Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Ўроқда йўқ¸ машоқда йўқ¸ хирмонда ҳозир


Жиззахнинг Зарбдор тумани ҳокими Эргаш Ғайбуллаев деҳқон-фермерларга режани бажариши ёки бажармаслигидан қатъий назар¸ ўзи кўтарган хирмондан буғдой олишни таъқиқлади.

Ҳоким буйруғига кўра¸ деҳқонларга тумандаги барча фермер хўжаликлари ҳосилни йиғиб, режани бажариб бўлганидан кейингина ошган буғдойни олиш мумкинлиги айтилмоқда.

Туман ҳокими ташаббуси билан жорий этилган бу тартибни бузган деҳқон-фемерлар ва, ҳатто, уларни ишини назорат қилиш учун бириктирилган милиционерларга ҳам қамоқ жазоси билан таҳдид қилинмоқда.

Туман ҳокими шундай ташаббусини эълон қилган ва зўрлик билан амалда жорий қилган йиғилишда иштирок этган зарбдорлик бир деҳқон исмини ошкор этмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан баъзи нарсаларни гапириб берди.

Унга кўра, шунча йил давомида деҳқоннинг ҳаққига эга чиқаётган раҳбариятнинг талабларига чидаб келаётган деҳқонлар ҳокимнинг бу ташаббусидан қаттиқ норози.

Чунки, зарбдорлик деҳқон-фермерлар ва уларнинг қўлида ишлаётган ишчиларнинг йил давомида тирикчилигини таъминлайдиган манба шу биргина буғдой эди. Аксарият оилалар фермердан оладиган буғдой билан рўзғор тебратади.

- Аммо, янги тартибдан нафақат оддий деҳқонлар, балки, ҳокимият идорасида ишлаётган мутасаддилар ҳам норози бўлмоқда. Чунки, лавозимидан фойдаланиб, фермер хўжаликларини ташкил қилиб олган баъзи амалдорлар ҳам ўзи етиштирган буғдойдан қуруқ қолиш аламини татиб кўрмоқда.

Шунинг учун, нима қилиб бўлса ҳам режадан ортган буғдойни ҳокимликка бермасликнинг чорасини қидиришмоқда, деди овозини ёзиб олишимизни истамаган зарбдорлик деҳқон биз билан суҳбатда.

Бу йил баҳор серёғин бўлгани боис Зарбдор тумани ва умуман Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларининг баъзи ҳудудларида буғдойга занг касаллиги тушган эди. Шу боис деҳқонлар буғдой пуч бўлиб қолиши ва ҳосилнинг чўғи озайиб кетишидан ташвиш қилмоқда, дейди жиззахлик деҳқонлардан бири.

- Шу пайтгача сувни аритмадик¸ сувни қўйиб ўтирдик. Энди ўзимиз ҳам қўрқиб ўтирибмиз. Касаллик таъсир қилса¸ буғдой пучуқ бўлиб қолиши мумкин экан. Пучуқ бўлиб қолмаса¸ режани бажарамиз деб ўтирибмиз. Қолганини ишчиларга берамиз деб ўтирибмиз. Билмасам энди¸ дейди жиззахлик деҳқон аëллардан бири.

Бу деҳқон аёл 5 гектар буғдой эккан ва унинг зиммасига 11 тонна режа юклатилган. У режани ҳам бажариши ва ундан ошириб, қўл остидаги ишчиларга ҳам буғдой бериши керак.

Режадан ошиб, ўзига қоладиган буғдойнинг кўп бўлмаслигидан қўрқиб турган деҳқоннинг озгина даромади ҳам тортиб олиниши мумкинлигини эшитиб, тоқати тоқ бўлди.

“Катталар ҳосил кам бўлса, туман режасини бажаролмай қолади, деб қўрқаётгандирда”, дейди бу суҳбатдошимиз.

- Унда нима бўлади¸ жанжал бўлади. Ҳамма бу нарсага қанча харажат қилган. Занг касали тарқалган бўлса¸ ғалла пучуқ бўлиб қолади¸ ғалла енгил бўлади. Режадан ташқарисини оламиз деган фикр чиқараëтган бўлса керакда. Ҳар йили бунақа фикр йўқ эди. Катталар ҳар мажлисда битта қарор¸ битта қонун чиқаради, дейди жиззахлик деҳқон аёл.

Зарбдорлик кекса ёшли бир суҳбатдошимизнинг сўзларига қараганда эса катталарнинг бундай хавотири асоссиз. Бу суҳбатдошимиз узоқ йиллар давомида тракторчилик қилган ва Зарбдор тумани далаларида кўп йиллар ер ҳайдаган.

- Менинг фикримча¸ буғдой яхши бизда. Болалар анча-мунча нарса экиб туради. Пиëз экади¸ макка экади¸ ишқилиб тирикчиликда. Болаларимиз далага бориб келади. Улар ҳам буғдой яхши дейди.

Еримиз лалмикор. Сув кам. Шунинг учун кўп занг бўлмайди. Сувли ерлар қишда ҳам суғорилган. Ëмғир ҳам кўп бўлаяпти. Шунинг учун уларда занг бўлади, дейди зарбдорлик кекса ёшли механизаторлардан бири.

Аммо шунга қарамай туман раҳбарияти бу йил буғдой ҳосили кам бўлишидан ваҳима қилиб, бонг урмоқда.

Шуни рўкач қилиб, вилоят ҳокими номидан деҳқонларга мурожаат қилган ва уларнинг режадан ошган улушини тортиб олишга уринаётган туман раҳбариятининг бошқа муддаоси бордир, дейди зарбдорлик инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдулла Раззоқов.

Унинг сўзларига кўра, бу туманда буғдойни хорижга пуллашнинг жуда қулай имкони бор.

- Зарбдор тумани ҳар қандай талон-тарожликни Тожикистон орқали қилади. Чунки Зарбдор туманига Тожикистон яқин. Арнасой туманига эса Қозоғистон яқин. Вилоятимиздаги энг катта талон-тарожлик мана шу иккита туманда бўлади.

Бунга мисол қилиб бизнинг Зарбдор туманидаги заҳирадан неча минг тонна буғдой ўғирланиб сотилганини¸ камомадлари юзага чиқиб қанча одамлар жиноий жавобгарликка тортилиб қамалиб ëтганини келтириш мумкин¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Аввалига давлат ғазнасидан ўғирлаган раҳбарлар бу йил ҳирмон паст бўлишидан хавотир қилиб, эрта кундан ўз улушини тайин қилиб қўйишга уринмоқда, деб ҳисоблайди бу суҳбатдошимиз.

Лекин, деҳқондан ягона илинжи бўлган нонни олиб қўйиш яхшиликка олиб келмайди.

- Оқибатда нима бўлади? Мана яқинда Арнасой туманида 100 нафардан ортиқ ишчилар ўзларининг иш ҳақларига¸ келажакда ейдиган нонларига тўсиқ бўлгани учун норозилик намойиши қилдилар. Энди навбат Зарбдорга келади, дейди зарбдорлик инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдулла Раззоқов.

Шу ўринда ёдингизга соламиз, 30 май куни шу каби ноҳақликлардан норози бўлган арнасойлик деҳқонлар фермер хўжалиги раисини гаровга олган, уни дала шийпонига қамаб қўйиб, уни озод қилиш эвазига туман ҳокимлигига ўз талабларини қўйган эди.

Аммо, кечга бориб, милицияни етаклаб келган ҳоким деҳқонларни куч билан тарқатиб юборган ва уларнинг талабини қабул қилишга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG