Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:44

Новқатда ўқ узилди


Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан диндорларга нисбатан ноҳақ айбловлар кўпайиб бораётганини айтмоқдалар.
Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан диндорларга нисбатан ноҳақ айбловлар кўпайиб бораётганини айтмоқдалар.

Қирғизистон жанубида Ҳизбут-Таҳрирга қарши аёвсиз кураш бошлангани эълон қилингач¸ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари радикал гуруҳларга аъзоликда гумонланганларни қўлга олиш жараёнида ўқ узишдан ҳам тоймаяптилар.

8 апрел куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Ўш вилоятининг Новқат туманида истиқомат қилувчи Козимжон Тўрақуловни Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда гумон қилиб, уйида тинтув ўтказмоқчи бўлганлар. Бироқ тинтув кутилганидек натижа бермади.

- Онам Сартов Азаматга (Козимжон Тўрақуловнинг уйида тинтув ўтказиш учун борган Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири - муаллиф) “уйимга киришингдан олдин сени кийимларингни текшириб кўраман”, деди. Уларда Ҳизбут -Таҳрирнинг китоблари, варақалари бор экан. Шундан сўнг у онамни туртиб юборди. Онам йиқилиб тушганидан сўнг у қочиб кетди, дейди Козимжон Тўрақулов.

Унинг айтишича, шундан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири уларга қарата ўқ узган.

- Аввал онамга “отаман”, деб тахдид қилди. Отам онамни тўсиб туриб¸ “мени от”, деганидан сўнг, Азамат Сартов отамнинг боши устидан биринчи ўқни отди. Иккинчисини оёғининг остига отди. Сўнгра у ўз шериклари билан далага қочиб кетди.

Укам ва қўни - қўшнилар уларнинг ортидан қувиб бордилар. Далада ҳам укамга “яқинлашсанг отаман”, деб яна бир марта ўқ узди, дейди Козимжон Тўрақулов.

Ундан “нега сизнинг уйингизда тинтув ўтказмоқчи бўлишди?” деб сўрадик.

- 2008 йилнинг 1 октябрида Новқат шаҳрида содир бўлган тартибсизликларда иштирок этган, деган айблов билан менинг 23 ёшли жияним 19 йилга қамалиб кетди. Уни ҳеч қандай далил-исботсиз Ҳизбут - Таҳрирга алоқадорликда айблашди. Мен Бишкекка бориб, ҳақиқатни қарор топтиришга ҳаракат қилдим.

Парламентга, Олий судга, Бош прокурорнинг ўринбосарига учрашдим. Бишкекка хақиқат излаб борганим учун мени Ҳизбут -Таҳрир етакчиси ёки Бин Ладиндай террорчи сифатида кўрсатмоқчи бўлишди, дейди Козимжон Тўрақулов.

Биз ушбу ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Ўшдаги Миллий хавфсизлик хизмати бошармасига сим қоқдик.

- Мен ҳозир сизга ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Раҳбарият билан гаплашишингиз керак. Сиз бошқармага келинг Шу ерда ким билан суҳбатлашишингиз мумкинлигини ҳал қиламиз, деди Миллий хавфсизлик бошқармаси ходими.

Бироқ бошқармага борганимизда, ўзини таништирмаган ходим бу ерда ҳеч ким йўқлигини айтди ва мухбирингизни қизиқтирган саволлар юзасидан маълумот беришдан бош тортди.

Ўз исмини айтишимиз ва овозини ёзиб олишимизни истамаган Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги раҳбарий лавозимлардан бирида ишловчи ишончли манбага кўра, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Новқат туманида махсус амалиёт ўтказганлар.

Амалиёт чоғида улар Ҳизбут - Таҳрирга алоқадорликда гумон қилинаётган фуқаро уйига тинтув ўтказиш учун кирганлар. Орган ходимлари тарафидан вилоят прокуратурасидан текширув ўтказиш учун расман берилган санкция кўрсатилишига қарамай, фуқаро ўз яқинлари билан Миллий хавфсизлик ходимларига таҳдид қилган. Шундан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлганлар.

- Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари фақат қонун доирасида харакат қилганлар ва улар фақат бир маротаба огоҳлантирувчи ўқ узганлар, деди ишончли манба.

Ўз исмини айтишимизни истамаган воқеа гувоҳларидан бирига кўра, 8 апрел куни кечаси воқеа жойига Новқат туманининг бир қатор расмийлари ҳам келганлар.

- Кечки пайт бу ерга Новқат ҳокими, туман прокурори, Миллий хавфсизлик хизматининг раҳбари келди. Улар Козим ака билан келишиб, имкони борича бу ишларни ёпти - ёпти қилмоқчилар, дейди воқеа гувоҳларидан бири.
XS
SM
MD
LG