Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Ҳарбий ҳамкорлик кучаймоқда


Президент Имомали Раҳмон Москвага килган сўнгги сафари чоғида Кремл раҳбари билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.
Президент Имомали Раҳмон Москвага килган сўнгги сафари чоғида Кремл раҳбари билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

Тожикистонда фаолияти 20 йил аввал тўхтатиб қўйилган ядро физикаси соҳасидаги ҳарбий тажриба станцияси Россия билан ҳамкорликда қайта ишга тушириладиган бўлди.

Тожикистон парламенти Россия билан имзоланган “Помир -Чакалтой” илмий- тадқиқот марказини ташкил этиш хақидаги ҳужжатни ратификация қилди.

Тожикистон ва Россия президентларининг сўнгги учрашуви чоғида бу марказни ташкил этиш масаласи келишилган эди.

Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг феврал ойи охирида Москвага қилган сафари чоғида, Душанбе ва Кремл ўртасида сўнгги пайтларда юзага келган бир қатор муаммоларга диққат қаратилди.

Таҳлилчиларга кўра, Медведевнинг Тожикистондаги гидроэлектрстанциялари қурилиши юзасидан гўёки Ўзбекистонга ён босгани, айни пайтда шу каби лойиҳа учун Қирғизистонга икки миллиард доллар ёрдам кўрсатиш ваъдасини бергани расмий Душанбенинг иззат-нафсига теккан. Бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир қилган.

- Бироқ илгариги сафарлардан фарқли ўлароқ, Имомали Раҳмон, Россия билан олдин имзоланган битимлар шартларини ҳам қайта кўриб чиқишга эришган.

Жумладан, Россия мулкига ўтган Норак шаҳридаги "Окно" ҳарбий иншооти ва Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси учун олдин келишилган нархлар ўзгариши бўйича якдилликка эришилди.

Икки давлат раҳбарлари иқтисодий ва ҳарбий масалалар билан бирга, Россиянинг Тожикистон ҳудудидаги сармоялари ва хусусий мулклари масаласини кўриб чиқдилар, дейди ҳукумат делегацияси таркибида Москвага борган Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти ходими Неъмат Мансурхўжаев.

Унинг айтишича, республика шарқидаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманида 20 йил олдин консервация қилинган “Помир - Чакалтой” илмий-тадқиқот марказини қайта ишга тушириш тўғрисидаги ҳужжатнинг имзолангани ҳам Россия томонидан Тожикистонга сармоя ётқизилиши ва ҳарбий алоқалар мустаҳкамланишидан далолат бермоқда.

“Помир - Чакалтой” маркази шўролар давридаёқ ҳарбий стратегик иншоот ҳисобланарди. Ўтган асрнинг 72 йили энг баланд тоғли Мурғоб туманида ушбу тажриба станцияси қурилган эди. Тажриба станцияда, шунингдек, жаҳондаги энг йирик эмулсион-ренгент аппарати ўрнатилган эди.

Станцияда ўтказилган тадқиқотларда саккизта мамлакат¸ жумладан Бразилия, Полша, Япония, ва Боливия мутахассислари ҳам қатнашган.

Республика парламенти ратификация қилган ҳужжатга кўра, Тожикистон томони станция жойлашган Мурғоб туманидаги 12 гектар ерни ҳам Россияга сотган.

Тожикистон Фанлар академияси академиги Музаффар Юнусовнинг айтишича, мазкур станция жуда муҳим илмий иншоотлардан бири ҳисобланади.

- Станция жуда баланд тоғда жойлашганлиги сабабли, унинг космосдан келаётган заррачаларни қабул қилиши осон. Мурғобдаги станция жаҳондаги шундай марказларга нисбатан энг баланди ҳисобланади.

Станция денгиз сатҳидан 4400 метр баландликда жойлашган.

Айтайлик, Япониянинг Фудзияма тоғидаги станция денгиз сатҳидан 3750 метр,Боливиянинг Чакалтой тоғида жойлашгани эса 3000 метрдан сал кўпроқ баландликда қурилган.

Помирда барпо этилган станция айнан Боливиядаги Чакалтой тоғи номи билан аталган.

Cтанция қанчалик баландликда жойлашган бўлса,фазодан келаётган нурларни кўпроқ йиғиш қобилиятига эга бўлади.Чунки фазодан келаётган нур тезлиги жуда баланд ва ерга яқинлашган сари тарқоқ бўлади.

Айтайлик, 4-5 километр баландликда нурлар парчаланиши ва тарқоқлиги камроқ кузатилади. Ушбу нурларни кўпроқ йиғиш учун станция ҳам баландликда қурилиши керак.

Демак, мазкур станцияда юқори энергияни ўзида тўплаб,нур қувватини кўпайтирувчи қўшимча тезлатгичларни ўрнатишга ҳожат йўқ, дейди олим.

Олимнинг сўзларига кўра, мазкур марказда юқори энергия элементар зарраларининг ўзаро таъсири ўрганилади.

Содда қилиб айтилганда, ядровий физика соҳасига оид космик -ҳарбий тадқиқотлар амалга оширилади.

Бироқ станциянинг асосий йўналиши, Шўролар давридан маълум “Тесла” ҳарбий қурилмасига ўхшашдир.

Академикнинг сўзларига кўра,мазкур станцияда ҳосил қилинган энергия ёрдамида фазода бўшлиқ ташкил этилади. Бу бўшлиқни машҳур “Бермуд уч бурчаги”га ўхшатиш мумкин.

Бундай станция ҳарбий соҳада нақадар муҳим эканлигига изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак. Бундан ташқари,станцияда ўтказилган тадқиқотларнинг энергетика соҳасига ҳам нафи тегади¸ деган фикрда тожикистонлик академик Музаффар Юнусов.
XS
SM
MD
LG