Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Президентлар даҳанакиси ихтилофни кучайтирадими?


Таҳлилчилар фикрича, Олмаота саммитидаги президентлар сўз олишуви минтақада реал конфликтлар эҳтимоли юқори эмаслигини кўрсатган.
Таҳлилчилар фикрича, Олмаота саммитидаги президентлар сўз олишуви минтақада реал конфликтлар эҳтимоли юқори эмаслигини кўрсатган.

28 апрел куни Олмаотада бўлиб ўтган саммитда Марказий Осиё лидерлари илк бор очиқчасига мунозарага киришди ва бу минтақа давлатлари ўртасидаги сув можароси қанчалик жиддий эканини яққол кўрсатди.

Олмаотада 28 апрел куни бўлиб ўтган йиғин Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармасини таъсис этган давлатлар саммити бўлиб, унда Бирлашган миллатлар ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлган жамғарманинг фаолиятига оид муҳокамалар бўлиши лозим эди.

Бироқ саммит мезбони - Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз ҳамкасбларидан муҳокамани бошқа мавзуга бурмасликни илтимос қилганига қарамасдан, минтақа етакчилари кейинги пайтларда авж олаётган ўзаро сув можароси муаммосини четлаб ўта олмади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Орол муаммоси минтақа сув заҳираларидан оқилона фойдаланиш масаласига чамбарчас боғлиқлигини айтиб, ўз мамлакати ва Тожикистоннинг қолган қўшнилар, айниқса, Ўзбекистон билан келишмовчиликларининг асосий сабабчиси бўлган гидроэнергетик иншоотлар масаласини кўтаришни жоиз топди.

- Шу муносабат билан республикамизда қурилажак гидротехник иншоотлар масаласига тўхталмоқчи эдим. Норин дарёси устида қурилган ва миллий энергетик активлар ҳисобланган иншоотларнинг аксарияти совет даврида қурилган. Бу инкор қилиб бўлмайдиган фактдир.

Бугунги кунда эса табиий энергия воситаларининг тақчиллиги шароитида, аҳолини, айниқса, қаҳратон қиш пайтида энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида давлатимиз гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратиши шарт.

Бундан ташқари, Жаҳон Банки Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 ГЭСларини қуриш орқали Қирғизистон қиш пайтида ортиқча сувни оқизмасдан, қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқа олиши ҳақидаги позициямизни тўла маъқуллаган, деди Бакиев.

Шундан кейин, президент Назарбоевнинг илтимос қилганига қарамасдан, бошқа давлат раҳбарлари ҳам бирин-кетин сув можароси муаммосига тўхталиб ўтди.

Хусусан, баъзи ҳамкасблари саммит мавзусидан чиқиб кетганидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзининг бу масалага оид қарашларини изҳор этиб, бунда Жаҳон Банки ва бошқа халқаро тузилмалар бу лойиҳаларни амалга оширишдан аввал экспертиза ўтказилиши лозимлигига оид Тошкентнинг позициясини қўллаб-қувватлаётганини эслатди.

- Мен яна бир марта айтмоқчиман, бизнинг бу позициямизни нафақат Жаҳон Банки, нафақат Осиё Тараққиёт Банки, балки Европа Иттифоқи ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Шунинг учун бу ерда гап нафақат дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар позицияси, балки бутун халқаро ҳамжамиятнинг фикри ҳақида кетаяпти, деди Каримов.

Саммит якунларига бағишланган баёнотни қабул қилишда эса Тожикистон президенти Имомали Раҳмон "ҳужжатдан сув-энергетикага оид фикрлар олиб ташланмаса, уни имзоламайман", деб туриб олди.

Имомали Раҳмон Роғун ГЭСи лойиҳасига халқаро экспертлар баҳо беришга оид Ўзбекистон талабига ишора қилиб, дарёлар қуйисидаги мамлакатлар ҳудудларидаги сув омборлари ҳам халқаро текширувдан ўтказилиши лозимлигини таъкидлади.

Минтақа давлатларининг ҳар бири ўзаро сув можаросида уларни халқаро тузилмалар қўллаб-қувватлаётгани айтаётган бўлса-да, бу ташкилотларнинг Марказий Осиё сув можаросидаги позицияси ҳеч бир давлатнинг томонида эмас. Европа Иттифоқи ҳам, Жаҳон Банки ҳам сув можаросини ҳал қилишда барча томонлар манфаати инобатга олиниши лозимлигини айтиб келади.

Ўтган ҳафта Жаҳон Банки раиси Роберт Зоелик президент Каримовга йўллаган мактубида Ўзбекистон кескин қарши чиқиб келаётган Тожикистондаги Роғун ГЭСи лойиҳасига оид экспертиза ўтказиб беришни ваъда қилди.

Жаҳон Банки Тожикистондаги ваколатхонасининг исми ошкор этилмаслигини сўраган мутасаддиси бу экспертиза натижалари маълум бўлсагина, Жаҳон Банки мазкур муаммо бўйича ўз позициясини эълон қилишини айтди.

Олмаота саммитида давлат раҳбарлари биринчи марта очиқчасига мунозарага киришди ва бу минтақа давлатлари ўртасидаги сув можароси қанчалик жиддий эканини яққол кўрсатди.

Кейинги пайтларда сув можароси минтақа давлатлари ўртасида бўлинишга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилаётгани инобатга олинса, президентлар ўртасидаги сўз олишуви бундай ихтилоф хавфини оширадими?

Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Жон МакЛеод Олмота саммитидаги даҳанаки тортишув бироз ғалати бўлган бўлса-да, Марказий Осиё учун муҳим муаммо ечими учун ижобий томонлари ҳам бўлиши мумкинлигини айтади.

- Албатта ҳозирги шароитда улар бу катта муаммони ҳал қилиш бўйича келиша олмасди. Чунки бу ерда ҳар бир давлатнинг ўзига хос манфаатлари ҳақида гапираяпмиз.

Лекин, менинг шахсий фикримча, давлат раҳбарларининг бундай очиқчасига тортишгани уларнинг мазкур муаммога нисбатан ҳар бир давлатнинг мавқеини яхшироқ тушуниш ва инобатга олишга ёрдам бериши мумкин, дейди лондонлик таҳлилчи.

Бундан ташқари, Жон МакЛеод фикрича, Марказий Осиё етакчиларининг анчадан бери биринчи марта бир стол атрофига тўпланиб, ўзаро келишмовчиликларни муҳокама қилгани ҳам муҳимдир.

Россиядаги "Новости ахборот" агентлигининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Санобар Шерматова ҳам Олмаота саммити минтақа давлатлари ўртасида ихтилофга сабаб бўлишига ишонмайди.

- Муҳокамаларнинг бундай тус олгани минтақада реал конфликтлар эҳтимоли юқори эмаслигини кўрсатди. Чунки муҳокамалардан кейин эҳтирослар совиганида бошқача гаплар бўлганини ҳам кўрдик.

Албатта, турли масалалар бўйича турлича қарашлар бор, лекин бу келишмовчиликлар минтақада ихтилофга олиб келмайди.

Ҳар қалай, кеча президентлар анжуманда бир-бири билан жанжаллашиб кетиб қолмади.

Агар шундай бўлганда¸ ҳамма айтаётган бўлиниш, яъни Ўзбекистон билан Қозоғистон биргаликда ГЭСларни қуриш ниятида бўлган қўшниларига қарши иттифоқ тузиши эҳтимоллари ҳақида гапириш мумкин эди. Лекин бундай бўлмади, дейди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG