Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Болалар яна далага ҳайдалди


Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнатидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун бутун жавобгарликни она-оналар зиммасига қўйишга уринмоқда.
Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнатидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун бутун жавобгарликни она-оналар зиммасига қўйишга уринмоқда.

Жорий йилнинг 17 майидан бошлаб Хоразмдаги айрим мактаб ўқувчилари қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинди. Чигит экишу ягана билан машғул болалар охирги қўнғироққача даладан бери келмайдиган кўринади.

Хоразм вилояти Янгибозор туманида яшовчи 12 ёшли Фарангиз 6-синфда ўқийди.

Фарангизнинг айтишича, 17 майдан бошлаб у ўқиётган мактабда 6-синфдан юқори барча синф ўқувчилари учун дарс машғулотлари тўхтатилган. Фарангиз синфдошлари билан ҳар куни эрталаб соат саккиздан бошлаб ғўзаларни ягана қилишга бораётган экан.

Фарангиз: Бизлар 17 майдан бошлаб яганага чиқдик. 6-синфдан 9-синфгача бўлган ҳамма ўқувчилар олиб чиқилди. Эрталаб соат саккиздан иккигача фермерларнинг ерида ишлаяпмиз.

Озодлик: Мактабда ўқиш бўлмаяптими?

Фарангиз: Йўқ.

Озодлик: Демак, дарс ўрнига далага чиқаяпсизлар.

Фарангиз: Ҳа, шундай.

Озодлик: Қачонгача далага чиқар экансизлар?

Фарангиз: 23 майгача дейишди. Дарс бўлмайди, яганага чиқасизлар, дейишди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз хоразмлик Роза опа ҳам ўқувчиларнинг дала ишларига жалб қилинаётганини тасдиқлади. Роза опанинг 5-6-синфларда ўқиётган неваралари ҳам дала ишларига жалб қилинаётган экан.

- Невараларим 5-6-синфларда ўқийди. 5-синфдан тепадаги ўқувчилар икки-уч кундан бери далада қошиқ билан чигит экиб юришибди. Ўтоқ ҳам қилишаяпти. Бир синф ўқувчилари чигит экаëтган бўлса, бир синф ягана қилиб юрипти.

Уч соат ўқитишади ва кейин далага олиб чиқиб, чигит эктиришади. Болаларни қуëш тиғида қийнашаяпти. Кўп болаларнинг қони кам. Далада йиқилиб қолаëтганлари ҳам бор. Ҳеч ким болаларни қайғурмайди, дейди хоразмлик Роза опа.

Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қуронбой Тожиев ўқувчиларнинг далага олиб чиқилаётганини инкор қилди.

Қуронбой Тожиев: Йўқ, ҳеч қанақа ундай гап йўқ. Мен бошлиқ ўринбосариман. Мен вилоятдаги ҳамма таълим муассасаларида ўқиш бир маромда кетаëтганлиги ҳақида маълумотга эгаман. Ҳеч қанақа қўшимча иш буюриш, деган нарса бўлаëтгани йўқ.

Озодлик: Масалан, Янгибозор туманидаги Қори Ниëзий номли мактабнинг ўқувчилари 17 майдан бери эрталаб соат саккиздан далага олиб чиқилаëтган экан. Бунга нима дейсиз?

Қуронбой Тожиев: Агар болалар дарсдан кейин ўзимнинг ота-онамга ëрдам бераман, деб борган бўлса бошқа гап. Лекин ўқишлар бир маромда кетмоқда.

Шу тарзда Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари айбни яна ота-оналарга юклади.

2008 йили расмий Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев қишлоқ хўжалик ишларида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка оид фармонга қўл қўйган эди.

Ўтган йилнинг январ ойида мамлакатда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун ҳам қабул қилинди.

Шунингдек, ўтган йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”да қонун кучга кирди.

Бироқ “Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, ўзбек расмийлари болалар меҳнатисиз пахта етиштириш имконига эга эмас.

- Давлат ўзига янги мажбуриятлар олгани ëки янги қонунлар қабул қилгани билан амалиëтда болалар меҳнатидан қишлоқ хўжалиги соҳасида кечишга ҳали тайëр эмас.

Биз масаланинг том маънодаги сабабини ўрганадиган бўлсак¸ қишлоқ хўжалигида тубдан ўзгаришлар бўлиш лозим. Бу ҳуқуқий ва сиëсий ислоҳотларга боғлиқ.

Бу масалалар кенг кўламда ечилмас экан¸ давлат ўзига қанақадир мажбурият олишига қарамасдан мажбурий болалар меҳнати қишлоқ хўжалигида сақланиб қолаверади.

Амалиëтда бу нарсага чек қўйилишига бизнинг ҳали кўзимиз етмаяпти. Чунки Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати ўзига хос хусусиятга эга.

Кўплаб ривожланмаган давлатларда болалар учун мажбурий меҳнат турлари бор. Лекин у ерда бу нарса катта корпорациялар, компаниялар томонидан қўлланилади ва жавобгарлар ҳам ўшалар бўлади.

Ўзбекистон каби давлатда эса мажбурий меҳнатнинг асосий ҳомийси ва қўллаб-қувватловчи давлатнинг ўзи бўлиб қолаяпти. Шунинг учун биз биринчи ўринда масаланинг сиëсий ечимига қарашимиз керак.

Агар сиëсий ечим топилса, мана шу нотўғри амалиëтга чек қўйилади, дейди Суҳроб Исмоилов.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоллари ўтган йили болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича мониторинг ўтказиб, бир қатор қонунбузарликларни аниқлаганди.

Мониторинг натижаларига кўра, ўтган йили аксарият ҳудудларда мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари, ҳатто 1-2-3-синф болалари ҳам пахта теришга мажбур қилинган.
XS
SM
MD
LG