Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

"Ўзбекистон саноати учун яхши хабар"


 Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда қурилаётган янги тоғ-кон комбинати уч минг одамни иш билан таъминлаши мумкин.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда қурилаётган янги тоғ-кон комбинати уч минг одамни иш билан таъминлаши мумкин.

2009 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб, Қашқадарёдаги Ҳандиза конида янги тоғ-кон металлургия комбинати ишга туширилади. Бу қурилиш учун 147 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Янги комбинатда Ўзбекистон ва умуман дунё саноатида эҳтиёж катта бўлган уч турдаги концентрат – қўрғошин, мис ва рух концентрати ишлаб чиқарилиши режаланган.

Ўз вақтида бу конни ўзлаштириш ҳуқуқи Британиянинг “Oxus Gold” ширкатига берилган эди. 2006 йилнинг август ойида Ўзбекистон ҳукумати Британия ширкатига берилган рухсатни бекор қилди ва бу ҳақни Марказий Осиёдаги энг йирик рангли метал қазиб чиқарувчи Олмалиқ тоғ - кон металлургия комбинатига олиб берган эди.

Эндиликда Ҳандиза конида ишга тушириладиган янги комбинат йилига 650 минг тонна рудани қайта ишлаб чиқариши хабар қилинмоқда.

Бу хабар Ўзбекистон тоғ-кон металлургия саноати учун нимани англатади, деган савол билан ўзбекистонлик саноатчи, Наманган машинасозлик комбинати собиқ директори Абдувоҳид Паттаевга мурожаат қилдик.

Абдувоҳид Паттаев: Ўзи ҳозирги кунда Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати ишларининг кетиши яхши эмас. Қашқадарëда бундай комбинатнинг очилиши жуда яхши маълумот. Сабаби Қашқадарëда ишсизлик жуда катта. 147 миллион доллар сарфланаëтган бўлса¸ демак, бу каттагина комбинат бўлади. Ҳеч бўлмаса 3000 одамга иш ўрни очилса керак.

У ерда ишлаб чиқариладиган қўрғошин¸ рух¸ мис – ҳаммаси Ўзбекистонда ишлатилмаса керак. Рух асосан галваника соҳасида¸ мис ҳам шу соҳада¸ қўрғошин кўпроқ аккамулятор ишлаб чиқаришда ва бошқа соҳаларда ишлатилади.

Ўзбекистон буни ишлатмаса ҳам экспорт қилса бўлади. Чунки дунëда бу металларга талаб катта. Бу Ўзбекистон саноати учун кейинги йилларда эшитилган яхши маълумот. Чунки биз Ўзбекистондан анчадан бери яхши маълумот эшитмаëтган эдик.

Озодлик: Ҳандиза конининг ўзи ҳақида нима дея оласиз? Ўз вақтида бу конни ўзлаштириш ҳуқуқи Британиянинг “Oxus Gold” компаниясига берилган эди. Демак¸ бу компаниянинг эътиборини тортгани бежиз эмас.

Абдувоҳид Паттаев: Тўғри, бежиз эмас¸ лекин бунинг Британия фирмасидан қандай қилиб тортиб олинганини билмадик. Улар ўзи воз кечган бўлиши мумкин.

Хабарда ёзилишича¸ бир йилда 650 минг тонна руда қайта ишланар экан. Агар шундан 20 минг тонна қўрғошин¸ 5000 тонна мис¸ 60 минг тонна рух ажратиб олинадиган бўлса¸ бу кон жуда ҳам рентабелли бўлади. Демак¸ руда таркибида металлнинг фоизи катта. Агар шу рақамлар тўғри бўлса¸ Ҳандиза кони анча диққатга сазовор кон ҳисобланади.

Озодлик: Ўзбекистон тоғ-кон саноатига қандай баҳо берасиз? Бугунги кунда аҳволи қандай?

- Тоғ-кон металлургия комбинати Олмалиқдан ташқари Навоийда ҳам бор. Иккаласида ҳам директорлар алмашди. Ўша вақтда Навоийда Кучерский¸ Олмалиқда Сигедин деганлар бўларди. Булар республикада энг эрка директорлар ҳисобланишарди. Ишлар яхши эди.

Ҳозирги кунда ишлар қандай кетаëтганидан хабарим йўқ¸ лекин тоғ-кон металлургия комбинатлари ишлаши керак. Ўзбекистонда бунинг имкони жуда кўп. Айниқса уран ишлаб чиқариш комбинатлари. Дунëда ҳозир уранга талаб кучли. Атом энергетикасига катта эътибор берилаяпти. Шунинг учун бу соҳага қанча кўп инвестиция киритилса¸ бунинг фойдаси яхши бўлади.

Бошқа имкониятлар ҳам бор. Мана, тошкўмир кони ҳам бор. Чунки ҳозир дунëда газ билан бирга кўмирнинг ҳам нархи кўтарилиб бораяпти. Умуман Ўзбекистонда ер ости қазилма бойликлари кўп.

Ўзбекистоннинг ер ости бойликларида Менделеевнинг деярли барча металлари бор. Энди инвестиция киритиш керак. Пул йўқ. Инвесторларни топиш керак¸ уларни қизиқтириш керак. Уларни қизиқтириш учун уларга кафолат бериш керак, -деди Абдувоҳид Паттаев.

Ўз вақтида Ҳандиза конини ўзлаштириш ҳуқуқи Британияннинг “Oxus Gold” ширкатига берилгани ҳақида гапириб ўтдик. Аммо 2006 йилнинг август ойида бу ҳуқуқ ширкатдан тортиб олинган эди. Орадан кўп ўтмай, “Oxus Gold” ширкати давлатга тўланиши керак бўлган 224 миллион доллар миқдоридаги солиқдан бўйин товлаганликда айбланиб, судга берилган эди.

“Oxus Gold” ширкати бунга қадар Ўзбекистонда, асосан, олтин қазиб олиш саноатига катта сармоя киритишга бел боғлаган ва кейинчалик бундан ҳафсаласи пир бўлган йирик ғарб компанияларидан биридир.
XS
SM
MD
LG