Линклар

Шошилинч хабар
03 январ 2025, Тошкент вақти: 05:53

Обама Афғонистонни барқарорлаштиришга киришди


Aфғонистонга қўшимча ҳарбий юбориш ҳақдаги ҳужжатга имзо чекиш орқали Барак Обама сайлов олдидан берган яна бир ваъдаси устидан чиқди.
Aфғонистонга қўшимча ҳарбий юбориш ҳақдаги ҳужжатга имзо чекиш орқали Барак Обама сайлов олдидан берган яна бир ваъдаси устидан чиқди.

Афғонистондаги ёмонлашиб бораётган вазиятни барқарорлаштириш мақсадида АҚШ президенти Обама бу мамлакатга қўшимча 17 минг ҳарбий жўнатиш ҳақдаги ҳужжатга имзо чекди.

АҚШ президенти сифатида қабул қилган илк йирик қарори билан Барак Обама Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сонини кескин равишда оширмоқда.

Обама фармонига мувофиқ¸ баҳор ва ёз давомида жами 17 минг ҳарбий Афғонистонга юборилади.

Афғонистонга киритилажак АҚШ янги қўшинлари¸ ҳаво исиши билан толибон жангариларига қарши бошланадиган кенг кўламли ҳарбий амалиётларга шай турган ҳолда, август ойига белгиланган оммавий сайловлар арафасида хавфсизликни таъминлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшадилар.

Маълум бўлишича, Барак Обама ўтган тунда Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга сим қоқиб, қўшимча ҳарбийларни Афғонистонга жойлаштириш масаласини муҳокама қилган.

Барак Обама президент лавозимини эгаллаганидан буён бу икки давлат раҳбари ўртасида ўтказилаётган илк бевосита мулоқотдир.

Ҳамид Карзай матбуот котиби Ҳумоюн Ҳамидзода президентлар мулоқотини икки давлат ўртасидаги алоқалар тарихидаги янги саҳифа, деб баҳолади.

Барак Обама қарорини олқишлаган Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Зоҳир Мурод АҚШ ҳарбийларининг кўп қисми мамлакатнинг хавфли минтақалари ҳисобланмиш жануб ва шарқий вилоятларга жойлаштирилишини маълум қилди.

Толибон жангариларининг сўнгги пайтда айнан шу минтақаларда анча фаоллашгани кузатилмоқда.

Афғонистонга қўшимча қўшин юбориш ҳақдаги фармонга имзо чеккан куниëқ Барак Обама¸ бу мамлакатдаги муаммоларни биргина ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигига ишонишини ҳам маълум қилди.

Канаданинг СиБиСи канали саволларига жавоб қайтарган АҚШ раҳбари Афғонистонда тинчлик равнақ топиши йўлида халқаро майдондаги дипломатик уринишларни ҳам давом эттиришни режалаштираётганини билдирди.

Айни пайтда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари таъминоти масаласини йўлга қўйиш ҳам Вашингтон учун долзарблигича қолмоқда.

Толибон жангариларининг сўнгги ойлар давомида Покистоннинг Ҳайбар довонидан ўтувчи асосий транзит йўлларига ҳужум қилиши оқибатида Афғонистондаги халқаро кучлар таъминоти мушкул иш бўлиб қолди.

Бошқа томондан¸ Қирғизистон парламенти ҳукуматнинг мамлакатдаги АҚШ ҳарбий базасини ёпиш тўғрисидаги қарорини муҳокама қилмоқда.

19 феврал куни парламент депутатларининг ҳукумат қарорини бир овоздан қўллаб- қувватлаши кутилмоқда.

Сешанба куни Тошкентга сафар қилган АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони генерал Дэвид Петрэус президент Ислом Каримов билан ана шу мураккаб вазиятдан чиқишга ëрдам берувчи янги имконларни муҳокама қилди.
XS
SM
MD
LG