Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:28

Ўзбекистонлик рус зиёлилари Россия телеканалига очиқ хат йўллади


"Махсус мухбир" кўрсатуви Россия матбуотининг тажавузкор сиёсати меваси, дейди русийзабон рассом Слава Охунов.
"Махсус мухбир" кўрсатуви Россия матбуотининг тажавузкор сиёсати меваси, дейди русийзабон рассом Слава Охунов.

27 апрел куни Тошкентдаги бир гуруҳ рус зиёлилари Россиянинг РТР телеканали раҳбариятига очиқ хат йўллаб, 24 апрел куни намойиш қилинган ўзбекистонлик руслар ҳақидаги ҳужжатли фильмга эътирозларини баён қилдилар.


Ўзбекистон маданияти ва санъати арбобларининг РТР канали раҳбариятига йўллаган очиқ хати Ўзбекистон бадиий академиясининг расмий сайтида эълон қилинди.

26 нафар рус зиёлиси имзо чеккан ушбу мактуб 24 апрел куни “Россия” телеканали орқали намойиш қилинган “Махсус мухбир” (Специальный корреспондент) кўрсатувида Ўзбекистонда “руслар ёмон яшаяпти” қабилидаги фикрларга норозилик сифатида эълон қилинган.

Ўзбекистонлик рус зиёлиларига нисбат берилган мактубда Россия телеканалидаги Александр РогаткиннингЎзбекистондаги руслар ҳаёти ҳақидаги кўрсатувидан ҳайратланиш баробарида ғазабга тўлганликлари ёзилган.

Кўрсатувда мавзуга “бир томонлама ёндашилгани”, унинг “бағрикенгликдан йироқ” бўлгани айтилиб, агар Ўзбекистондаги руслар ҳаёти ҳақида маълумот олиш истаги бўлса, турли ижтимоий қатлам вакиллари, турли касб эгалари билан суҳбатлашиш тавсия қилинади.

“Ўзбекистонда бир умр яшаган руслар ва русийзабон аҳолининг кўплаб ҳурматга лойиқ вакиллари бор. Улар пода инстинктига берилиб, қочиб кетишмади, бир умр тўплаган қадр-қимматларини йўқотишмади, улар қилмишидан афсусланган ва қочаётиб бор-будидан айрилган ва орқага йўл йўқлигидан пушаймон бўлганлардан фарқ қилади” (рус тилида эълон қилинган очиқ хатдан эркин таржима қилинди - таҳр.) дейилади ўзбекистонлик рус зиёлиларининг очиқ мактубида.

Шунингдек, рус зиёлилари “дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам муаммолар мавжудлиги, бироқ мамлакатдаги йигирма йиллик тинчлик ва барқарорликни улкан қадрлашлари” ҳақида ёзишган.

Ўзбекистон бадиий академияси раҳбарияти ушбу мактубни изоҳлашдан тийилди.

Мактубга имзо чекканлар рўйхатида бўлган кишилар билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Хатга имзо қўйганлардан бири Тошкентдаги Рассомлик ва дизайн институтининг керамика кефедраси ўқитувчиси Елена Комарованинг ҳамкасблари у бир неча кундан бери Москвада эканлиги ва у билан боғланиш имкони йўқлигини айтишди.

Тошкентдаги Республика рассомлик коллежи директор ўринбосари Анатолий Чибасов ҳам очиқ хатга имзо қўйганлар рўйхатида. Бироқ у киши Озодлик билан суҳбатда “Россия” телеканалидаги кўрсатувни ҳам кўрмагани, очиқ хатдан ҳам бехабарлигини айтди.

- Қанақа хат? Мен ҳеч қанақа хатга имзо қўймаганман.

Озодлик: "Россия" телеканали раҳбариятига йўлланган мактубга имзо қўйганлар рўйхатида сизнинг ҳам исм-шарифингиз бор экан.

- Мен билмадим. Мен бехабарман. Унақа кўрсатувни ҳам кўрмадим,- деди Анатолий Чибасов.

Ўзбекистонлик рассом Слава Охунов ҳам “Россия” телеканалидаги кўрсатувга эътирози борлиги, лекин бунга муносабатни коммунистларча имзо тўплаш тарзида намойиш қилиш кулгули эканини айтади.

- Хат ёзгандан кўра, муносабат билдиришнинг бошқа йўлини қидирган маъқул. Бу совет давридан қолган одат. “Келинг Солженицинни чет элга ҳайдаш бўйича имзо тўплаймиз” ёки шунга ўхшаш қабилида бўлган эди. Энди бу бугунги кунда кулгулида. Масалан, мен рассом сифатида санъат тадбири қилардим, инсталация, перформенс уюштирар эдим. Бу самарали бўлиш мумкин. Энди "Россия" телеканалидаги кўрсатувга келсак, нега келиб мендан сўрашмади. Мен айтардим ҳақиқатни. Мени ота-онам, русийзабон. Дўстларим кўп йиллар давомида Ўзбекистонда яшаяпти. Лекин бирортаси ўзбек тилида гаплашмайди. Дунёни бошқа бирор давлатида яшаб рус тилида мулоқатда бўлиш даргумон. Кўрсатув бошдан-оёқ саҳналаштирилган. Бу Россия матбуотининг тажавузкор сиёсати меваси холос,- дейди Слава Охунов.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатув эфирга кетгач унда интерьвю берган тошкентлик ҳуқуқ фаоллари уйларига ҳужумлар уюштирилди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаевага кўра, унинг уйига 25 апрел куни бостириб кирган бир гуруҳ аëл “Бор, Россиянгга кет”, деб таҳдид қилишган.

“Россия” телеканалидаги кўрсатувда нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қирғизистонда яшовчи руслар ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилиниб, ўтган йилнинг июнидаги Ўш қирғини пайтида рус миллатига мансуб фуқаролар дўппослангани ва таҳқирлангани ҳақида айтилади.
XS
SM
MD
LG