Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Андижон қирғини бўйича мустақил текширув талаби тўхтамаëтир


Халқаро Амнистия каби ташкилотларнинг ЕИ дан Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказилиши борасида расмий Тошкентга босимни кучайтириш талаби¸ сургундаги ўзбек мухолифатчилари томонидан ҳам ўртага қўйиб келинмоқда.
Халқаро Амнистия каби ташкилотларнинг ЕИ дан Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказилиши борасида расмий Тошкентга босимни кучайтириш талаби¸ сургундаги ўзбек мухолифатчилари томонидан ҳам ўртага қўйиб келинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабларини кескин рад қилганига қарамай¸ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари¸ бу талабни кун тартибидан олиб ташлаш ниятидан йироқлар.

Хусусан¸ жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Амнистия ташкилоти Европа Иттифоқига очиқ хат билан мурожаат қилиб¸ Андижонда юзага чиққан қонли воқеалар бўйича мустақил халқаро текширув ўтказиш борасида барча имконни ишга солишга чақирди.

- Биз бу талабни Европа комиссияси ва иттифоққа аъзо давлат расмийлари билан Брюсселда бўладиган ҳар бир учрашувда такрорлаб келаяпмиз. Бу талабни кун тартибидан олмаслик Европа Иттифоқи зиммасидаги мажбурият. Зотан Ўзбекистонга нисбатан иттифоқ айнан мустақил¸ бетараф ва халқаро текширув ўтказиш талаби билан санкциялар жорий қилган эди.

Биз буни ЕИ га эслатишдан тўхтамаймиз. Иттифоқ ўзи кўтарган бу талабни шунчаки ташлаб қўя олмайди. Акс ҳолда Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилди ва масала ëпилди¸ дейишдан тўхтамайди¸ дейди Халқаро Амнистия таҳлилчиси Мэйси Вайшердинг.

Асосан қирғиндан омон қолганлар кўрсатма ва ҳикояларига таянган Халқаро амнистия ташкилоти¸ шунингдек Ҳуман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукумат қўшинлари Андижонда бегуноҳ намойишчиларни ўққа тутгани¸ оқибатда юзлаб қуролсиз аҳоли нобуд бўлганини айтиб келмоқда.

Халқаро амнистия ташкилотининг 12 май куни Европа Иттифоқига йўлланган мактубида Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеаларидан сўнг ўз фуқаролари ҳуқуқларини мунтазам поймол қилишни янада кучайтиргани хусусида ҳам жиддий ташвиш билдирилган.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабидан воз кечиш¸ Ўзбекистонда бу воқеалардан кейин янада ëмонлашган инсон ҳуқуқлари вазиятига ҳам кўз юмиш демакдир¸ деб давом этади Озодлик билан суҳбатда Халқаро Амнистия ташкилоти расмийси Мэйси Вайшердинг.

- Агар бу талабни қатъий талаб қилишни тўхтатсак¸ бу жиноятнинг жазосиз қолишини рағбатлантириш¸ демакдир. Халқаро ҳамжамият эса¸ зинҳор бундай мужда йўлламаслиги лозим.

Биз Андижонда ўлдирилган одамларни эслашимиз¸ 13 май воқеаларидан кейин қамалган ва саноғини ҳеч ким аниқ билмайдиган тутқунлар тақдирини сўроқлашимиз¸ шу воқеалар муносабати билан ўтказилган махфий маҳкамаларни суриштиришимиз ва Андижон муносабати билан қамалганларга қийноқлар қўлланилаëтгани ҳақдаги маълумотларни синчиклаб ўрганишимиз лозим¸ дейди Мэйси Вайшердинг.

“29 май куни Марказий Осиë расмийлари ва Европа Иттифоқининг вазирлар даражасидаги учрашувида иттифоқ Ўзбекистон ҳукуматига бу борада жамоатчиликнинг кучли сигналини етказиши лозим”¸ дер экан Халқаро Амнистия расмийси¸ ўз ташкилоти 13 май кунги Андижон қирғинини гувоҳлар ва мустақил манбалар ëрдамида тафтиш қилиш уринишини тўхтатмаслигини алоҳида таъкидлайди.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда бир гуруҳ жиноятчи ва террорчилар конституцион тузумга тажовуз қилганини таъкидлаб келаëтган расмий Тошкент¸ бу воқеаларни мамлакатнинг соф ички иши сифатида баҳолаб¸ ҳар қандай мустақил халқаро текширув ғоясини бошданоқ инкор этиб келмоқда.

Аввалига Ўзбекистондан Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга рухсат беришни талаб қилган Европа Иттифоқи 2005 йил октябрида Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.

Иттифоқ қарори билан Андижон воқеалари учун бевосита маъсул бўлган 12 Тошкент расмийсининг ЕИ ҳудудларига кириши таъқиқланган¸ ҳамда иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги қурол-яроғ савдоси таъқиқланган эди.

Аммо Германия ҳукумати ташаббуси билан янги Марказий Осиë стратегиясини қабул қилган Европа Иттифоқи Ўзбекистонни ўзаро мулоқотга рағбатлантириш нияти билан бу санкцияларни юмшатди ва 2007 йили виза таъқиқини бекор қилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан босимни юмшатганига эътироз билдириб¸ халқаро босимнинг сусайиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада ëмонлашувига туртки бўлганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG