Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Уммон Ўзбекистонга кирмоқда


Нақд пул ҳамма нарсадан тақчил бўлиб турган ҳозирги инқироз шароитида Форз кўрфази давлатлари сармояси дунëнинг чор тарафида энг азиз меҳмонга айланди.
Нақд пул ҳамма нарсадан тақчил бўлиб турган ҳозирги инқироз шароитида Форз кўрфази давлатлари сармояси дунëнинг чор тарафида энг азиз меҳмонга айланди.

Ғарб давлатларининг аксари иқтисодий бўҳронга қарши кураш билан банд бўлиб турганда¸ қўлида нақд сармояси бор Форс кўрфази ширкатлари Ўзбекистондаги стратегик соҳаларга инвестиция ëтқизаëтир.

30 март куни Тошкентда Уммон миллий иқтисодиёт вазири Аҳмад бин Абдунаби Маккий бошчилигидаги расмийлар ҳамда йирик бизнес доираларидан таркиб топган делегация Ўзбекистоннинг етакчи соҳалари раҳбарлари билан учрашди. Учрашув ниҳоясида Ўзбекистон ва Уммон ўртасида капитали 500 миллион долларлик қўшма сармоя компаниясини тузиш ҳақидаги меморандум имзоланди.
Ўзбек расмийлари нефт долларларига бой Уммон султонлигини жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга қизиқтиришга ҳаракат қилиб келди. Уммон расмийлари ва йирик бизнесс вакилларининг Тошкентга сафари бу ҳаракатларнинг ҳозирча зоe кетмаётганини кўрсатади.
Уммон Миллий иқтисодиёт вазирлиги мулозими ўз давлатининг Ўзбекистонга қизиқиши юқори эканини айтди.

- Ўзбекистонга Уммоннинг йирик компаниялари вакиллари ва вазирнинг ўзи жўнаб кетди. Вазиримизнинг шахсан Тошкентга бориши анча жиддий нарсалардан дарак беради, дейди Уммон Миллий иқтисодиёт вазирлигининг расмийси.

Январ ойида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниевнинг Маскатга қилган сафари давомида Уммонга дон ва мева маҳсулотларини сотишга келишиб олинган эди.

Мана энди Уммон делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғида Уммондан катта сармояларнинг келишини назарда тутувчи қўшма сармоя компаниясини тузиш ҳақидаги меморандум имзоланди. Ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича келишувларга имзо қўйилди.

Уммон ва Ўзбекистон қўшма сармоя компаниясини ташкил этиш учун 500 миллион долларга тенг бўлиши айтилаётган капиталнинг қанча миқдорини Уммон бериши ҳозирча номаълум.

Бироқ ўтган йили Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида “Ўзэмиратхолдинг” қўшма сармоя компанияси ташкил этилганида амирликлар компанияга бир миллиард долларга тенг асосий улушни қўшишга розилик берган эди.

Расмийларга кўра, тузилаётган қўшма сармоя компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг тўқимачилик, нефт-газ, кимё саноати каби стратегик соҳаларга инвестиция ётқизади.

Яқин Шарқ давлатлари иқтисодиёти бўйича мутахассис Виктор Ивонин Ўзбекистоннинг араб давлатлари билан бундай яқинлашувини олқишлаш кераклигини айтар экан, уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиши бежиз эмаслигини таъкидлайди.

- Уларнинг бугун нефтдан тушган пуллари бор. Аммо уларнинг асосий мақсади бу пулларни бирор жойга қўйиб, узоқ йиллар давомида даромад кўришдир.

Ўзбекистондаги коррупциядан улар яхши хабардор, аммо берадиган поралари билан бирга ҳисоблаганда ҳам, улар бу ерда даромад кўриш мумкин деган xулосага келишган, дейди иқтисодчи Виктор Ивонин.

Ивонинга кўра, Яқин Шарқ давлатлари Ўзбекистонга берадиган сармоялари эвазига ҳукуматдан сиёсий ислоҳотларни талаб қилмайди. Ўзбекистон ҳукуматининг уларни қизиқтиришга ҳаракат қилаётгани фақатгина шу билан изоҳланмайди, дейди у.

- Оддий қилиб айтадиган бўлсам, европаликларда пул йўқ. Уларни биз бой давлатлар деб ҳисоблаймиз, аммо уларнинг иқтисодиётлари шу қадар баланс қилинганки, ҳатто қўшниларига берадиган ортиқча тийини йўқ. Араб давлатларининг эса, аксинча ортиқча пули беҳисоб, дейди иқтисодчи.

Ғарб компаниялари сиёсий вазият ва сармоя муҳитига ишора қилиб Ўзбекистонга сармоя ётқишга жиддий иштиёқ билдирмайди.

Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви унга йиллар давомида Россия, АҚШ ва Хитой ўртасида нозик сиёсий ўйинларни қилиш имконини бергани айтилади.

Бугунги жаҳон молиявий бўҳрони шароитида бу ҳолат муқобил сармоя манбаларини топишда ҳам қўл келмоқда.
XS
SM
MD
LG