Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Ўзбек боласи ҳамон пахта қули


Ғарблик тадқиқотчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда пахта монополиясидан воз кечилмагунича, ўзбек болалари пахта қуллари бўлиб қолаверади.
Ғарблик тадқиқотчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда пахта монополиясидан воз кечилмагунича, ўзбек болалари пахта қуллари бўлиб қолаверади.

Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳамон юқори даражада қолмоқда. Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари университетининг Марказий Осиё ва Кавказ бўлими ўтказган тадқиқотлар шундай хулоса берди.

Бу ҳақда университетнинг ҳисоботида қайд қилинган. Ҳисобот муаллифлари фикрича, агар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказилмас экан, пахта монополиясидан воз кечилмас экан, ўзбекистонлик болалар пахта қуллари бўлиб қолаверади.

Ўзбекистонда болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш эски муаммо ҳисобланади. Эскилиги шундаки, собиқ иттифоқ даврида ҳам ўзбекистонлик болалар ғўза чопарди ва пахта терарди.

Мустақиллик йилларида одамлар болаларнинг бу пахта қуллигидан қутулишига умид қилган эдилар. Лекин энди болалар мажбурий меҳнатга янада кўпроқ жалб қилина бошланди.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари университетининг Марказий Oсиё ва Кавказ бўлими Ўзбекистоннинг олти туманида болалар меҳнатини кузатган. Энг асосий муаммо, мамлакат қонунчилигида болаларнинг оғир меҳнатга жалб қилиш таъқиқлангану, лекин ҳаётда эса бунинг акси бўлаётганлигида. Университет экспертлари шундай хулосага келганлар.

Бу хулосани сирдарёлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Карим Бозорбоев ҳам тасдиқлайди:

- Биласизми¸ бизда қонунлар¸ фармонлар¸ фармойишлар қабул қилинганига қарамасдан¸ жойларда буларнинг ижролари йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан 2008 йилги пахта мавсуми жараëнида жамиятимизга шундай маълумотлар келдики¸ ҳақиқатан вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Ойбек Шодмонқулович “агар болаларни пахтага чиқармасангизлар ëки чиқмаса¸ уни халқ душмани деб эълон қиламиз”, деб таъкидлаган.

Ҳозир шундай бўлаяптики¸ нафақат пахта балки бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнати кузатилаяпти. Афсуски¸ болаларимиз ҳозир таълим олиб¸ эртага буюк келажак учун ҳақиқий фарзандлар бўлиб етишишнинг ўрнига меҳнат билан ўз вақтларини ўтказишаяпти¸ -дейди Карим Бозорбоев.

"Иккинчи бир муаммо эса, қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар амалга оширилмаганида", деб ёзилади ҳисоботда. Зеро¸ сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишда ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади.

Пахта терими машиналари тамоман ишдан чиқди. Болалар ҳамон пахтани кетмон билан чопади, қўл билан теради.Бу гапларни жиззахлик фермер Меҳри опа ҳам тасдиқлайди.

- Болаларни жалб қилмаслик керак¸ лекин иложи йўқ-да. Кўпроқ мактаб ўқувчиларига таяниб қолинганда¸ - дейди Меҳри опа.

Хўш, унда нега пахтани катта одамлар термайди, нега ишсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатда бор меҳнат ресурсларидан фойдаланилмайди? Биз бу саволни фарғоналик Баҳодир Элбоевга бердик:

- Ие¸ қизиқ экансиз-ку. Битта катта эркак кўчага чиқиб мардикорлик қилса¸ ҳозир 15-20 минг топади, биз 10 минг деб ола қолайлик¸ кунига 10 минг топса¸ бир ойда 300 минг топади. 300 мингни битта фермер битта одамга бера олмайди.

Агар у 50-100 та одам ишлатадиган бўлса¸ жуда катта зиëн кўради. Катта одам мардикор бозорга чиқиб¸ оғирроқ меҳнатларга рози бўлган шароитда ишлайди.

Бола ота-онасининг топгани зўрға рўзғорга етиб турган пайтда¸ ëш нарса пулга эҳтиëжи бор¸ шунинг учун фермерга боради. Улар оғзаки келишган ҳолда арзон пулга ишлашади¸ - дейди Баҳодир Элбоев.

Баҳодир Элбоевнинг айтишича, мамлакатда иқтисодий танглик шу даражага бориб етдики, болаларнинг ўзлари ишлашга рози:

- Болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш, деб 100 фоиз айтиб бўлмайди. Иқтисодий танглик сабабидан келиб чиқсак¸ болаларнинг ўзи ҳам меҳнат қилишга рози¸- дейди Баҳодир Элбоев.

2008 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмаслик ҳақида қарори ҳам чиқди. Бундан ота-оналар¸ ўқитувчилар хурсанд бўлган эдилар. Лекин бу қарордан бир ҳафта ўтмасдан маҳаллий ҳокимлар яна мактаб ўқувчиларини далага ҳайдади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ҳукуматнинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди. Зеро¸ сас садоси чиқмайдиган болаларгина бундай оғир ишларни қилишга рози эдилар, холос.

- Юқоридан болалар меҳнатини таъқиқлаб қарор чиқарган¸ маҳаллий амалдорлар эса талабаларни¸ болаларни мажбурлаб олиб борди. Бормаганини ўқишдан ҳайдайман¸ бошқа қиламан деб қўрқитади.

Бизда 6000 талаба бўлса¸ ярми бориб бормайди¸ ярмидан манфаатдорлик йўлида фойдаланишади. Энди бу нарсани президент аппаратидагилар билмаса керакку¸ Олий таълим вазирлигидагилар билиши керак¸ - дейди наманганлик ўқитувчи.

Самарқандлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Холиқназар Ғаниевнинг айтишича, кўпгина инсон ҳуқуқи ҳимоячилари саволни "Болалар мажбурий меҳнатга жалб қилиниши керакми ёки йўқ"" тарзида қўйишади. Лекин гап бошқа томонда:

- Аслида ундай эмас. Мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳаққимиз борми ëки йўқми тарзида қўйишимиз керак. Пахта қолиб кетади¸ пахтани ким теради¸ пахтада болаларга шароит деган нарсалар нотўғри позиция. Шароит-пароит деган гап бўлиши мумкин эмас.

Болани мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ вассалом. Болалар меҳнатини таъқиқлаш бу иккинчи даражали қонун. Асосий қонун бу конституция¸ - дейди Холиқназар Ғаниев.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2007 ва 2008 йилллардаги кузатишлар бўйича Ўзбекистонда ҳатто 7 ёшли болалар ҳам пахта теримига жалб қилинган. Шунинг учун ҳам жаҳондаги Gap, H&М, Леви Страус, Target, Tesco ва Wal-Mart сингари қудратли компаниялар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилганлар.
XS
SM
MD
LG