Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Бангкокда аскарлар ва танклар пайдо бўлди


Таиландда фавқулодда ҳолат эълон қилинганига қарамай норозилик намойишлари давом этмоқда.
Таиландда фавқулодда ҳолат эълон қилинганига қарамай норозилик намойишлари давом этмоқда.

Таиланд раҳбарияти ҳукуматга қарши норозиликлар кучайиб бораётгани боис фавқулодда ҳолат эълон қилганига қарамай, якшанба куни намойишчиларнинг каттагинга гуруҳи Ички ишлар вазирлиги биносига киришга уриндилар ва бош вазир Абхсит Ветчачива билан учрашувни талаб қилдилар.

Бангкок марказий кўчаларда ҳарбий аскарлар ҳамда танклар пайдо бўлди.

Бироз муқаддам Таиланд бош вазири Абхсит Ветчачива Бангкок шаҳри ва шаҳарга яқин ҳудудларда ҳукуматга қарши норозиликлар кучайиб бораётгани боис фавқулодда ҳолат эълон қилганини маълум қилган эди.

-Мен фавқулодда ҳолат эълон қилдим ва шу билан боғлиқ чекловларни жорий қилдим. Бундан кўзланган мақсад эса имкон қадар тезроқ вазиятни изга солишдир. Сизларни ишонтираман, ҳукумат бу вазиятда ҳар қандай талофот олдини олиш учун қўлидан келган ҳамма чорани кўради,- деди Таиланд бош вазири Абхсит Ветчачива.

Айни вақтда бош вазир зўравонлик қилишга уринган намойишчиларни қаттиқ жазодан огоҳлантирди.

-Демократия ва қонун доираларида нимани талаб қилишдан қатъий назар, намойишчилар мен билан музокара учун ўз вакилларини жўнатиши мумкин. Лекин биз қонунга зид ҳаракат қиладиган ва бошқаларни ҳам қонунга қарши ҳаракатга чорлайдиган ҳар қандай намойишчига қарши кескин чора қўллаймиз,- деди ўзига қарши намойишга чиққан норозиларга қарата Таиланд бош вазири Абхсит Ветчачива.

Эслатамиз, аввалги бош вазир Таксин Шинаватранинг тарафдорлари якшанба куни Патая шаҳрида Осиё саммити ўтказилиши кўзланган бинога бостириб кирган эди. Оқибатда саммит қолдирилди.

Саммитга келган давлат раҳбарлари эса ҳарбий вертолётлар ёрдамида бинодан олиб чиқилди.

Бу намойишларга бошчилик қилган муҳолифат етакчиларидан бири Арисмун Понгренгрон якшанба куни эрталаб ҳибсга олинди ва бунинг ортидан намойишлар зўрайиб кетишидан чўчиган ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Воқеа жойидаги мухбирлар Бангкок шаҳрининг каттагина кўчалари ва камида битта темир йўл тўсиб қўйилганини хабар қилмоқда.

Қиролга тегишли бинолар, ҳукумат ва парламент бинолари қуролланган ҳарбийлар томонидан қўриқланмоқда. Ҳозирча ҳарбийлар норозилар оломонига нисбатан ҳеч қандай ҳаракат қилмагани айтилмоқда.

Якшанба куни норозилар мамлакат Ички ишлар вазирлиги биносига киришга ҳам уринган ва бош вазир Абхсит Ветчачива билан учрашувни талаб қилган. Аммо бош вазир енгил автомобилда бинодан қочиб чиқиб кетган. Воқеа чоғида бино яқинида отишма овози эшитилгани айтилмоқда.

Бироз муқаддам Бош вазир ўринбосари Сутеп Таугсубан мамлакат ҳарбийларига мурожаат қилиб: “Ҳукумат вакиллари, полициячилар ва аскарлар, илтимос, ўз ваколатингиздан қатъий тарзда қонун доирасида фойдаланинг! Акс ҳолда, мамлакатга янада кўпроқ зиён етиши мумкин. Биз имкон қадар тезроқ тинчлик ва тартибни тиклашимиз шарт”, деди.

Ҳозир Таиланд кўчаларига йиғилган намойишчилар сони юз минг кишига яқинлашгани хабар қилинмоқда. Намойишчилар собиқ бош вазир Таксин Шинаватранинг қайта тикланиши, ҳозирги бош вазир Абхсит Ветчачиванинг истеъфо беришини талаб қилмоқда.

Абхсит бундан 4 ой муқаддам ўтган парламент сайловларидан сўнг иқтидорга келган эди.

XS
SM
MD
LG