Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:44

"Нурчилар" ҳукм кутмоқда


Шу йил феврал ойида Тошкент суди "нурчилик"да айбланган беш йигитга 8 йилдан 12 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайин қилди.
Шу йил феврал ойида Тошкент суди "нурчилик"да айбланган беш йигитга 8 йилдан 12 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайин қилди.

Ўзбекистонда бошланган "нурчилар" ови¸ халқаро кузатувчиларга кўра¸ тобора кенгайиб бормоқда ва ҳозирда радикал диний оқим дея қаралаëтган бу гуруҳ аъзолигида айбланиб¸ суд қарорини кутаëтганлар сони ошмоқда.

“Форум 18” ташкилоти Ўзбекистонда “нурчилар” устидан маҳкама жараёнлари кенгаяётганидан хавотир билдирмоқда.

Ташкилот Тошкент ва Бухоро шаҳарларида туркиялик таниқли ислом олими Бадиуззамон Саид Нурсий издошларига эргашганликда айбланиб, ҳибсга олинган ва суд ҳукмини кутаётган 10 киши тақдиридан хавотир билдирмоқда.

Аввалги дастурларимизда ўтган йилнинг декабр ойидан бошланган ва бирин-кетин давом этган маҳкамалар натижасида Тошкент шаҳрида 7 шахс, Бухорода эса 4 шахс “нурчилик”ка алоқадорликда айбланиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинганини хабар қилган эдик.

“Форум 18” ташкилоти ахборот хизмати муҳаррири Феликс Корли ҳозир яна 10 шахс маҳкамани кутаётгани ҳақдаги маълумотга эга эканини айтмоқда.

Бу бу борада аниқланган сўнгги маълумотларни сўраб, уни суҳбатга тортдик.

- Ўтган йил ёз фаслидан бошлаб, Ўзбекистонда турк уламоси Саид Нурсийнинг издошлари ортидан қаттиқ тазйиқлар бошланди. Бир неча шаҳарларда ўнлаб шахслар ҳибсга олинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу кунларда Бухоро шаҳрида 10 киши маҳкама жараёнини кутмоқда. Биз ҳозирча улардан бир нафарига Ўзбекистон жиноят кодексининг 244-моддасига кўра, айблов эълон қилинганини аниқладик, дейди “Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корли.

Ташкилот, шунингдек, Тошкент шаҳрида суд ҳукмини кутаётган уч шахс тақдири номаълум қолаётганидан хавотир билдирмоқда.

Эслатамиз, булар “Етти иқлим” газетасининг икки журналисти ва наманганлик имом, Ўзбекистонда “нурчилар” ҳаракати асосчиси дейилаётган Мамадали Шаҳобиддиновдир. Уларнинг устидан суд ҳукми 6 апрел куни ўқилиши расман эълон қилинган эди. Аммо, ҳанузга қадар ҳукм ўқилдими ёки яна қолдирилдими - буни аниқлашга муваффақ бўлмадик.

“Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корли ҳам буни аниқлашга бўлаётган уринишлар самарасиз қолаётганини айтар экан, маҳкама жараёнларида қонунбузарликлар кузатилганини таъкидлайди.

Ташкилот Тошкент ва Бухоро шаҳрида “нурчилик”да айбланиб, ҳибсга олинган шахсларнинг яқинлари билан ўтказган мулоқотлари натижасида банди қилинаётган шахслар Ўзбекистонда эътиқоди учун тазйиққа учраётган инсонларнинг навбатдаги бир тўлқини, деган хулосага келган.

-Судга тортилган шахсларнинг оила-аъзолари, дўстлари уларнинг тинч, зўравонликдан йироқ, ҳурматга лойиқ кишилар эканини таъкидламоқда.

Мисол учун, биз танишган маҳкумлардан бири бухоролик Икром Мерожов университет ўқитувчиси.

Яна бири эса Абдул Дадахонов АҚШда таҳсил олган зиёли йигит.

Яна бир нечаси журналист. Уларнинг яқинлари, ҳамкасблари ва ҳуқуқий ҳимоячилари ўз кўрсатмалари инобатга олинмаётганини айтмоқда, дейди Феликс Корли.

“Форум 18” ташкилоти Ўзбекистонда кенгайиб бораётган “нурчилар” га қарши кампания сабаби Каримов ҳукуматининг эътиқоднинг ҳар қандай кўринишига нисбатан тоқатсизлиги ва ҳукумат назоратидан четда бўлган зиёлилар жамоаларидан қўрқувидир, деб ҳисоблайди:

- Бу ҳукумат ўз назоратига бўйсунмайдиган ҳар қандай жамоани хуш кўрмайди. У хоҳ диний, хоҳ диний бўлмаган, хоҳ журналист ташкилоти бўлишидан қатъий назар.

Бу ҳукумат мамлакатда пайдо бўлган ҳар қандай ҳаракатни ўз назорати остига олишга уринади.

Ҳукумат ўз назоратига бўйсунмаслигидан қўрққан “нурчилар” эса тинч, мўътадил мусулмонларнинг навбатдаги гуруҳи, деб ҳисоблаймиз”, дейди “Форум 18” ташкилоти ахборот хизмати муҳаррири Феликс Корли.
XS
SM
MD
LG