Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:16

Қамчиқда намозхоналар ёпилди


“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга 1998 йилда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, оммавий ибодатлар фақатгина рухсат берилган диний муассасалар, яъни масжид ёки черков ҳудудида амалга оширилиши мумкин.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга 1998 йилда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, оммавий ибодатлар фақатгина рухсат берилган диний муассасалар, яъни масжид ёки черков ҳудудида амалга оширилиши мумкин.

Тошкент-Ўш йўли бўйлаб жойлашган ошхона ва ресторанларнинг намозхоналари ёпиб қўйилди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган фарғоналикларга кўра, намозхоналарга қўшиб, таҳоратхоналарга ҳам қулф урилган.

Озодлик мухбирига мурожаат қилган фарғоналик тингловчиларнинг айтишича, Қамчиқ довонидан ўтадиган Тошкент-Ўш йўли бўйида жойлашган ошхона ва ресторанларнинг намозхона, таҳоратхоналари мана икки ойдирки ёпиқ.

Фарғоналик бир суҳбатдошимизнинг айтишича, бу йўлдан ҳар куни қатнайдиган минглаб йўловчиларнинг кўпчилиги водийлик бўлгани боис улар орасида бенамозидан намозхони кўп.

- Сўраганда тез-тез йўлга чиқиб турамиз. Нимага масжидларимиз беркилиб қолаяпти, опа? Йўлдаги намозхоналаримиз ёпиқ. Намоз ўқишга шароит йўқ. Беркилиб қолганига икки ойлар бўлди, дейди тингловчиларимиздан бири.

Озодлик: Қаерларда беркилди?

- Роҳатда¸ Анҳор деган жойда намозхонамиз бор эди. Ўшаларнинг ҳаммасини беркитишибди. Таҳорат қилишга тўғри келиб қолаяпти¸ аммо таҳоратхоналар ҳам берк.

Озодлик: Ким келиб беркитибди?

- Ҳукумат томонидан беркитилган, дейишаяпти. Ҳукумат томонидан намоз ўқишга тўсқинлик бўлаяпти шекилли-да. Менинг тушунишимча шунақа¸ дейди суҳбатдошимиз.

Бу суҳбатдошимиз намозхон шериклари билан ошхоналарнинг раҳбарларидан ибодат учун шароит қилиб беришни илтимос қилган. Аммо, ошхона эгалари “юқори”нинг буйруғи боис уларнинг илтимосини бажаролмаслигини айтган.

Аслида Қамчиқ довони йўлидаги ошхона ва ресторанларнинг намозхоналари ҳамиша гавжум бўлар эди. Қамчиқ довони орқали тез-тез пойтахтга қатнаб турадиган яна бир суҳбатдошимиз “юқоридагилар”нинг бу буйруғи ортида ҳануз намозхонларнинг йиғинидан ҳайиқиш турибди, деган фикрда.

- Намозхона ëмонхона эмас-ку. Одам у ëққа сўкингани¸ урушгани¸ ғийбат қилгани ëки ичиб ўтиргани кирмайди-ку. Киради¸ бир-бири билан гаплашмасдан, намозини ўқиб чиқиб кетади. Кимга ëмони бор? Ҳамма бенамоз эмас-ку. Улар энди шу давлатнинг ишчилари¸ фуқаролари.

Озодлик: Нимага ëпдингизлар, деб сўрадингизми?

- Сўрасак, “бизга шунақа буйруқ бўлди”, дейишаяпти. Энди ким билади. Нимага бунақа қилишганига бизнинг ақлимиз етмаяпти¸ дейди яна бир суҳбатдош.

Бу суҳбатдошимиз шу баҳона кўпдан бери кимга айтарини билолмай юрган "нозик"роқ эътирозини ҳам айтиб олди.

Унинг фикрича, тайёр таҳоратхоналар эшигига қулф солиш ўрнига магистрал йўлларда ҳожатхоналарни кўпайтириш зарур.

- Йўлда кетаëтганингизда пиво ичиб олиб, қатор туриб сияëтганларга биров индамайдию¸ тўғри кириб, намоз ўқийдиганларнинг намозхонасини бекитиб қўйишади. Бу одамнинг нафсониятига тегади¸ атрофда аëллар¸ қизлар бўлади¸ унга биров индамайди¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Водийда яшайдиган қарийб 7 миллион аҳолини пойтахт билан боғлайдиган асосий йўлда учрайдиган бу каби ҳолатлардан норози бу суҳбатдош "намозхона ва таҳоратларни ёпиш кимга ва нега керак бўлди?" деб куюнади.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров ҳам намозхон. Довон бўйлаб кейинги сафарлари давомида кузатилган бу ҳол юзасидан маҳаллий амалдорлар билан суҳбатлари чоғида бир сабабни аниқлаштиришга муваффақ бўлган.

