Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:52

"АҚШ Ўзбекистонга нисбатан чора кўрмаяпти"


Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар АҚШни диндорлар ҳуқуқини паймол этаётган Ўзбекистонга нисбатан етарли чоралар кўрмаётганликда айбламоқдалар.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар АҚШни диндорлар ҳуқуқини паймол этаётган Ўзбекистонга нисбатан етарли чоралар кўрмаётганликда айбламоқдалар.

Ўзбекистон бу йил ҳам АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар топталаётган энг хавотирли давлатлар рўйхатига киритилди.

АҚШдаги диний эркинликлар бўйича халқаро комиссия АҚШ давлат департаменти бу мамлакатдаги аҳволни ўнглаш учун етарли чора кўрмаётганидан жиддий хавотир билдирди.

АҚШ Давлат департаментининг диний эркинлар чидаб бўлмас даражада поймол этилаётгани боис “Ўта хавотирли давлатлар”, деб номланган рўйхатига 8 давлат киритилган: Бирма, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Хитой халқ республикаси, Саудия Арабистони, Судан ҳамда Ўзбекистон.

Айни шу давлатлар 2006 йилги рўйхатга ҳам киритилган эди.

АҚШдаги Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссия бу рўйхатда аслида 14 давлат номи бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди.


-Аммо АҚШнинг собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс бошчилигидаги департамент буни рад этди ва 2006 йилдан буён диний ҳуқуқлар муттасил поймол этилаётган ўта хавотирли Ўзбекистон ва Саудия Арабистонига нисбатан чора кўрмади,- деб таъкидлади комиссия раиси Фелис Гаер.

АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида чоп этилган ахборотда айтилишича, Фелис Гаер: “Ўзбекистон ва Саудия Арабистонида диний эркинликлар вазияти даҳшатли даражада ёмонлашган ва вазиятни ўнглаш учун АҚШ ҳукуматининг махсус аралашуви талаб этилади”, деб ҳисоблайди.

Комиссия вакиллари АҚШ Давлат департаментига бу давлатлардаги вазиятни ўнглаш йўлида кўрилиши мумкин бўлган чоралар, жумладан, санкциялар қўллашни ҳам тавсия қилган. Аммо, департаментнинг бундай чоралари Ўзбекистонни четлаб ўтаётган эди.

Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссия АҚШ Давлат департаментининг Ҳиллари Клинтон етакчилигидаги янги раҳбарияти, ниҳоят, бу талабларни инобатга олиши ҳамда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматига нисбатан тегишли чоралар кўришига умид билдирди.

- Ўзбекистонда диний эркинликлар ва умуман, инсон ҳуқуқлари аҳволи ўнгланишида халқаро жамоатчиликнинг иштироки зарур, зеро, мамлакатдаги аҳвол йилдан йилга чидаб бўлмас даражада оғирлашмоқда, - дейди АҚШдаги ҳайъат даъватини қувватлаб, Халқаро амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вайшердинг.

У ҳам янги Давлат котиби Ҳиллари Клинтон даврида жиддий ўзгаришлар бўлишига умид билдирди.

- Янги Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга умид боғлаганим сабаби шундаки, у Америка ҳукуматининг “Жасоратли аёл” мукофоти тақдимот маросимида жуда жиддий нутқ қилди. У АҚШ янги маъмуриятининг ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқлари биринчи даражали масалалардан бири бўлиши ва бу масала унинг ўзи учун ҳам бирламчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Мен қаттиқ умид қиламанки, бу ваъда бажарилади ва инсон ҳуқуқлари масаласи АҚШ янги маъмуриятининг ташқи сиёсатидаги устивор йўналиши бўлади,- дейди Халқаро амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вайшердинг.

Халқаро амнистия ташкилоти ҳам Ўзбекистонда диний эркинликлар аҳволи ва умуман, инсон ҳуқуқлари вазиятидан жиддий хавотирда.

Мамлакатдаги аҳволни ўнглаш, диндорларга нисбатан авж олаётган репрессияни тўхтатиш учун фақатгина танқид қилиш ва Ўзбекистон номини турли қора рўйхатларга киритиш етарли чора эмас, деб ҳисобламоқда аксар халқаро ташкилотлар.

Зеро, танқид ва қоралаш оҳанги қанчалик кучайтирилганига қарамай мамлакатдаги аҳвол йилдан йилга оғирлашиб бораётганини дунёда диний эркинликлар вазиятини кузатиб борувчи “Форум 18” ташкилоти ҳам қайд этмоқда.

Ташкилот вакили Жон Кинахан бунга мисол қилиб, сўнгги қисқа даврда қайд этилган маълумотларни келтирди:

- Ўзбекистонда вазият янада хавотирли тус олаётганига мисол қилиб, Саид Нурсийнинг издошлари , дейилган беш мусулмоннинг узоқ муддатларга қамалгани, яна тўққиз нафари эса суд ҳукмини кутаётганини келтириш мумкин.

Сўнгги қисқа давр ичида насронийлардан ҳам тўрт нафари қамалди. Кейинги пайтда кучайтирилган қаттиқўл сиёсат оқибатида рўйхатга олинмаган диний жамоаларнинг фаолияти таъқиқланиши эса мавжуд халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зиддир,- дея санаб ўтди “Форум 18” ташкилоти вакили Жон Кинахан.

Унинг фикрича, бундай қўпол ҳуқуқбузарликлар тўхтатилишига авваломбор Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи масъул ва айни пайтда халқаро жамоатчилик ҳам Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариши учун унга нисбатан босимни янада кучайтириши, реал талаблар асосида мулоқот олиб бориши лозим.

XS
SM
MD
LG