Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:19

Рухсатсиз намоз учун жарима


Шу кунларда Фарғона бўйлаб расмий рўйхатдан ўтмаган масжидлар эшигига қулф солинмоқда.
Шу кунларда Фарғона бўйлаб расмий рўйхатдан ўтмаган масжидлар эшигига қулф солинмоқда.

Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтмаган масжидларда намоз ўқиб¸ жамоага имомлик қилган оддий мусулмонлар жазоланмоқда. Хусусан¸ Қува туманида ана шундай имомлардан 50 тасига 280 минг сўмгача жарима солинган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг айтишича, Қува тумани қишлоқларидаги рўйхатдан ўтмаган 60та масжид имомига энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида, оддий намозхонларга эса икки баравари миқдорида жарима солинган:

- Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари ҳам¸ посбонлар ҳам намоз ўқийди. Лекин буларга ҳеч қандай жарима бўлмаган. Фақат имомга ва сўфига жарима бўлган¸ холос.

Ҳозирги кунда шу жаримани тўлай олмаëтган намозхонлар ижро департаменти томонидан қўрқитилаëтган экан. Лекин нимага асосланган ҳолда тўлашлари кераклигини ҳеч ким айтиб бера олмаяпти.

Уларнинг қўлларида ҳеч қандай асос¸ суднинг қарори ëки айблов қоғози йўқ. Прокуратура чақириб¸ тушунтириш хати олган. Суд ўша тушунтириш хатига асосан 280 минг¸ 100 минг сўм миқдорида жарима солган¸ дейди Ғанихон Маматхонов.

Марғилонлик Ҳамиджон аканинг айтишича, масжидларнинг ёпиб қўйилиши ва оддий намозхонларнинг жаримага тортилиши ҳолатлари бутун Фарғона вилоятида кузатилаяпти:

- Бу фақат Қува туманида эмас¸ вилоятнинг ҳамма ëғида бўлаяпти. Расмий рўйхатдан ўтган масжидлардан ташқари масжидлар ҳам борда. У ерда асосий катта масжиддан узоқ бўлгани учун бомдод¸ хуфтон намозлари ўқилади.

Бу кичкина масжидларда имом сайланмаган. Уларнинг ичида илми бори ўтиб имомлик қилаверади. Шунақа масжидларнинг ҳаммасини бекитиб¸ имомлар билан бирга намозхонларга ҳам 27 минг сўмданми жарима солишипти¸ дейди марғилонлик Ҳамиджон ака.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Баҳодир Элбоевнинг айтишича, Риштон туманида 163 минг аҳоли яшайди. Лекин шунча аҳоли учун атиги тўққизта масжид қолган:

- Маҳалладаги чоллар учун ҳар кунлик тоат-ибодат қилинадиган мажсидларни ëпиб қўйишган. Қулф осиб қўйилган. Ҳамма уйида ўқияпти¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Баҳодир Элбоевга кўра, бу масжидларнинг ёпилгани биринчидан оддий намозхонларни қийин аҳволга солиб қўйган бўлса, иккинчидан аҳолининг ўртасидаги ҳамжиҳатликка путур етказди:

- Очиқ бўлса¸ қариялар бориб бомдод намозини ўқишарди. Масалан¸ бирор жойда таъзия бўлиб¸ фотиҳага бориладиган бўлса¸ масжидга бормайдиган одамлар масжид яқинида кутиб туришарди. Катталар масжиддан чиққандан кейин улар маҳаллага бош бўлиб¸ таъзияхонага эрталаб фотиҳага бориларди. Ҳозир ҳамма ўз уйида намоз ўқийдиган бўлгандан кейин ўртадаги ҳамжиҳатлик йўқолиб қолди¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Марғилонлик Ҳамиджон ака ҳам бу гапларни тасдиқлайди. Унинг фикрича, бу ҳолат оддий мусулмонлар ўртасидаги аҳилликнинг йўқолишига сабаб бўлаяпти:

- Халқ янгиликлардан хабар топмасин¸ дейдида. Чунки янгиликларни билмаганлар билганлардан масжидда эшитадида. Мана ҳозир иккита-учта маҳаллага битта масжид. У ҳам кўримсиз¸ чойхонага ўхшаган кичкина. Кундуз кунлари чоллар ош ҳам қилиб ейишади.

Ўша маҳаллада ўлганлар бор¸ хатми Қуръон ўқитадиганлар бор¸ касаллар бор. Намоздан кейин тўпланиб ўша касални кўргани киришади. Касалга Қуръон ўқиб¸ дам солишади. Кимнингдир уйида маросим бўлса¸ маҳалладаги чоллар киради.

Катта масжидларнинг ораси анча узоқ. Уларга бориб айтсангиз¸ “Бизнинг вақтимиз йўқ. бошқа жойга айтилганмиз. Бошқа куни қилинглар” дейди. Катта масжиддагиларнинг ўзи “Маҳалладаги чолларни чақириб ўқитиб қўяверинглар” деб айтади.

Жуда катта ҳудудга битта масжид бўлгандан кейин имконияти бўлмайдида. Бир кунда тўртта-бешта ўлим бўлади. Катта масжиднинг имоми жанозага улгурмайди. Ҳозир кичкина масжидларни ëпишининг тагида ҳеч нарсадан хабар топмасин¸ бирлашмасин деган нарса бўлса керакда¸ дейди Ҳамиджон ака.

Ҳамиджон аканинг айтишича, масжидларни ёпаётган ва оддий намозхонларни жаримага тортаётган ижрочилар, яъни милиция ходимлари ҳам бу қилмишларидан пушаймон ва бу пушаймонликларини аҳолига тушунтиришга ҳаракат қилмоқдалар:

- Милиция ходимлари “Биз нима қилайлик? Бизга тепадан буйруқ бўлгандан кейин¸ қиламизда. Биз биламиз¸ тушунамиз¸ кўриб турибмиз. Сизлар ҳеч қанақа ишга аралашмаганликларингни биламиз. Лекин бизга буйруқ бўлгандан кейин бажарамиз. Бизда айб йўқ. Бизга деса¸ шу ерда ўқимийсизларми. Биз органда ишласак ҳам дадаларимиз¸ оналаримиз намоз ўқийди. Бизнинг масжидларни ҳам бекитиб юборган. Шунинг учун бизни кечиринглар¸ бизда айб йўқ” деб кечирим сўрашаëтган экан.

“Отахонлар¸ бизни кечиринглар. Биз рўйхат олиб боришга мажбурмиз” дейишаëтган экан¸ дейди Ҳамиджон ака.

Бу воқеаларга муносабат олиш учун Фарғона вилояти ва Қува тумани прокуратураларига қилган қўнғироқларимиз бесамар бўлди.

Прокуратура ходимлари бу ҳақда телефон орқали маълумот бермасликларини айтдилар.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон ҳукумати бу ҳатти-ҳаракатлари билан аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган жамиятда норозилик кайфиятининг ошишига шароит яратаяпти.

Уларга кўра¸ ҳатто динсиз коммунистлар бошқарган собиқ иттифоқ пайтида ҳам оддий намозхонларнинг таъқибга олиниши ва масжидларнинг ёпилиши бу даражада кузатилмаган.

Ўтган ҳафтада Тошкент-Фарғона йўлининг Қамчиқ довонидаги ошхоналар, дам олиш масканларидаги намозхона ва таҳоратхоналар ҳам маҳаллий ҳокимлар томонидан ёпиб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG