Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

Клинтон хоним Озодликдан мужда йўллади


Озодлик студиясидаги суҳбат давомида Клинтон хоним¸ афғон халқининг узоқ йиллик фожеалардан сўнг яқин келажакда тинчлик ва фаровонликда яшашига умид билдирди.
Озодлик студиясидаги суҳбат давомида Клинтон хоним¸ афғон халқининг узоқ йиллик фожеалардан сўнг яқин келажакда тинчлик ва фаровонликда яшашига умид билдирди.

Президент Обаманинг илк Европа сафари чоғида унга ҳамроҳлик қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон¸ якшанба куни Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳида меҳмон бўлди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Озодлик радиосининг янги биносини зиёрат қилиб, журналистлар билан учрашди ва уларни ўз фаолиятидаги ютуқлар билан табриклаб, яна янги муваффақиятлар тилади.

Озодлик радиосининг Афғон хизматига берган интервьюсида Клинтон хоним афғонистонлик тингловчилардан ёзиб олинган мингга яқин саволлардан баъзиларига жавоб берди.

Бу саволларда қайта ва қайта тилга олинган масала Америка ва НАТО кучлари томонидан амалга оширилаëтган амалиëтлар давомида қурбон бўлаëтган тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар ва болалар ҳақида бўлди.

Жумладан, кобуллик бир тингловчи Клинтон хонимга йўлланган мурожаатида, тинч аҳолидан берилган қурбонлар “халқаро жамоатчилик обрўсига путур етказди, аммо, мухолиф томон позициясини яна-да кучайтирди”, деб таъкидлади.

Бунга жавобан Клинтон хоним тинч аҳолининг бой берилган умри учун чуқур афсусда эканини урғулади:

- Бу зўравонликни биринчи бўлиб бошлаганлар бу ҳаракатини тўхтатса — зеро, биз ҳозир шунинг умидидамиз — ўшанда АҚШ ва бизнинг иттифоқчиларимиз ҳамда Афғон миллий армияси ҳарбий амалиётлари тугаган бўлар эди. Биз шунинг умидидамиз.

Ҳозир биз президент Обама тарҳини чизган янги стратегия билан толибон ва бошқа экстремистик гуруҳ аъзоларини афғон жамиятига қайтариш, уларни янги, мустаҳкам ва тинч афғон давлати қуриш йўлида жамиятнинг бир қисмига айлантиришга кўндириш¸ кўнмайдиганларни эса мағлуб этиш умидидамиз, деди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

Ҳиллари Клинтонга берилган саволларнинг кўпчилигида коррупция масаласи ҳам тилга олинди.

Кобуллик бир аёл, айниқса, жуда аниқ ва қатъий саволни ўртага қўйди. Агар афғон муаммосини ҳал қилишни истаса, Клинтон хоним оддий одамлар, айниқса, аёллар билан суҳбатлашиши керак, деб таъкидлаган бу аёл “Афғон ҳукумати аъзоларининг 80 фоизи қотил, масъулиятсиз, контрабандачи, гиёҳванд сотувчи ва нопок одамлардан иборат” деди.

Бунга жавобан Клинтон хоним АҚШ маъмурияти бу вазиятдан яхши хабардорлиги ва ўз хавотирларини аниқ ифодалаганини айтди:

- Мен бу ҳақда кўп бор гапирганман, президент Обама ҳам бу ҳақда гапирган, бизнинг минтақадаги махсус вакилимиз Ричард Ҳолбрук ҳам кўп бор жар солган. Биз бу давлатда коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам бериш йўлида илгарилаш учун имконимизда бор ҳамма чорани кўрамиз.

Бу муаммо худди саратон хасталиги каби гап. У одамларнинг ўз ҳукуматига бўлган ишонч ва эътиқодни еб битиради. Биз бу ҳақда ҳокимият вакилларини огоҳлантирганмиз ва коррупция илдизини қирқиш йўлида афғон халқига ёрдам бериш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Афғон халқи 20 йилдан ортиқ зулм чекди. Бу халқ фаровон ҳаётга, унинг ҳаққи учун курашадиган ва янги келажак қуришда халқи томон бўладиган ҳукуматга лойиқ, деди АҚШ Давлат котиби.

Айни пайтда Клинтон хонимдан афғон аёллари ҳимояси йўлида кўмак сўраб, қилинган мурожаатлар ҳам бўлди. Кўпчилик саволларда афғон ҳукуматининг аёллар ҳуқуқини чекловчи қонунни қабул қилгани тилга олинди.

Бундай саволларга жавобан АҚШ Давлат котиби Афғонистон раҳбарияти бу қонунни қайта кўриб чиқишига умид билдирди:

- Мен афғон аёлларининг ғурури, гўзаллиги ва садоқатини кўриб жуда таъсирландим. Билмадим, шахсан мен афғон аёллари совет оккупацияси, толиблар даврида ўз бошидан кечирган кўргуликларга қандай чидаган бўлар эдим?! Бироқ бу аёлларнинг иродаси жуда кучли. Улар ўз оиласидаги эркакларнинг муносиб ҳурматига лойиқ. Улар ўз давлати томонидан имконият ва эркинликлар берилишига, ўз ҳаёт йўлини ўзи танлаш ҳаққига лойиқ. Шу боис, умид қиламанки биз Афғонистон аёлларининг улар учун сақлаш жуда қимматга тушган ғурури топталмайдиган ҳаётга етиши учун имконимизда борини қилишга ҳаракат қиламиз, деди Ҳиллари Клинтон.

Суҳбат давомида АҚШ Давлат котибидан президент Барак Обаманинг Афғонистонга оид янги стратегияси ҳақида ҳам сўралди. Оддий тингловчилар бот-бот такрорлаган савол: “Агар бу стратегия муваффақиятсизликка учраса нима бўлади, бу ерда заҳирадаги “Б” план борми?” деган савол бўлди.

- Биз янги стратегия муваффақият қозонишини кутяпмиз. Аммо, унинг муваффақияти Афғонистон халқига, унинг янги келажак учун нечоғли тайёр эканига боғлиқ.

Унинг муваффақияти бу мамлакат ҳукуматининг коррупция илдизини қирқиши ва афғон халқи манфаатини кўзлайдиган ишларни амалга оширишига боғлиқ.

Бу толибон сафидан қайтган жангчиларнинг ўз фикрида нечоғли собит эканига боғлиқ. Хуллас, ҳамма бир ёқадан бош чиқарса, янги стратегия, албатта, иш беради, деди Ҳиллари Клинтон Озодлик радиоси бош қароргоҳига қилган ташрифи чоғида Афғон хизматига берган эксклюзив интервьюси сўнггида.

XS
SM
MD
LG