Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

Ёмонларнинг ёмони


Freedom house ташкилоти¸ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг 2005 йилдан бери ëмондан ëмонлашаëтганини айтиб келмоқда.
Freedom house ташкилоти¸ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг 2005 йилдан бери ëмондан ëмонлашаëтганини айтиб келмоқда.

Freedom house ташкилоти эълон қилган янги ҳисобот шундай номланади ва унда Ўзбекистон Бирма, Экваториал Гвинея, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Туркманистон қатори яна дунёнинг энг репрессив давлатлари сафига киритилди.

Freedom house - Озодлик уйи ташкилотига кўра, “Ёмонларнинг ёмони” сифатида тилга олинган саккиз давлатда қатағонлар энг шафқатсиз тарзда амалга оширилади ҳамда инсон ҳуқуқлари энг кескин поймол қилинади.

“Марказий Осиёнинг ана шундай икки давлати¸ Ўзбекистон ва Туркманистон¸ Совет давридан қолган диктаторлар томонидан бошқарилади”¸ дейилади ҳисоботда.

Озодлик уйи ташкилотининг Европа дастурлари директори Владимир Школьников, Ўзбекистоннинг “Ёмонларнинг ёмони” гуруҳига мансублигига ҳеч қандай шубҳам йўқ, дейди.

Школьниковнинг айтишича, мамлакатда сиёсий ҳақ–ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар борасида ўта аянчли вазият юзага келган.

Аслида Ўзбекистон Озодлик уйи гуруҳининг эркин бўлмаган давлатлари қора рўйхатида 2005 йил Андижон воқеаларидан аввал ҳам бор эди.

Аммо айнан Андижондаги ғалаённинг қонли бостирилиши ҳамда бошқа ўнлаб халқаро ташкилотлар қаторида Озодлик уйининг ҳам мамлакатдан чиқариб юборилиши ортидан ташкилот Ўзбекистонни кескин танқид остига олишни бошлади.

2008 йил давомида АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш томон ижобий қадамлар ташланганини айтиб, Андижон воқеалари сабабли киритилган санкцияларни салмоқли даражада юмшатган эди.

Озодлик уйи вакили бу ҳаракатларни Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшилангани билан сира боғлиқ бўлмаган сиёсий мулоқотнинг бир кўриниши сифатида баҳолайди.

- Авваламбор¸ биз ҳатто энг ёмон давлат билан олиб борилаётган мулоқотга ҳам қарши эмасмиз. Лекин ҳозирча биз Ўзбекистонда яхшиланиш бор¸ деган баҳога қўшилмаймиз. Эҳтимол¸ бу биз кўролмаётган қандайдир микроскопик ўзгаришлардир. Лекин мамлакатда ҳамон қийноқлар ва қатағонлар кенг кўламда давом этмоқда¸ дейди Freedom house вакили.

Ўтган ой Россиядаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда 2004-2008 йиллар оралиғида қамоққа олинган сиёсий маҳбуслар рўйхатини эълон қилди.

293 саҳифага жо бўлган рўйхатга 1452 маҳбус номи кирган. Уларнинг қарийб 95 фоизи диний мотивлар бўйича айбланганлардир.

Озодлик уйи ва бошқа етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Ўзбекистонга бераётган бундай баҳосига расмий Тошкент кескин эътироз билдириб келади.

Хусусан¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот вакили Светлана Ортиқова Озодлик билан қилган суҳбатида¸ мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳукумат олдидаги устувор масала қилиб белгиланганини таъкидлади.

- Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буëн ҳуқуқий ва демократик давлатни барпо этишда жуда катта қадамларни ташлаган. Айниқса¸ ҳар битта қадам замирида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш¸ инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ëтади¸ деган эди Светлана Ортиқова.

Расмий Тошкент муносабатини акс эттирувчи Минтақавий сиёсат жамғармаси таҳлилчисининг ёзишича, Freedom house нодавлат ташкилот бўлишига қарамасдан¸ АҚШ сиёсатини ёқламайдиган давлатларнигина танқид этади.

Аммо ташкилотнинг навбатдаги кескин танқид билан чиқиши АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларида яна илиқлашув пайдо бўлаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Владимир Школьников фикрича, АҚШ маъмурияти алоқаларни яхшилаш мақсади холисликни гаровга қўймаслиги керак.

- Ғарб танқидларни камайтириб¸ Ўзбекистон билан яқинлашишга умид қилаётган бўлса, менда бир дежавью туйғуси пайдо бўладики, гўё бунақасини олдин ҳам кўргандай бўламан. Бундай ўйиндан нима чиққанини эса ҳамма билади¸ дейди Школьников Андижон воқеаларига ишора қилиб.

Гапида давом этар экан, "Йўқ¸ асло биз Ўзбекистонни бойкот қилишга чақираётганимиз йўқ. Шунчаки бу ҳукумат билан олиб борилаётган ҳар қандай мулоқот натижаларга йўналтирилиши керак", дейди у.
XS
SM
MD
LG