Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:43

Мухолифат баҳори бошланди


Мухолифатнинг Бишкекдаги кўп минг кишилик норозилик намойиши кўтаринки кайфиятда ўтди.
Мухолифатнинг Бишкекдаги кўп минг кишилик норозилик намойиши кўтаринки кайфиятда ўтди.

27 март куни Қирғизистон бўйлаб мухолифатдаги Бирлашган Халқ Ҳаракатининг Бакиев ҳокимиятига қарши уюштирган оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Бишкекдаги норозилик намойиши мухолифатдаги Ота макон, Асаба, Яшиллар, социал-демократлар ва Оқ шумқор партияларини бирлаштирган Қирғизистон Халқ Ҳаракати томонидан уюштирилди.

- Биз Бакиевни оилавий ва криминал бошқарув тизимини яратганликда айблаймиз. Биз бу тузумни ўзгартириш учун ҳеч нарсадан қайтмай, қатъийлик билан курашамиз, деди митингда сўзга чиққан Ота макон партияси лидери Ўмурбек Текебаев.

Қирғиз парламенти раисининг собиқ ўринбосари Эркин Алимбеков эса Қирғизистонга Россия томонидан берилиши кутилаётган 2 миллиард долларлик кредит масаласига тўхталди.

- Биз бошқарув тизимини ўзгартирмас эканмиз, ошкораликка эришмас эканмиз, қарзга берилган маблағнинг ҳар бир тийини қаерга ишлатилгани тўғрисида журналистларга маълумот бериш имкониятини яратмас эканмиз, бу пуллар ҳам ҳукумат тепасидагилар томонидан талон-тарож қилинади. Бакиев ҳукумати халқни яна қарзга ботиради, деди Эркин Алимбеков.

Мухолифат митингида сўзга чиққанлар президент Бакиев бошқарувида ўтган сўнгги тўрт йил давомида халқнинг турмуш даражаси пасайгани, коррупция кучайгани ва айниқса, сўз эркинлигига босим кучайганини айтиб ўтдилар.

Норозилар Бакиевдан мухолифат лидерларига ва матбуотга босим ўтказишни тўхтатишни, сўз эркинлигига тўсиқлар қўймасликни талаб қилдилар.
Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев мамлакатни Бакиевларнинг криминал чангалидан қутқаришга чақирди.
Норозилик намойишида кузатувчи сифатида иштирок этган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Озодлик билан суҳбатда мухолифатнинг бу талаблари қисман ўринли эканини айтди:

- Мен айрим фикрларга қўшиламан. Инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақидаги гаплар ўринлидир. Мен парламентда қилган чиқишимда инсон ҳуқуқлари вазияти 2008 йилда 2007 йилга нисбатан анча ёмонлашгани тўғрисида айтганман.

Мухолифат лидерларига ҳукумат тазйиқ ўтказаётир. Мухолифат намоёндалари Аликбек Жекшенқуловнинг қамалиши ва Исмоил Исақовнинг судланаётгани ҳам сиёсий асосга эга, деб ҳисоблайман, деди Турсунбек Акун.

Шу билан бирга, Омбудсмен мамлакат авторитар бошқарув тизимига ўтгани тўғрисидаги фикрларга қўшилмаслигини, мухолифатга кўп минг кишилик митинг ўтказишга рухсат берилганининг ўзи Қирғизистон демократик йўлдан қайтмаганидан далолат эканини қайд этди.

Мухолифатнинг норозилик митинглари Бишкекдан ташқари республиканинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

Олинган хабарларга кўра, баъзи туманларда ўтган митингларда 100 нафар, баъзи туманлардаги митингларда эса 1000 га яқин мухолифат тарафдорлари намойишга чиққанлар.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланмиш Ўш шаҳрида ўтган намойишда эса мухолифатчилар фаоллиги кузатилмади.

Қирғиз мухолифатининг Ўшда ўтказилиши режалаштирилган тинч митинги ташкилотчилари митингга 300-400 атрофида одам қатнашиши мумкинлигини эълон қилган эдилар. Бунинг учун Ўш шаҳар мэрияси мухолифат вакилларига расман рухсат берган ва митинг 27 март куни Ўшдаги “Семетей” кинотеатри соат 11.00 да ўтказиладиган бўлган. Бироқ митингда атиги 15 одам иштирок этди.

Бакиевнинг асосий таянч базаси деб қараладиган Қирғизистон жанубида мухолифат уринишлари қарийб бесамар қолди.
- Шаҳар бўйлаб 6 та ҳудудда гуруҳларимиз бор эди. Улар бугунги кунда турли тўсиқларга учраб кела олмадилар. Айни пайтда, Аравон туманида Ота Макон партиясининг координаторини қамаб қўйишди. Ҳозирда унинг устидан тергов кетмоқда.

Бундан ташқари, Бирлашган халқ ҳаракатининг Ўшдаги етакчиларидан бири Мирзабек Ахмат ҳам уйидан олиб кетилганича дом-дараксиз. Ҳозир унинг қаерда экани номаълум.

Бу каби таъқиблар шаҳар миқёсида бўлаяпти. Олий ўқув юртлари талабалари ва бюджет ташкилотлари ходимларининг барчасига митингда иштирок этиш таъқиқланган, деди Ота Макон партиясидан вакили, тинчлик митинги ташкилий ишлар штаби раҳбари Тўлўгўн Келдибаев митингга келувчилар сони камроқ эканини изоҳларкан.

Бироқ расмийлар бу айбловларга раддия бермоқдалар. Ўш шаҳар прокурори Бўкўнбай Казаков ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан ҳеч кимга босим кўрсатилмаганини айтади:

- Бугунги митинг ташкилотчилари Ўш шаҳар ҳокимиятига марказий майдонда митинг ўтказишга рухсат берилишини сўраб расман мурожаат қилганлар. Бироқ марказий майдон аввалроқ бошқа тадбир учун берилгани боис Ўш шаҳар ҳокимияти ушбу тадбирни Семетей кинотеатрида ўтказиш учун расман рухсат берган.

Аммо, ўзингиз кўриб турганингиздек, бугун 10 ёки 15 одамгина йиғилди. Митинг иштирокчиларига кимлардир тўсқинлик қилаётгани ёки қўрқитаётгани тўғрисидаги гаплар эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Кинотеатр очиқ, ҳеч ким йўқ, ҳеч кимга қаршилик кўрсатилмаяпти, деди Ўш шаҳар прокурори Бўкўнбай Казаков.

Ўш шаҳар ҳокимияти мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича бўлим бошлиғи Турсуной Айтматованинг маълум қилишича, мухолифат вакиллари томонидан берилган огоҳлантириш мактубида митингга тахминан 2 минг одам қатнашиши айтилганди.

Бирлашган халқ ҳаракати аъзоси Анвар Ортиқовнинг билдиришича эса мухолифатнинг асосий кучлари Ўш вилоятининг Қорақулжа ва Олой туманларида бўлиб ўтувчи митингга юборилгани туфайли Ўш шаҳридаги митингда кўп одам қатнашолмаган.

Республика бўйлаб ўтган норозилик митингларида президент Бакиевга бир неча талаблар қўйилди.

Мухолифатчилар марказий Сайлов комиссияси таркибида мухолифатчилар сони 50 фоиздан кам бўлмаслигини, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарларининг 50 фоизини мухолфиатчилардан тайинлаш, шаффоф сайловлар ўтказиш ва ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилишни тўхтатиш тўғрисидаги талабномани президент маъмуриятига жўнатдилар.

- Агар бу талаблар 20 апрелгача бажарилмаса, мухолифат республика бўйлаб муддатсиз митингларни бошлайди, деди мухолифат лидерларидан бири Исмоил Исақов.
XS
SM
MD
LG