Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:22

Қувур белгилаган сиëсат


Таҳлилчилар¸ Ўзбекистон ўз газини қай йўналишда сотса¸ сиëсий устиворликнинг ҳам шу йўналишга бурилишини таъкидлайдилар.
Таҳлилчилар¸ Ўзбекистон ўз газини қай йўналишда сотса¸ сиëсий устиворликнинг ҳам шу йўналишга бурилишини таъкидлайдилар.

Ўзбек газининг 90 фоиздан ошиқроғи Россияга сотилаëтгани ҳақдаги расмий баëнот ортидан таҳлилчилар¸ муқобил қувурлар йўқ ҳозирги шароитда Москванинг Тошкент ташқи сиëсатида устивор бўлиб қолажагини айтмоқдалар.

Сешанба куни Тошкентда очилган халқаро Ўзбекистон нефт ва газ кўргазмасида гапирган “Ўзбекнефтгаз” холдинг компанияси раиси Шавкат Мажидов деярли тўлиғича Россияга экспорт қилинаётган ўзбек газининг бу мамлакатга экспорти янада оширилишини билдирди.

Тошкентда бир неча йилдан буён ўтказилаётган нефт ва газ кўргазмаси Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик даражасини кўрсатувчи ўзига хос барометрга айлангандай.

Ўтган йилги кўргазмада “Газпром” ўз инвестициявий мажбуриятларининг тўлиқ амалга оширилмагани ҳақида гапирилганда, таҳлилчилар буни Москва ва Тошкент ўртасида қандайдир келишмовчилик пайдо бўлганидан даракчи сифатида талқин қилдилар.

Бу йилги кўргазмада эса¸ аксинча, “Ўзбекнефтгаз” компанияси раиси Шавкат Мажидов жорий йили газ экспорти миқдорини 8 фоизга ошириш режалаштирилганини айтиб, 15 миллиард 200 миллион куб метр газ Россияга сотилишини маълум қилди. Бу эса ўзбек гази экспортининг 90 фоиздан ортиғи Россияга тўғри келишини англатади.

Ўзбек газининг ҳар минг куб метри учун Россия 301 доллардан бераётганини инобатга олсак, жорий йил охирига қадар Ўзбекистон Россияга 4¸5 миллиард доллардан кўпроққа газ сотгани аниқ бўлади.

Россия билан бундай катта олди-сотди аҳамиятини расмий Тошкент жуда яхши англайди, дейди москвалик сиёсий шарҳловчи Санобар Шерматова.

- Ўзбекистондан газ фақатгина шимол томонга оқиши мумкин. СССР даврида қурилган қувурлар шимолга қараб кетади. Ўзбекистоннинг бошқа имкониятлари йўқ. Муқобил йўллар бўлмаганидан кейин яна нима ҳақда гап бўлиши мумкин¸ дейди Шерматова.

Ўтган ҳафтада Прагада ўтказилган Европа Иттифоқининг энергетик саммитида Ўзбекистондан “ваколатсиз” вакилнинг юборилгани¸ расмий Тошкентнинг Россияни четлаб ўтувчи газ қувурларини барпо этиш ғоясига кўп ҳам қизиқмаётгани ифодаси бўлиши мумкин.

Прагадаги анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Иқтисодиëт вазири ўринбосари Улуғбек Назаров, қозоғистонлик ҳамкасби каби, Европа Иттифоқининг “Жанубий коридор” ни барпо этишни қўллаб-қувватловчи декларацияси остига имзо қўймай¸ ватанига қайтиб келди.

Афтидан¸ Европа Иттифоқи расмийларининг “Жанубий коридор” лойиҳасининг Россияга қарши қаратилмаганини қайта-қайта такрорлаëтгани ҳам¸ Тошкентнинг бу масалага ëндашувини ўзгартира олмаган.

- “Жанубий коридор” Россияга қарши йўналтирилмаган. Бундай қилиш бемаънилик бўларди. Геологиядан биз яхши хабардормиз ахир.

Россия келаси 10 йилликлар давомида Европа Иттифоқининг асосий энергия таъминотчиси бўлиб қолаверади. Шунинг учун бу коридор Россияга қарши йўналтирилган¸ деб ўйлаш ахмоқликдир, деди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Россия Европа Иттифоқининг асосий газ таъминотчиси бўлиб қолаëтган бир пайтда¸ расмий Тошкент Россиянинг таъминотчиси бўлиб қолишга аҳд қилгандай.

Ҳозирда Россиянинг ўзбек газини ўз зарарига сотиб олаëтгани бундай аҳдни мустаҳкамлаëтган яна бир омил бўлиши мумкин¸ дейди Санобар Шерматова.

- Ўзбекистон агар фойда келтираётган бўлса, Россиянинг ўзи қайтиб сота олмайдиган нархда газни нега сотмас экан.

Халқаро бозорда газ нархи тушиб кетганига қарамасдан¸ Газпром эски юқори нархларда уни сотиб олишда давом этмоқда. Сотувчига бундан қулайроқ нарса борми¸ дейди Шерматова.

Расмий Тошкент Россиядан муқобил газ қувурлари на Европа¸ на Хитой томон ҳали қурилмаган ҳозирги вазиятда¸ эҳтимол¸ кутиш сиёсатини юргизаётгандир?

Лондондаги Қироллик коллежининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси¸ профессор Анатол Ливен фикрича, газ экспорти йўналиши Ўзбекистон ташқи сиёсатида айнан қайди давлатлар устуворлигини белгилайди. Аммо Россиядан бошқа давлатлар кўзида Ўзбекистондаги газ Тошкентнинг сиëсий аҳамиятини оширмайди, дейди у.

- Муаммо шундан иборатки, биринчидан муқобил газ қувурларни ётқизиш учун Ўзбекистон жуда ҳам ноқулай географик жойлашувга эга.

Иккинчидан¸ бу давлатда унинг қўшнилари билан солиштирганда¸ газ унчалик ҳам кўп эмас. Шунинг учун Ўзбекистон билан ташқи муносабатларда газ асосий белгиловчи омил эмас¸ дейди Анатол Ливен.

Расмийларга кўра, 2009 йилда Ўзбекистон нефт газ соҳасига бир миллиард доллардан зиёд сармоя ётқизиш ва газ қазиб чиқариш ҳажмини 70 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда.

Сармоялар асосий қисмининг¸ яна Россия ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG