса, у ўз илмига асосланиб, фатво бериши мумкин.

Иккинчиси эса, атрофида мусулмонлар ва аҳли илмлар бўлган ҳамда ўша мусулмонлар ичида Ислом илми аҳкомларини энг кўп биладиган, дея тан олинган шахсдир. Бундай кишилар фатвонинг асоси бўлган бирламчи ҳужжат — Қуръон ва ҳадисни ёддан биладиган, ёддан билмаса-да, бу манбаларни келтириш имконига эга бўлган шахслардир.

Фатво беришда эса, асосан, 4 та манбага таянилади. Бу манбалар ва уларнинг мазмуни ҳақида Ислом илми толибларидан бири келтирган шарҳни тингланг:

- Фатво беришда¸ албатта¸ биринчи Қуръондан олинади. Қуръонда йўқ бўлса¸ ҳадисдан олинади. Ҳадисда йўқ бўлса¸ ижмои саҳоба, яъни саҳобалар ҳаммаси ижмо қилган¸ тўғри деб билган бўлади. Агар у ҳам йўқ бўлса¸ охиргиси қиëс бўлади.

Ҳозирги кунда қиëсга асосланилади. Масалан, “эшакда кетаëтиб, намоз ўқиш мумкин”, деган жой бўладиган бўлса¸ демак, ҳозир машинада кетаëтиб, намоз ўқиш мумкин. Бу энди нафл намозлари хусусида. Ëки самолëтда кетаëтиб. Қиëсан олинади. Нимагадир қиëс қилиб¸ ўшанга қараб олинади¸ дейди Ислом илми толибларидан бири.

Исломнинг асосий аҳкомларига оид масалаларда қабул қилинган фатволар мусулмонларга маълум. Аммо, баъзан айни масалада бир-биридан фарқ қилувчи фатволар ҳам бўлади. “Бунинг ҳукмини ҳам билиб қўйиш зарур”, деб ҳисоблайди бу суҳбатдошим.

- Кимдир от гўштини ҳалол дейиши мумкин¸ яна бошқа бир мужтаҳид уни “ҳаром” дейиши мумкин. Бунақа ҳолатлар ҳам бўлади. Булар жузъий ихтилофларда бўлади. Дейлик, икки одам от гўшти еяпти. Лекин биттаси уни “ҳаром” деб билади¸ лекин еяпти ва ҳаром иш қилаяпти. Наригиси эса ҳалол деб билади ва оддий ишни қилаяпти.

Озодлик: Демак, бу ерда ниятга боғлиқ...

- Албатта¸ ўшанинг эътиқодига боғлиқ. Қайсинисига эътиқод қилса¸ ўшани олиши керак бўлади, дейди суҳбатдошимиз.

Демак, жузъий масалаларда мусулмонлар ниятига кўра ва ўз тақвоси учун тўғри, деб билган фатвога амал қилиши мумкин. Зеро, бунга ҳам ҳужжат бор:

- Масалан, Расулуллоҳ (с.а.в) Бану Қурайда жангида “Аср” намозини Бану Қурайдага боргандан кейин ўқиймиз, деганлар. Баъзилар Расулуллоҳ (с.а.в) шошилиш маъносида айтди деб, ўша ерда намозни ўқиб олишган. Баъзилар: “Расулуллоҳ (САВ) ўша ëққа бориб ўқиймиз, деб айтди” деб, атайин намозни ўқишмади. Ўша ерга бориб кейин ўқишди.

Бу гап Расулуллоҳ (с.а.в) га етказилганда: “Икковиники ҳам бўлаверади”, деди. Демак, бу ердан келиб чиқадики, битта масалани иккита одам икки хил тушуниши мумкин. Уники ҳам¸ буники ҳам тўғри бўлаверади.

Ислом илми толибларидан бири мусулмон кишиси фатво ҳақида билиши лозим бўлган энг муҳим жиҳатларни ёдимизга солди.

Фатвога қанчалик эҳтиёжимиз бор?

Бу саволга ҳар бир мусулмон, аввало, ўз тақвоси даражасига кўра жавоб қидириши¸ ҳамда топиши мумкин.

Биринчидан, мусулмон киши ҳаёти давомида амал қилиши шарт бўлган, ҳамма замон ва маконларга тегишли масалалар бўйича фатвога эҳтиёж туғилиши мумкин.

Айни пайтда кундан-кунга илгарилаб бораётган фан-техника тараққаёти ортидан туғилган масалаларда фатвога эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин.

Ана шундай масалаларда Ислом оламида танилган ўзбекистонлик уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг интернетдаги саҳифасида бўлаётган савол-жавобдан парча келтирамиз.

Мисол учун, бир мусулмон ҳозир кўлами кенгаяётган биржа савдолари ҳукмини сўрайди. Бунга жавобан Шайх хазратлари берган фатвони эшитинг.

“Биржа савдоси ҳақидаги масалани Робитатул-олами Исламий ташкилоти ҳузуридаги Ислом фиқҳи академияси 1404 ҳижрий сана 11-16 Рабиул аввалда бўлиб ўтган мажлисда ўрганиб чиқиб¸ қарор қабул қилган.

Унда биржанинг савдо молини қўлга тутқазадиган турини жоиз, дейилган. Аммо кейинга суриладиган савдоларни мумкин эмас, дейилган. Чунки бундай савдолар ҳақиқий олди-сотди эмас. Унда савдо қилган тарафлар ҳеч нарсани қўлма-қўл олди-берди қилмайдилар”.

Ёки яна бир мусулмон шу кунларда Ғарб дунёсида жуда ишқибозлари кўп бўлган экстремал спорт турлари билан шуғулланиш ҳукмини сўрайди. Эътибор қилиш жоиз, Исломда киши ўз жонига ёхуд бошқа бир киши жонига қасд қилиши ўта оғир гуноҳ. Ҳаётини хавф остида қолдирувчи спорт билан шуғулланар экан, киши ана шу гуноҳни қилиб қўйиши мумкин.

Шайх ҳазратлари бу масалада шундай фатво беради:

“Ўлим хавфи бор ишни дину-диëнат¸ ватан¸ аҳли-аëл¸ номус ҳимояси учун қилишга рухсат бор. Аммо кўнгил хуши учун¸ беҳуда шуҳрат учун бу ишни қилишга рухсат йўқ. Ғарбнинг ҳамма нарсасига тақлид қилиш керак, деган нарса ҳам йўқ. Шунингдек, арабларнинг ишлари бирор ишга далил бўла олади, деган гап ҳам йўқ”.

Ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг унга мурожаат қилган мусулмонларга ўз саҳифаси орқали берган фатволаридан парча келтирдик.

Худди шу мазмундаги яна кўплаб бошқа савол-жавобларни бугун маҳаллангиздаги масжидда ҳам, бозор расталарида турган босма нашрлар ёки аудео-видео манбаларда ҳам ва мисол келтирганимиз интернет тармоғида ҳам топишингиз мумкин.

Муҳими, агар “тақвони мукаммал қиламан” десангиз, фатво сўраб берган саволингиз очиқ қолмайди, табиий. Аммо саволга жавобан берилган фатвонинг ҳақлиги ҳақида, айниқса, Ўзбекистон каби диний эркинликлар чекланган давлатларда берилаётган фатвонинг мазмун-моҳияти ҳақида баҳслар борки, суҳбатимизнинг давомида ана шу жиҳатларга эътиборингизни қаратамиз.

Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мос фатволари


“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг ўтган галги сонида Ўзбекистонда аёлларнинг бугунги кийиниш тарзига мамлакат расмийлари ва етакчи уламолар билдирган эътироз ҳақида суҳбатлашган эдик.

“Ўта мутаасиблашиб кетманг”, дея ҳижобли аёлларни, “ўта ҳаёсиз бўлиб кетманг”, дея ғарбона замонавий урфда кийинган аёлларни танқид қилган тошкентлик таниқли уламо Анвар қори Турсуновнинг ўзбекистонлик муслима аёлларга берган тавсиясини яна бир бор ёдингизга соламиз.

“Миллатимиздаги оналаримиз ҳаëли бўлган. Ўзларига ярашган ҳаë асосида кийимлар кийганлар. Мана шу оналаримизнинг¸ бувиларимизнинг¸ момоларимизнинг йўлида бўлишимиз керак. Жуда ҳам ҳаддан ташқари ҳаëсизликка ëки мутаассибликка ўтадиган ишларни эмас¸ мўътадил равишда ўртачалилик имоннинг яхшилигини¸ қувватлилигини билдиради”.

Аммо, “Ўзларига ярашган, ҳаё асосидаги миллий кийим” дейилаётган кийим аслида қай кўринишда? Хўп, у ҳаёга асослангандир, аёлларга ярашгандир, аммо шариат аҳкомларига мосми? Энг муҳими, буни қандай қабул қилиш керак: фатвоми бу ёки тавсия?

Афсуски, Озодликнинг бу мазмундаги саволларига Ўзбекистон ҳукумати тайин қилиб қўйган лавозимларда ўтирган ўзбекистонлик уламолардан жавоб олиш мушкул.

Аммо бундай уламоларнинг чиқишларини кузатиб бораётган —Ўзбекистон ҳукумати тазйиқидан қочиб, муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик таниқли уламо Обид қори Назаров бу тахлит чиқишлар пировардида мусулмонларни ҳақ йўлдан чалғитишидан хавотир қилади.

Уламо айнан диндор, муслима аёлларни кўпгина ташвишларга, иш ва ўқишидан айрилишига сабаб бўлаётган рўмол ўраш масаласидаги фатволарга алоҳида тўхталди.

- Фатволар аëлларни мана шу олиб борилаëтган сиëсатга кўндириш мақсадида чиқарилади. Яъни кичкина рўмолинг ҳам ҳижоб бўлади¸ шундай боғлаб юрсанг, шу Исломга мувофиқ, деган маънода бўлади. “Миллий кийимлар Ислом ҳижобига тўғри келади” деган тарздаги ташвиқотлар юритилади.

Ҳолбуки, тарихдаги миллий кийимларга назар соладиган бўлсангиз, паранжи ўрашган¸ ниҳоятда узун¸ кенг кўйлаклар кийишган. Бугунги ҳукумат буни ҳеч ҳам хоҳламайди¸ дейди Обид қори Назаров.

Аслида золим ҳукмдорлар ҳукмрон давлатларда адолатли фатволарга эришиш жуда мушкул, дер экан Обид қори Назаров бундай вазият уламонинг зиммасидаги фатво учун жавобгарликни соқит қилолмаслигини айтади.

Зеро, фатво матни аниқ, очиқ-ойдин бўлиши ҳам шарт. Бундаги сўз ўйини фатво муаллифи ёхуд унга эргашувчини жавобгарликдан соқит қилмайди.

- Сиëсий қарорларда¸ исломий фатволар матнида одамлар ҳар хил ўйин қилишлари мумкин. Ниятлари ëмон одамлар чиройли сўзларни ëзадилар. Бир қарашда “яхши фатво” деган таассурот туғилади. Аммо уни амалга оширишга келганда, ҳар хил томонга бурса бўладиган фатволар ëки қарорлар¸ баëнотлар қилинишдан огоҳлантирилган. Фатво дегани очиқ-ойдин бўлсин¸ унинг лафзи¸ ибораси ҳеч қаëққа бурилмасин, дейилган. Бу ҳақиқатда Оллоҳ йўлидаги омонат. Бунга Оллоҳдан қўрқадиган одамлар амал қилишади¸ дейди Обид қори Назаров.

****

Яна гап аввалида тилга олинган воқеа – Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида бўлиб ўтган “Фатво ва унинг тартиблари” мавзуидаги анжуманга қайтамиз.

Бу анжуман Ислом олами учун ўта муҳим ҳодиса бўлди. Зеро, дунёда танилган энг етакчи 170 уламо фатво, унинг аҳамияти, фатвонинг ўзгариши, уни тартибга солиш, нотўғри фатволар, фазовий телеканалларда берилаётган фатволар, жамоий ижтиҳод каби масалаларни илк бор баҳамжиҳат муҳокама қилиб, бир қарорга келди.

“Бунга зарурат бор эди”, деб ҳисобловчи ўзбекистонлик таниқли уламо Обид қори Назаров унинг сабаблари ҳақида тўхталиб, бу сабаблар бевосита Ўзбекистонга ҳам дахлдор эканини урғулади.

- Юқорида тилга олганимиз мўътамар анжуманнинг ўтказилишига (тарихда биринчи маротаба дейилаяпти) сабаб бўлган омиллардан битта-иккитасини айтиб ўтишимиз мумкин.

Биринчиси, ҳукуматларга¸ давлатларнинг сиëсатига боғлиқ муҳим нуқта шундан иборатки¸ улар юқорида айтганимиздек, ўзларининг сиëсатларини амалга оширишда фатволардан фойдаланишади. Яъни давлатларнинг сиëсатини маъқуллайдиган¸ тасдиқлайдиган фатволар чиқарилишини талаб қиладилар.

Бунда холислик ва муфтийларга ишонч йўқолади. Мана шундан иккинчи нуқта келиб чиқади. Яъни халқ ўртасида расмий диний идораларга ишонч йўқолади ва кейин одамлар ўзларининг холис муфтийларини қидиришади. Кейин фатво беришга лойиқ ва лойиқ бўлмаган одам аралашиб кетади. Мана шундай норасмий¸ яширин йўлларда кейин кўп хато содир бўлади¸ дейди Обид қори Назаров.

Шу ўринда, Ислом тарихида илк бор қабул қилинди, дейилаётган фатво борасида уламоларнинг аҳдномаси мазмунига ҳам қисқача тўхталишни Обид қори Назаровдан илтимос қилдик.

- Аҳднома муфтийларга¸ илм аҳлига ва давлат раҳбарларига тарқатилган. Фатво берувчи инсонлар ниҳоятда эҳтиëт бўлишлари¸ масъулиятни ҳис қилишга чақирилган.

Давлат раҳбарларидан фатво чиқарувчи муассасаларни ҳурмат қилишлари¸ фатвонинг баркамол чиқарилишига эришишда ўз ҳиссаларини қўшишлари сўралган. Фатво сўрамоқчи бўлган одамларга қилинадиган тавсия ҳам берилганки¸ фатвони дуч келган одамдан сўраш тўғри келмайди.

Сўраладиган одам ўзининг илми билан¸ фатвоси билан¸ яхши хулқи билан танилган одам бўлсин, деган сўзлар ëзилган. Яна бу ерда тавсияларда келадики¸ фатво бериш мумкин бўлмаган ўринлар келтирилган.

Мана шу қарорнинг еттинчи бандида айтиладики¸ “Инсоннинг Қуръон ва ҳадисдаги далиллардан ҳукм чиқаришга кучи етмаса¸ фатво бериши мумкин эмас.

Бераëтган фатвосининг оқибати яхши бўлмаган натижаларга олиб келишини сезса¸ бунда ҳам фатво беришдан тўхташ лозим. Мана шунга ўхшаган бир қанча фойдали тавсиялар келтирилган¸ дейди Обид қори Назаров.

Мана шу мазмундаги тавсияларни ўз ичига олган ва дунё давлатларидаги ўзини мусулмонман, деган аҳли илмлар, дин ва давлат арбоблари, давлат раҳбарлари ҳамда оддий мусулмонларга йўлланган бу аҳдномани истовчилар интернет тармоқлари ёхуд ўзлари яшайдиган ҳудуд имомларидан сўроқлаб топишлари мумкин.

Обид қори Назаров ва у каби уламолар бу ҳужжат барча мусулмон аҳлига, хусусан Ўзбекистон шароитини олсак, фатво берувчилар ва уларга раҳбарлик қилаётган ҳукмдорларнинг ҳақ йўлда собит туришида кўмакчи бўлишига умид қилмоқдалар.

Зеро, тақвони ушлаган мусулмон киши ҳамиша фатвога эҳтиёж сезган ва бундай вазиятда, албатта, фатво бергувчини қидириш, демакки, хато ва фитнадан қочиб, ҳақ йўлни қидиришга ҳукм қилинган.
XS
SM
MD
LG