Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

Асоратга тушганларнинг аксари ёшлар


Ўз ҳуқуқини тузук-қуруқ танимаган марказий осиëлик ëшлар¸ хориждан иш топиш илинжида жиноий гуруҳлар қўлига тушмоқда.
Ўз ҳуқуқини тузук-қуруқ танимаган марказий осиëлик ëшлар¸ хориждан иш топиш илинжида жиноий гуруҳлар қўлига тушмоқда.

Мамлакатда ҳукм сураётган ишсизлик туфайли қирғизистонлик мактаб битирувчилари орасида одам савдоси қурбонлари кўпаймоқда. Бу ҳақда МХТнинг Ўшдаги мувофиқлаштирувчиси Химия Суерқулова маълум қилди.

Ўшлик Акмалжон 2007 йилда 9-синфни тамомлаганидан сўнг икки йил мобайнида устачилик билан шуғулланган. Устачиликдан даромад яхши бўлмаётгани боиc у Москвада ошпазлик қилаётган акасининг олдига кетмоқчи бўлиб турибди:

- Борсам иш тайин, ётоғим, барча нарсам тайин. Ўзимизда сувоқчилик қилдим, ҳар хил ишлар қилдим, қисқаси, устачилик қилиб юрдим. Устачилик совуқ, оғир иш экан, менга тўғри келмади. Ошпазлик қилишни эса яхши биламан, дейди Акмалжон.

Айни пайтда¸ кейинги пайтларда чет элга кетаётган қирғизистонликлар орасида одам савдоси қурбонига айланаётганлар кўпайиб бормоқда. Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўшдаги мувофиқлаштирувчиси Химия Суерқулова одамфурушларга алданганлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилишини айтади:

- Ҳозирги пайтда чет ўлкаларга иш излаб кетаётганларнинг аксарияти мактабни эндигина тамомлаган, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, тажрибасиз ёшлардир. Улар орасида одам савдоси қурбонига айланганлар кўп учраяпти, дейди Химия Суерқулова.

Унинг айтишича, мактаб битирувчиларни одам савдоси қурбони бўлишининг олдини олиш мақсадида нодавлат ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари мактаб битирувчилари орасида тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.

Химия Суерқуловага кўра, чет элга иш излаб кетаётган одамларнинг аксариятини мамлакат жанубида истиқомат қилувчи одамлар ташкил этади. Шу сабабли жанубда одам савдоси қурбонлари сонини камайтириш мақсадида 189 рақамли ишонч телефони ташкил қилинган.

2009 йил бошидан буён ишонч телефони орқали одам савдоси қурбони бўлган 60 киши мурожаат қилган. Химия Суерқулова бу кўрсаткич мамлакат бўйича бир неча ўн баробарга кўп бўлиши мумкинлигини, бироқ бу борада аниқ маълумот йўқлигини айтади.
Чунки...

- Статистикани юргизиш жуда оғир. Биринчидан, бизнинг паспорт столларида назорат яхши олиб борилмайди. Назорат қилиш ҳам қийин, негаки бизнинг одамлар чет ўлкаларга рўйхатдан чиқмай кетадилар. Иккинчидан, чегарачиларимизда қанча одам киргани-чиққани юзасидан махсус ҳисоб бўлиши керак, бу ҳам йўқ.

Бу ерда яна бир муаммо бор - одамларимиз расмий чегара пунктларидан эмас, унинг атрофидаги айланма йўллардан ўтадилар. Шу сабабли одам савдоси қурбонларининг аниқ сонини кўрсатиш учун ҳеч қандай механизмга эга эмасмиз ва уларнинг сонини фақат тахмин қила оламиз, холос, деди Химия Суерқулова.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига мувофиқ, Қирғизистонда йилига беш минг одам қул сифатида сотилади. Ўшдаги “Голден Гоал” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Алишер Мамажонов аввалроқ қирғизистонликлар Туркия ва Араб Амирликларида жинсий қулликка, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қуллигига сотилаётганини Озодликка маълум қилган эди.

Одам савдосига қарши кураш масалалари билан бевосита шуғулланувчи ўшлик юрист Салима Бўрўнова сўнгги пайтларда одам савдоси қурбонлари билан бир қаторда одамларни сотиш билан шуғулланган шахслар ҳам кўпайганини, бироқ уларни жиноий жавобгарликка тортиш қийин бўлаётганини айтади.

- Одам савдоси билан шуғулланган шахслар қонун доирасида 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ аксарият ҳолларда уларга қарши очилган жиноят ишлари судгача етиб бормайди, негаки бизга ариза билан мурожаат қилган одамлар эртасигаёқ “аризамни қайтариб оламан, ўзимиз келишиб олдик”, деб келадилар, дейди Салима Бўрўнова.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган расмий маълумотларга кўра, йил бошидан буён одам савдоси моддаси бўйича 11 та маҳкама бўлиб ўтган ва бир неча одам узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, қирғизистонликларнинг чет элга даромад топиш истагида чиқиб кетишига ва аросатга тушиб қолишига мамлакатдаги ишсизлик, мавжуд иш ўринларида берилаётган маошнинг озлиги сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда маҳаллий расмийлар мамлакатда иш ўринлари яратиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширишга уринмоқдалар. Масалан, Ўш шаҳар миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш қўмитаси раҳбари Нуриля Жўлдўшеванинг айтишича, Ўшда инқирозга қарши кўрилаётган чоралар доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилган.

Олинган маълумотларга кўра, яқин кунларда худди шундай ярмарка республика миқёсида ўтказилиши кутилаяпти. Бундан ташқари, халқаро донорлар кўмагида меҳнат биржалари ташкил қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG