Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 12:03

Ғарб Эронга ҳамкорлик қўлини чўзмоқчи


Эрон расмийлари ўз мамлакатида атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланмоқчи эканларини мудом таъкидлаб келадилар, лекин бу ваъдалар ғарбликларга у қадар ишонарли кўринмаяпти.
Эрон расмийлари ўз мамлакатида атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланмоқчи эканларини мудом таъкидлаб келадилар, лекин бу ваъдалар ғарбликларга у қадар ишонарли кўринмаяпти.

“Нью Йорк Таймс” газетасининг 14 апрель сонида "АҚШ Эрон билан музокараларда муҳим шартлардан воз кечиши мумкин" сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи фикрича, агар Эроннинг ядровий дастури борасида расмий Теҳрон билан музокаралар бошланса, АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти ва АҚШнинг европалик иттифоқчилари Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши кераклиги ҳақида Жорж Буш маъмурияти қўйган аввалги талабдан воз кечиши мумкин.

Барак Обама сайловолди кампанияси давомида Эрон билан аввалдан шарт қўймасдан музокаралар бошлашни ваъда қилган эди ва президент вазифасини бажаришга киришганидан кейин унинг маъмурияти ўша ваъдаларни бажаришга киришди.

АҚШ президенти ёрдамчиларининг айтишларича, Эронга нисбатан АҚШ сиёсатини қайта кўриш жараёни давом этмоқда. Уларга асосланиб “Нью Йорк Таймс” газетасининг ёзишича, атом станцияси учун ёнилғи сифатида фойдаланилиши айтилаётган уранни бойитиш ишларини батамом тўхтатиш учун президент Обама Эронга қанча вақт бериши ҳозирча номаълум.

Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган муаммони ҳал этишда Европа Иттифоқи ҳам саъй-ҳаракат қилмоқда.

Ташқи сиёсат бўйича Европа Иттифоқи мутасаддиси Хавер Солана 13 апрель куни Эроннинг ядровий дастури бош музокарачиси Саид Жалилий билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида Жалилий Эрон ўз ядровий дастури борасида 5+1, яъни АҚШ, Британия, Германия, Россия, Франция ва Хитой билан “конструктив ҳамкорлик”ни қутлашини айтган. Бу давлатлар уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Роберт Вуд 13 апрел куни Вашингтонда қилган чиқишида Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлашини айтиб¸ Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини исботлаши кераклигини таъкидлади:

- Биз эронликлар мулоқот ўтказишга қизиқаётганини қутлаймиз. Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, АҚШ ва унинг беш ҳамкори Эронга иқтисодий манфаатли ҳамкорликни таклиф қилган. Биз бу масалани Эрон билан ҳал этиш ниятидамиз.

Бу халқаро ҳамжамият учун муҳим масала. Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини халқаро ҳамжамиятга кўрсатиши керак. Ҳозирча халқаро ҳамжамият бунга амин эмас, деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда¸ мутахассислар ва сиёсатчилар Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони ҳал этиш йўлидаги АҚШ ва ҳамкорларининг янги ташаббусига турли хил муносабат билдирмоқдалар.

Хусусан, БМТнинг Атом энергияси халқаро агентлиги собиқ ходими Бруно Пеллод Озодлик радиосига берган интервьюсида Эрон ядровий дастури билан боғлиқ муаммога ечим топишда АҚШ ўз ҳамкорлари билан янгича ёндошаётганини олқишлади:

- Мен бундан мамнунман. Атом энергияси халқаро агентлиги собиқ расмийси ва олим сифатида мен буни ўз ҳисоботларим, жумладан, Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи учун ўтказган илмий тадқиқотларимда ҳам ёзганман.

Уранни бойитиш ишларини тўлиқ тухтатишни талаб қилиш реал эмаслигини кўпчилик кўп йиллар давомида тушуниб етди, деди Атом энергияси халқаро агентлиги собиқ ходими Бруно Пеллод.

Дэвид Олбрайт қуроллар назорати бўйича собиқ БМТ инспектори. Унинг Озодлик радиосига айтишича, агар Теҳрон уранни бойитиш дастури борасида муроса қилмаса, сўзлашувлар натижасиз тугаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди:

- Бу музокаралар қандай тугашини фақат тахмин қилиш мумкин¸ холос. Агар Эрон "биз уранни бойитишдан ҳеч қачон воз кечмаймиз" деса¸ музокаралар муваффақиятсизликка учраши ва АҚШ Эронга қарши кўпроқ санкциялар жорий қилган даврга қайтилиши аниқ.

Менимча, бу гал халқаро ҳамжамият аввалгидек сабр-тоқатли бўлмайди, дейди қуроллар назорати бўйича собиқ БМТ инспектори Дэвид Олбрайт.

АҚШ ва ҳамкорларининг Эрон билан қачон музокара бошлаши ҳозирча аниқ эмас. Аммо хабарларга кўра, сўзлашувлар бир неча ҳафтадан кейин бошланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG