Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Журналист ҳужумчиси ушланди


Касалхонада 12 кун ётиб чиққан Баҳодир Кенжабоев ўзига бир эмас, бир неча киши ҳужум қилганини айтмоқда.
Касалхонада 12 кун ётиб чиққан Баҳодир Кенжабоев ўзига бир эмас, бир неча киши ҳужум қилганини айтмоқда.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, ЎшТВ тасвирчиси Баҳодир Кенжабоевни калтаклаб кетганликда гумон қилинган Марат Мавлянов исмли шахс қўлга олинган.

1985 йилда туғилган Мавлянов тергов жараёнида Баҳодир Кенжабоевни калтаклаганини тан олди, бироқ бунга Кенжабоевнинг ўз айбдор эканини айтди:

- 2009 йилнинг 7 март куни дўстларим билан учрашиш мақсадида Зайнобиддинов кўчасидаги “Жек Пот” ўйин клубига бордим. Дўстларим келмаган экан. Уларга телефон қилмоқчи бўлиб, клубда ўйнаб ўтирган 25-30 ёшлардаги ўзбек йигитидан телефонини бериб туришни сўрадим.

Клуб ертўлада жойлашгани боис телефон антеннаси яхши тортмади. Мен ташқарига чиқиб, дўстимга телефон қилаётганимда ортимдан телефон эгаси чиқиб телефонни қайтариб беришни сўради. Мен: “ака, сабр қил, гаплашиб олай” дейишимга қарамай, қўлимдан торта бошлади. Сўнг мени уриб юборди.

Зарбадан қочган пайтимда қўлимдан телефони учиб кетди. Ҳалиги йигит мени бир-икки марта тепканидан сўнг сабрим чидамай, уни уриб юбордим. Иккаламиз муштлашиб кетдик. У ётиб қолганидан сўнг мен қочиб кетдим, деди воқеа юзасидан айбланаётган Марат Мавлянов.

Тергов жараёнида қўлга олинган Мавлянов Баҳодир Кенжабоевни ўзи ёлғиз ва қўли билан урганини айтган. Бироқ жабрланувчи Баҳодир Кенжабоев уни бир неча киши калтаклаганини айтади:

- У мени ўзи ёлғиз урмаган, негаки у менинг рўпарамда турган эди. Унинг урганини кўрган бўлар эдим. У рўпарамда турганида ортимдан унинг шериги келиб урган.

У мени қўли билан урган эмас. Негаки, менинг уч ерим ёрилган. Қошим тикилди. Бошимнинг орқа тарафидан уч жойи ёрилиб кетган. Унинг шериклари борлиги аниқ.

У билан тортишаётганимизда нарироқда икки йигит ҳам турган эди. Мен 12 кун касалхонада ётган бўлсам, шундан фақат беш кунини биламан, қолган кунларни умуман эслай олмайман, дейди Баҳодир Кенжабоев.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида “ЎшТВ” телеканали бош тасвирчиси Баҳодир Кенжабоев номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилганди.

Маълум бўлишича, маҳаллий вақт билан кечки соат 20.30 да нотаниш кимса унинг олдига келиб, мобил телефонини бериб туришни сўраган. Телефонни олгач, у қочиб кетмоқчи бўлган.

Баҳодир Кенжабоев унинг ортидан қувиб етганидан сўнг¸ улар муштлашиб кетганлар. Муштлашув натижасида етказилган тан жароҳати туфайли Кенжабоев оғир аҳволда касалхонага етказилган. Уни калтаклаган шахс эса воқеа жойидан қочиб кетган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг маълум қилишича, мазкур жиноят устидан Қирғизистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси, яъни ўғирлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бугунги кунда айбланувчи - Марат Мавляновнинг қўлга олингани, унинг воқеага алоқадорлигини тан олганига қарамай, тергов ишлари давом этмоқда.

- Баҳодир Кенжабоев юзлаштириш пайтида уч одам ичидан ўзини калтаклаган шахсни таниди. Шундай бўлса-да, воқеага тўла аниқлик киритиш мақсадида тергов жараёни давом этмоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Баҳодирнинг касбий фаолиятига бу воқеанинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг калтакланишини касбига боғлашнинг ҳам кераги йўқ, деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Аввалроқ ЎшТВ телеканали раҳбарияти бош операторнинг калтакланишини унинг касбий фаолияти билан боғлаган эди. Ҳозирда ЎшТВ раҳбари Халилжон Худойбердиев бу борада суд ҳукмини кутишини айтади:

- Энди унинг калтакланиши касбий фаолиятига боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслигини суд ҳал қилади, дейди Ҳалилжон Худойбердиев.

Қирғизистонда 2007 йилдан буён бир неча журналист номаълум шахслар тарафидан калтакланган. 2007 йил октябрида эса ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов номаълум шахслар тарафидан ўлдириб кетилган.

2008 йилда “Кабар” ахборот агентлигининг журналисти Алтин Жолдошев номаълум кишилар томонидан калтакланганди. Шу йилнинг 3 март куни эса “Репортёр-Бишкек” газетасининг мухбири Сирғақ Абдилбаев пичоқлаб кетилган.
XS
SM
MD
LG