Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

"Ўзбекистон ишончли ҳамкор эмас!"


Ўзбекистон ҳукуматининг Россия ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиëдаги манфаатларини бир-бирига қарши қўйиш нияти¸ Тошкент билан илиқлашаëтган алоқаларга қарамай¸ Брюссел таъбига ўтираëтгани йўқ.
Ўзбекистон ҳукуматининг Россия ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиëдаги манфаатларини бир-бирига қарши қўйиш нияти¸ Тошкент билан илиқлашаëтган алоқаларга қарамай¸ Брюссел таъбига ўтираëтгани йўқ.

Ўзбек дипломатининг Тошкент ЕИ учун яхши энергетик ҳамкор бўла олади¸ деган баëнотига муносабат билдирган иттифоқ расмийси¸ Ўзбекистоннинг Европа кўз ўнгида ишонч қозониши қийин эканини таъкидлади.

Европа Иттифоқининг расмий “The Parliament” нашрига интевью берган Ўзбекистон дипломати Тошкентнинг Европа Иттифоқи билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга мойиллигини таъкидлади.

Брюсселдаги Ўзбекистон элчихонасининг савдо ва иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамшид Шариповнинг айтишича, Москва ва Киев ўртасидаги газ можароси Европа Иттифоқига газ таъминотини диверсификация қилиш лозимлигини кўрсатди.

Бу борада Ўзбекистон муҳим рол ўйнаши мумкин¸ деган ишончда жаноб Шарипов.

Ўзбек дипломатига кўра¸ айни пайтда қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Брюсселдаги ўзбек расмийларининг Россиянинг ЕИ учун ишончсиз газ таъминотчисига айланганига ишорат қилиши¸ расмий Тошкентнинг Марказий Осиёда Москва олиб бораётган сиёсатдан қониқмаëтганининг яна бир аксидир.

Европа комиссиясининг ташқи алоқалар бўйича бош бошқармаси масъули Томас Фреллесеннинг айтишича, Ўзбекистоннинг баëнотларда иттифоқ билан яқинлашиш иштиёқини билдириб келаётгани рост. Бироқ бу иштиёқнинг нақадар жиддийлигини расмий Тошкент ҳамон амалда исботлаши керак, деди иттифоқ расмийси.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиë сиёсатини кузатиш дастури раҳбари Йос Бунстра биз билан суҳбатда, расмий Тошкент иттифоқ томон ташлаётган қадамларнинг нақадар жиддийлиги ва бунга иттифоқ муносабати қандай бўлиши ҳақдаги мулоҳазаларини ўртоқлашди.

Йос Бунстра: Авваламбор¸ энергетика масаласида Европа Иттифоқининг диққати кўпроқ Ўзбекистонга эмас¸ Туркманистонга қаратилган. Каспий денгизи бўйидаги бу давлат билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик қилиш мантиқлироқдир.

Ўзбекистон эса, узоқроқ жойлашган ва энергетика заҳираларига унчалик бой эмас. Аммо Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан мулоқотни кенгайтириш ниятида экани ҳақиқатдир.

Озодлик:Нима учун Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан мулоқотни кенгайтирмоқчи? Иттифоқ учун Ўзбекистон қандай рол ўйнаши мумкин?

Йос Бунстра: Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи учун энг асосий роли унинг барқарор бўлиб қолишидадир. Барқарор деганимда, Ўзбекистоннинг барқарор ташқи сиёсатини ҳам назарда тутаяпман.

Афғонистондаги коалиция кучларини таъминлаш учун Ўзбекистондан фойдаланиш мумкин. Бироқ бу давлатнинг бир муддатдан сўнг яна тўнини тескари кийиб олмаслигига кафолат йўқ.

Озодлик: Мана ўзбек дипломатининг айтишича, Россия ва Украина ўртасидаги газ можаросининг олдини олишда Ўзбекистон муҳим рол ўйнаши мумкин. Европа Иттифоқи бу гапларга ишонадими?

Йос Бунстра: Йўқ. Чунки ҳатто Ўзбекистон газини бевосита Европага етказувчи газ қувурлари қурилса ҳам газнинг асосий миқдори Россия қувурлари орқали келаверади. Шунинг учун бу масалада Ўзбекистонинг бирор бир аҳамиятини кўрмаяпман. Боз устига¸ Россия сингари, Ўзбекистон ҳам ишончли ҳамкор эмас.

Озодлик: Сизнингча¸ ҳозир Ўзбекистоннинг Россиядан юз ўгираётганидан фойдаланиб, Европа Иттифоқи бу давлат билан яқин муносабатларни ўрнатишга шошиладими?

Йос Бунстра: Менимча¸ Европа Иттифоқи ёки Россиядан бирини танлаётган давлатлар бошлаган геосиёсий ўйинларга Европа Иттифоқининг қизиқиши йўқ. Европа Иттифоқи кўп йўналишли ташқи сиёсат юргизаётган давлатлар билан муносабат ўрнатиш яхшироқ¸ деб ҳисоблайди.

Шу сабабли ҳам Европа Иттифоқи Россия билан ҳам яхши ҳамкорлик қилаётган Қозоғистонни ўзининг ишончли ҳамкори деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати йўналишларидан қатъий назар¸ Россия ва минтақанинг бошқа давлатлари унга қўшни бўлиб қолиши ва Россия минтақадаги таъсир кучини йўқотмаслигини англаши керак. Бу нарсаларни биз доимо инобатга олиб келганмиз.

Озодлик: Сизнингча Ўзбекистонда АҚШ базасининг қайта очилиш эҳтимоллари бу давлатга нисбатан Европа Иттифоқи сиёсатини янада юмшатадими?

Йос Бунстра: Буни эҳтимолдан соқит қилмайман. Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасига эга Германия бу давлат билан яқин муносабатларни ўрнатмоқчи бўлаяпти ва Иттифоқнинг бошқа давлатларини ҳам бунга кўндиришга ҳаракат қилаяпти.

Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг юмшатилгани ҳам шу билан боғлиқ. Ҳозир Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон қўлидадир.

Менимча¸ Европа Иттифоқи муносабатларни аста-секин ривожлантириш йўлидан боради. Шошилишга эса¸ ҳеч қандай асос йўқ.
XS
SM
MD
LG