Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:48

Пахта учун миллион воронка


Бугун фарғоналик ўқувчи болалар юзлаган воронкани қачон ва қайси қоғоздан ясашни билмай ҳайрон.
Бугун фарғоналик ўқувчи болалар юзлаган воронкани қачон ва қайси қоғоздан ясашни билмай ҳайрон.

Фарғонада маҳаллий ҳокимлар мактаб ўқувчилари дарсда ва дарсдан ташқарида «зерикиб» қолмаслиги учун антиқа бир усулни ўйлаб топишди - ўқувчиларнинг ҳар бирига 400 тадан қоғоз «воронка» ясаб келиш топширилди.

Фарғоналик болалар бу йил мажбурий меҳнатга ўтган йилларга нисбатан сал эртароқ жалб қилинди.

Ҳар йили ғўза яганаси, чопиғи, пахта терими бўйнида бўлган бу болалар энди ўқитувчиларининг қатъий топшириғига кўра, чигит ўстириш учун мактабда ва уйларида қоғоз "воронка"лар ясаб келишга мажбур этилмокда.

Бу ҳақда фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов ҳикоя қилади:

- Мактаб болаларининг ҳар биттасига "200тадан "воронка" ясаб¸ чигит экиб¸ ундириб олиб келасан" деган топшириқ бўлипти. Бу нарса Фарғона вилояти бўйича ташкил қилинган. Бу Бош вазир ўринбосари Сайфиддин Умаровичнинг топшириғи экан. Буғдойнинг ўрнига "воронка"да етиштирилган пахта экасан дебди¸ дейди Ғанихон Маматхонов.

Фарғона туманидаги ўз исми ошкор этилишини истамаган тингловчиларимиздан бирининг айтишича, ҳар битта мактабга иккитадан фермер "боғлаб" қўйилган. Фермерлар мактабни, мактаб ўқувчилари эса фермерларни оталиққа олган.

Ўқитувчилар томонидан бешинчидан тўққизинчи синфгача бўлган мактаб ўқувчиларининг ҳар бирига 300-400тадан қоғоз "воронка" ясаб келишга топшириқ берилган.

Болалар кечаси билан уйқудан қолиб ўқитувчилар берган ана шу "уй вазифаси"ни бажармоқдалар:

- Болалар кечаси билан ухламасдан уйида "воронка" қилаяпти ака¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган тингловчиларимиздан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, бу йил Фарғона туманида пахта кам экилган, асосий майдонларда эса буғдой ўстирилмоқда. Расмийлар пахта режасининг бажарилмай қолишидан чўчиб, шундай антиқа усул билан буғдойдан бўшаган майдонларга қоғоз воронкаларда ўстирилган ғўза ниҳоли қадаб чиқмоқчилар.

Фарғона туманидаги мактаблардан бирининг 5 синфида ўқиётган навбатдаги суҳбатдошимиз ўқитувчилар томонидан берилган бу антиқа топшириқнинг ҳақиқатлигини тасдиқлаган яна бир манба бўлди:

Озодлик: Ассалому алайкум.

Ўқувчи: Ассалому алайкум.

Озодлик: Нима қилаяпсизлар? “Воронка” қилаяпсизларми?

Ўқувчи: Мактабда “воронка” қилдиришаяпти.

Озодлик: Бир кунда қанчадан қилаяпсизлар?

Ўқувчи: Ҳар битта болага 200тадан қилдиришаяпти.

Озодлик: Буни уйда қилаяпсизларми ëки мактабдами?

Ўқувчи: Уйда ҳам¸ мактабда ҳам қилаяпмиз.

Озодлик: Қандай қилиб қилинади у?

Ўқувчи: Дафтарнинг варағидан иккала томонини клейлаб паст томонини очиқ қолдириб қилинглар дейишди. Анави куни ясаб борган эдик. Яна қилинглар¸ бошқача қилиб қилинглар¸ деб айтишди.

Озодлик: Буни ўқитувчилар буюраяптими?

Ўқувчи: Ҳа.

Озодлик: Ҳамма қилаяптими?

Ўқувчи: Ҳа.

Озодлик: Улар “воронка”ни нима қилишмоқчи экан?

Ўқувчи: “Воронка”нинг ичида чигитни кўкартириб олиб¸ буғдойдан кейин экишмоқчи экан.

Озодлик: Қийналмаяпсизларми? Кечаси билан ишлаяпсизларми?

- Йўқ¸ бўш вақтимизда қилаяпмиз¸ дейди биз билан суҳбатлашган мактаб ўқувчиси.

Бу ўқувчининг сўзларига кўра, уларга бу “воронка”ларни ясаш учун қоғоз берилмаган. Уларнинг ўзлари эски дафтарлар топиб, етмаганда эса янги дафтарларини ҳам ишлатишмоқда экан.

Фарғона тумани ҳокимлиги ходими, бу ишга нафақат мактаб ўқувчилари, балки коллеж талабалари¸ шунингдек бошқа ташкилотлар ходимлари ҳам жалб қилинганини айтди:

- Бу бўйича деҳқонларга мактаблар¸ ташкилотлар ëрдам бераяпти.

Озодлик: “Воронка” да чигит ўсадими?

- Ҳа¸ ўсади. Республикадан профессорлар келиб ўзларининг тавсиясини бериб кетган. Ҳозир шу бўйича иш олиб борилаяпти. “Воронка”нинг ичига тупроқ солиниб¸ чигит экиб¸ сув солиб туришипти. Буғдойдан кейингача бизда ердан чиққан пахталар билан тенг бўлиб қолади булар.

Озодлик: Бунга мактаб ўқувчилари ëрдам бераяпти-а?

- Ҳа. Мактаб ўқувчилари¸ ташкилотлар¸ коллежлар ëрдам бераяпти¸ дейди Фарғона тумани ҳокимлигининг ходими.

Расмийлар бу ҳолатни деҳқон ва фермерларга ёрдам¸ деб айтмоқдалар.

Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, бу ҳозирча янги мавсумдаги бола меҳнатининг бошланиши, холос.

Зеро, бу миллион-миллион қоғоз “воронка”ларни тупроқ билан тўлдириш, уларга чигит қадаш ва ниҳоят уларни буғдойдан бўшаган далаларга ўтқазиш ишлари ҳам ана шу муштдай болаларнинг нозик қўлларига қараб турибди.
XS
SM
MD
LG