Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:52

АҚШ ким билан келишганини яхши билади


АҚШ Давлат котибининг ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевани тақдирлаши¸ инсон ҳуқуқлари фаоллари кўнглида қамоқдаги ўз ҳамкасбларининг тез орада озод этилишига нисбатан умид чироғини ëқди.
АҚШ Давлат котибининг ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевани тақдирлаши¸ инсон ҳуқуқлари фаоллари кўнглида қамоқдаги ўз ҳамкасбларининг тез орада озод этилишига нисбатан умид чироғини ëқди.

Ўзбекистон ҳукумати билан ноҳарбий юкларни Афғонистонга олиб ўтиш борасида келишувга эришилганини билдирган АҚШ Давлат департаменти расмийси¸ инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот давом этишини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Роберт Вуд жума куни берган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан бу давлат ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО кучларига тегишли ноҳарбий юкларни олиб ўтиш тўғрисидаги келишув имзоланганини маълум қилди.

Унга кўра, икки давлат Мудофаа вазирлиги ўзаро хат алмашинуви воситасида тижорий йўналишга оид шундай келишувга эришган.

Ана шу баёнот янграши билан матбуот вакиллари Департамент расмийсига савол билан юзланди:

- Бу келишувни имзолаган экан, демак, АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланган, деган хулосага келдими ёки шу билан инсон ҳуқуқлари масаласи кейинги планга тушдими?

Бу саволга жавобан АҚШ депарматенти расмийси жуда аниқ жавоб берди:

- Биз инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистон ҳукумати билан боғлиқ баъзи хавотирларимиз борлигини айтиб келдик. Аммо, бугун эришилган келишувдан кўзлаган асосий мақсад ва унинг Афғонистондаги толибон ҳамда Ал-Қоидага қарши амалиётларни қувватлаш бўйича мавжуд имконларимизни кенгайтириши жуда муҳимдир.

Равшанки, АҚШ ва Ўзбекистон ҳукумати Толибон ва Ал-Қоиданинг Афғонистонда кучайиши олдини олишдан бирдек манфаатдор.

Шундай экан, ҳа, бизнинг инсон ҳуқуқлари аҳволи билан боғлиқ хавотирларимиз бор, аммо айни вақтда¸ бизнинг Ўзбекистон билан боғлиқ бошқа умумий манфаатларимиз ҳам бор.

Албатта, биз инсон ҳуқуқлари фронтидаги хавотирларимизни билдиришда давом этамиз, деди АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Роберт Вуд.

Ўзбекистон ҳукумати билан кейинги алоқаларда инсон ҳуқуқлари масаласи устивор бўлишини таъкидлаган АҚШ Давлат департаментининг бу баёнотидан сўнг биз Ўзбекистон ичкарисидаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг баъзилари муносабатини ўргандик.

- Андижон воқеаларидан сўнг икки давлат ўртасида ёмонлашган муносабатлар ва мулоқотларнинг узилишидан биз фақат ва фақат ютқаздик, деди бу воқеаларга муносабат билдирган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимига раҳбарлик қилган Бахтиёр Ҳамроев Ўзбекистонда жуда оғирлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари аҳволини ўнглаш йўлида ичкаридан туриб, фаолиятни давом эттираётган жуда оз сонли фаоллардан биридир.

У Андижон воқеаларидан сўнг тўнини тескари кийган Ўзбекистон ҳукуматининг унинг кўплаб сафдошларини банди, кўпчилигини эса юртни ташлаб кетишга мажбур қилганини эслатиб, ҳозирга келиб бу ҳукумат билан мулоқот тарафдорлари сафига қўшилганини айтди.

- Қандай ҳолатда бўлса ҳам¸ албатта¸ ўзларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда¸ Ўзбекистон билан мулоқот олиб бориш керак. Азоб чекиб ëтган дўстларимизни битта-битта бўлса-да¸ озод қилиш сиëсатини энди тушундим ва қўллаб-қувватладим.

Бу ерда жуда нозик сиëсат олиб бораëтганини кўрасиз. Мен ноҳарбий юкларни Афғонистонга ўтказиш бўйича келишув ҳужжатларини ўтган кун ўқидим. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим.

Барак Обаманинг давлат тепасига келиши ва унинг Ўзбекистон билан олиб бораëтган муносабатларида қандайдир янгиликлар бўлади ва дўстларимиз озод бўлади деб умид қиламан¸ дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

У каби оз сонли ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб борган ва ҳозирда Ўзбекистондан чиқариб юборилган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича махсус вакили Игор Воронцов бу келишув АҚШ нинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатларини чекламайди, деган фикрда.

- Аввал АҚШ ҳукуматида Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатига таъсир ўтказиш имкони бор эди ва АҚШ ҳукумати ўзи учун мумкин ва мақбул, деб билган даражада таъсир кўрсатиб келди. Ҳозир ҳам худди шундай бўлади.

Тўғри, давлатлар ўзаро манфаатлари ўртасидаги уйғунлик аввалгидан кўра кучайганини, кутилмаганда, тушуниб қолиши мумкин. Лекин бу уларнинг иши.

Бизнинг нуқтаи-назаримиз шундан иборатки, биз ҳеч қачон Ўзбекистонни яккалаш сиёсатини қувватламаганмиз. Фақатгина биз АҚШ ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида принципиал позицияда собит туришга чақириб келганмиз ва чақиришда давом этамиз, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича махсус вакили Игор Воронцов.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятидан қаттиқ хавотир билдирган ва яқиндагина расмий Тошкент ҳамда дунё жамоатчилигини Андижон воқеаларини унутмасликка чақирган Халқаро амнистия ташкилоти ҳам АҚШ Давлат департаментининг янги раҳбарияти инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистон ҳукумати билан принципиал асосда мулоқот олиб боришига умид қилмоқда.

Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вайшердинг Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг юқори минбардан туриб сўзлаган нутқини бу борадаги жуда жиддий баёнот сифатида қабул қилганини айтган эди.

-Янги Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга умид боғлаганим сабаби шундаки, у Америка ҳукуматининг ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоевага берган “Жасоратли аёл” мукофоти тақдимот маросимида жуда жиддий нутқ қилди.

У АҚШ янги маъмуриятининг ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқлари биринчи даражали масалалардан бири бўлиши ва бу масала унинг ўзи учун ҳам бирламчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Бу ваъда бажарилиши ва инсон ҳуқуқлари масаласи АҚШ янги маъмуриятининг ташқи сиёсати устивор йўналиши бўлишидан қаттиқ умидворман¸ деди Халқаро амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вайшердинг.

Лавҳамиз сўнггида АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўтказган анжуманда кузатилган қизиқ бир ҳолатга эътиборингизни тортмоқчимиз.

Роберт Вудга берилган саволлар орасида: “Бу транзит йўналишида АҚШ ҳарбийлари ҳам Ўзбекистон орқали Афғонистонга олиб ўтиладими?” дейилган савол икки бора такрорланди.

Ҳар икки саволга жавобан Роберт Вуд буни на инкор қилди ва на тасдиқлади - АҚШ расмийсининг моҳир дипломатларга хос равишдаги ҳар икки жавобидан кейин, айтиш мумкинки, журналистларнинг бу борада қўйган конкрет саволлари очиқ қолди.
XS
SM
MD
LG