1998 йилда Ўзбекистонда мавжуд “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилган эди. Янгиланган қонунга биноан, оммавий ибодатлар фақатгина рухсат берилган диний муассасалар, яъни масжид ёки черков ҳудудида амалга оширилиши мумкин.

"Қамчиқ довони йўлидаги намозхоналар эса куну-тун гавжум, - дейди Аҳмаджон Мадумаров, - шу боис расмийлар энди буни ҳам оммавий ибодатга қиёслаб, таъқиқлагандир".

- 1998 йилда чиқарилган диний ишлар бўйича ўзгаришда “Намозлар масжидда ўқилсин” деб ëзилган. Йўловчи мусофир одам қандай қилиб масжидда намоз ўқийди? 1990 йилларда, агар билсангиз¸ ҳамма вокзалларда намозхона бор эди. Кейин ëпиб қўйишди ҳаммасини.

Мен уч кун бурун "Анҳор" ошхонасида тўхтадим. Бундан уч ой олдин эса "Роҳат" ошхонасида тўхтаган эдим. "Ҳукумат вакиллари ëпиб қўйди", дейишаяпти¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Фарғоналик намозхон йўловчилар билан қурилган шу суҳбатлардан сўнг биз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага сим қоқдик. Қўмитанинг ўзини таништирмаган вакили биз тилга олган ҳолатдан бехабар эканини айтди.

Аммо бизнинг бир неча саволларимизга жавоб берди.

- Бунақа маълумот ҳали бизларга келмади. Довондаги расмий рўйхатдан ўтмаган бўлса керак.

Озодлик: Намозхонада энди.

- Намозхона¸ шунчаки нима қилишган бўлса керак. Расмий бўлмаса керак.

Озодлик: 1998 йилда намозлар масжидда ўқилсин деб қонунга ўзгартириш киритилган экан. Бир суҳбатдошимиз: “Бу ер масжид эмас, бу ерда ўқиманглар” деган гапни айтишди, деди.

- Ўзи умуман ибодат қилиш қонун бўйича расман рўйхатдан ўтган жойларда амалга оширилади. Энди бу масжидми¸ черковми¸ бошқами – бизларда кўп-ку. Бизда эътиқод қиладиганларнинг ҳам тури кўп.

Энди у шунчаки расмий бўлмаган намозхона бўлиши мумкин. У жойлар диний ишлар бўйича қўмитанинг ваколатига кирмайди. Энди, масалан, ҳар хил сабаб билан ëпиладию. Энди у ерда ошхона кўп деяпсиз¸ бу санэпидемстанция орқали ëпилган бўлиши мумкин.

Озодлик: "Ҳокимиятдан" деб айтишибди. Республикадан шунақа кўрсатма келди, дейишибди.

- Бўлиши мумкин. Масалан, ҳокимиятнинг ҳаққи бор. У ўзининг ҳудуди-ку. Керакмас жойда ибодат амалга оширилаëтган бўлса¸ ëпган бўлиши мумкин.

Озодлик: Масалан, бирор жойда беш-олти киши доимий ишлайди. Масжид узоқ¸ бунинг устига йўл. Йўлнинг устида одамлар масжидга бора олмайди. Қонун бўйича бирор намозхона очиб қўйиш мумкин-ку, тўғрими?

- Бу ўша жойнинг раҳбарияти билан келишган ҳолда алоҳида келишиб очиб қўйилиши мумкин. Бу тўғрида қонун бўйича кўрсатма йўқ. Оммавий ибодатда жамоат тартиби деган нарса бор.

Озодлик: Неча кишидан бошлаб омма ҳисобланади?

- Ислом дини кўрсатмаси бўйича жамоат деганда уч кишидан ортиқ одам тушунилади. Агар биздан рўйхатдан ўтган масжид бўлганда эди¸ биз сизга нима бўлгани ҳақида 100 фоиз жавоб берардик. Оддий ошхонадаги бизда рўйхатдан ўтмаган нарса бизнинг ваколатимизга кирмайди. Лекин суриштириб беришга ҳаракат қиламан.

Озодлик: Жуда яхши бўларди. Унда бир соатдан сўнг мен сизга боғланаман.

- Майли¸ деди диний қўмита вакили.

Республика Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг ўзини таништирмаган вакилини бир соатдан сўнг боғланиб, топа олмадик.
XS
SM
MD
LG