Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Ваъданинг вафоси кутилаëтир


Дунëнинг беш қитъасида яшаëтган мусулмонлар Обамадан ўзлари истаган гапларни айтишни исташди.
Дунëнинг беш қитъасида яшаëтган мусулмонлар Обамадан ўзлари истаган гапларни айтишни исташди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг Қоҳирадан туриб дунë мусулмонларига қилган мурожаати аксар мусулмон жамоалари ичида шаклланган аксил-Америка кайфиятларини у ëки бу томонга ўзгартира олдими?

АҚШ президенти Барак Обама 4 июн куни Қоҳирада сўзлаган нутқи аввалида ўзининг Ислом дунёси ва динига бўлган ҳурматини изҳор қилди.

“Ташаккур, катта раҳмат, ассалому-алайкум”, деди араб тилида Барак Обама уни қарсаклар билан қарши олган 3000 кишилик аудитория олдида қилган нутқи аввалида.

Сўнгра бир соатга яқин давом этган нутқини Ислом дини ва бу дин заминида етишган цивилизациянинг дунё тараққиётига қўшган ҳиссаси юксаклигини эътироф этиш билан бошлади.

Кейин эса бугунги Ислом дунёси ва АҚШ муносабатларига ўтиб, кейинги йиллар давомида томонлар ўртасида тушунмовчилик ва зиддиятга сабаб бўлган масалаларга бирма-бир тўхталди.

Бу зиддиятнинг бош нуқталаридан бири бўлган АҚШ нинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари зарурат тақозоси эканини айтди¸ Ироқдаги ҳаракатларнинг эса хато бўлганини билвосита тан олди. Гуантанамо қамоқхонасидаги каби қийноқларга бошқа йўл қўйилмаслигини ваъда қилди.

Фаластин ва Исроил можаросининг ечими эса – бу ҳудудда Фаластин ва Исроил номли иккита мустақил давлатнинг мавжудлиги ҳамда томонлар бир-бирининг мавжудлигини тан олиб, жанжални тўхтатишида эканини яна бир карра таъкидлади.

Нутқи давомида Обама қоҳиралик мусулмонларнининг олқишларига сабаб бўлган яна бир баёнот қилди.

- Ҳаётда орттирилган тажрибалар асосида келган хулосам шуки, АҚШ ва Ислом дунёси ўртасидаги муносабатлар Исломга ёт эмас, Исломнинг асоси бўлган қадриятларга таяниши керак.

Бугун Ислом ва мусулмонларнинг аслида нима ва кимлигидан кўра¸ уларга ёт бўлган нарсалар ҳақида кўп гапирилмоқда.

АҚШ президенти сифатида Исломга қарши салбий стреотипларга қайда гувоҳ бўлсам¸ уларни ўша жойдаëқ тўхтатишга ваъда бераман¸ деди ўз мурожаатида президент Обама.

Гарчи, асосан, араб дунёсига йўлланган бўлса-да, бу мурожаат Марказий Осиё минтақаси мусулмонлари учун ҳам аҳамиятли эканига шубҳа йўқ. Боиси, АҚШ нинг араб дунёси билан мавжуд муаммолари бугун бу минтақадаги мусулмонларнинг АҚШ га нисбатан муносабатига ҳам соя солиб улгурган.

Аксил-америка кайфияти собиқ иттифоқ қулаб, араб дунёси билан алоқалари қуюқлашиб бораётган минтақа мусулмонлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонларида ҳам кузатилмоқда.

Шундай экан, Барак Обаманинг Қоҳирадаги нутқи нафақат араб дунёси мусулмонлари, балки минтақа мусулмонларидаги аксил-Америка кайфиятни ўзгартира оладими?

Ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Исабеков бугунги ўзбек мусулмонлари орасида аксил -Америка кайфияти мавжудлигини тасдиқлар экан, бунинг сабабини шундай изоҳлайди:

- Менинг назаримда¸ бунинг учта озуқаси бор. Бири совет замонидан келаëтган нарса. Шундан озуқланади.

Иккинчиси¸ мусулмонлар орасида маълум даражада яқинлик бўлгандан кейин араб мусулмонларининг яҳудийларга қарши кайфиятидан.
Исроил деганда унинг орқасида Америка турганлигини ўз-ўзидан ҳамма билади.

Арабларда ҳам¸ бошқа жойда ҳам Американинг кейинги пайтдаги ҳаракатини ва сиëсатини терроризмга эмас¸ мусулмонларга қарши деб тушунтирадилар¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Бахтиёр Исабеков бугун Марказий Осиё минтақасидан турли сабаблар билан араб дунёсига қатнаётган минтақа мусулмонларининг бу ғояларга ишонишига сабаб бўлган омилларни ҳам санаб ўтди.

- Афғонистон ва Ироқдаги ҳаракатлари туфайли Америка Исломга¸ умуман мусулмонларга қарши давлатдай бўлиб қолди.

Ислом дунëсига қарши курашган биринчи давлат тарихда доим Россия бўлиб келган. Энди шу байроқ нимагадир Американинг қўлига ўтгандай ҳолат.

Қарасангиз¸ Американинг бутун ҳаракатлари Въетнам урушидан кейин уруш қаерда бўлишидан қатъий назар¸ мусулмон оламига қаратилди. Булар ҳаммаси¸албатта¸ салбий рол ўйнади. АҚШ президенти буни ўз вақтида кўтарди.

Бундай кайфият фақат Ўзбекистонда эмасдир. Бу кайфият Ислом дунëсига анча тарқалди, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Исабеков.

Қирғизистонда ҳам айни вазият эканини сўзлаган қирғизистонлик исломшунос олим Ҳабибулло Ҳаким аксил-Америка кайфиятини бу минтақага етаклаган яна бир муҳим омил – мусулмон дунёсидаги биродарлик ришталари ҳақида сўзлади.

- Мусулмонларда диний бирдамлик бор. Гарчи мусулмонлар бир-бирига ортиқча ëрдам бера олмаса ҳам бирининг бошига тушган мусибатдан бошқалар қайғуради¸ ҳамдард бўлади.

Мусулмонлар ожизлик¸ иқтисодий таназзул туфайли бир-бирига ëрдам бериб¸ НАТО ва бошқа катта ташкилотлар каби уюшма ҳолатига кела олишмади. Бунга мусулмонларнинг ўзларининг ичидаги келишмовчилик¸ гаплари бир жойдан чиқмаслик каби факторлар туфайли ўзлари айбдор.

Жорж Буш ҳокимияти жуда кўп вақт давомида ўзининг демократик давлат эканлигини исбот қилиб келган давлатга иснод келтирди. Кўп жойлар демократия деган тушунчага ўзининг ишончини йўқотди¸ дейди исломшунос олим Ҳабибулло Ҳаким.

Шу фикрни таъкидлаган исломшунос олим Ҳабибулло Ҳаким АҚШ ҳокимиятига келган Барак Обама етакчилигидаги демократлар илгари сураётган мақсадларга умид билан қарайди.

Ҳабибулло Ҳаким мусулмон олами, айниқса, тобора илми саёз бўлиб бораётган ёш мусулмонлар билан сафи кенгаяётган Марказий Осиё минтақаси мусулмонлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари бўлган Ғарб давлатларидан ўзлаштириши лозим бўлган қадрият — демократиядир, деб ҳисоблайдиган, ҳозирча, оз сонли олимлардан биридир.

- Менимча¸ демократия аввало халқ учун керак. Баъзи Ислом уламолари айблаб “Исломга зид” деб айтмасин¸ энг яхши тузум ҳозирча демократия.

Номи демократия¸ буни бошқачароқ кўринишда “халқ ҳокимияти¸ халқ шўроси” деса бўлади. Шўро¸ маслаҳат деган нарса Исломда ҳам қўллаб-қувватланган нарса.

Бундан ташқари¸ мақсад инсоннинг яхши яшаши бўлгандан кейин менимча¸ демократияни ҳамма қўллаб-қувватлайди. Бу ерда халқ билан давлатнинг бир-бирига қаршилиги бўлмаса керак.

Реакцион кайфиятдаги¸ ўта қолоқ тушунчадаги Ислом уламолари томонидан бунга қаршилик бор. Демократия деган сўзнинг ўзидан чўчиб тушадиган қолоқ¸ фикри тор уламоларимиз ҳам кўп. Аксар кўпчилиги ҳолатни тушуниб қолган, дейди қирғизистонлик исломшунос олим.

Ҳабибулло Ҳаким Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида “Science progress” номли халқаро ташкилот таъсис этган ва минтақада ёшлар таълими соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ўзбекистонлик ёш диндор йигит. У Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси¸ диний экстремизмда айбланиб, қўлига қурол тутган мусулмон ўзбек йигитларидан бири.

У Ўзбекистон-Тожикистон-Афғонистон-Покистон маршрути орқали жанг майдонига тушиб қолган, Афғонистонда АҚШга қарши уруш эълон қилган толибон сафига қўшилган ўзбек йигитларини яхши танийди.

Обаманинг мусулмон дунёсига йўллаган мурожаати боис унга ҳам микрофон тутдик ва унинг АҚШ га нисбатан бугунги муносабатини сўрадик.

- Мен ëмонига ëмон ҳолатда¸ яхшисига яхши ҳолатда қарайман. Америкага ҳеч қандай душманлигим йўқ¸ деди қисқагина қилиб бу суҳбатдош.

Аммо, у ўзининг кўплаб мусулмон ҳамюртлари каби АҚШ нинг Афғонистон, Ироқда олиб борган ҳарбий ҳаракатлари, хусусан, унинг ўзи гувоҳ бўлган Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларини мутлақо қувватлай олмаслигини айтади.

Айни пайтда у ўз хулосаси сабабини АҚШ нинг Ироқ ва Афғонистон каби мусулмон давлатларидаги ҳарбий ҳаракатларигина эмас, балки бу ҳаракатлар замирида ётган сиёсий ўйинлари ҳамдир, дея изоҳлади.

У Афғонистон ҳудудида толибон сафига қўшилиб, АҚШ га қарши курашган мусулмон ўзбек йигитларининг кўрган-кечирганлари ортидан шундай хулосаларга келган.

- Толибон ҳақида мен шундай тасаввурга эгаманки¸ толибон Американинг ўзиники. Бошқаси ҳам ўзиники.

АҚШга бу нарса Афғонистонни осонлик билан олиш учун керак эди. Халқни алдаш керак эди. Толибон ўша пайтда ҳеч қандай урушсиз Покистон ëки бошқа ëққа ташлаб чиқиб кетган.

Жумавой аканинг¸ Тоҳир аканинг Америкага ҳаққоний душманлиги борлари ўша пайтда Покистоннинг бошқа ëқларига ўтиб кетишган эди.

Америка ўша пайтда бомбардимон қилиб оддий халқни ўлдирди¸ холос. Қилаëтган ишлари бу сиëсий ўйин¸ дейди ўзбекистонлик ёш диндор йигит.

У сўзлари давомида интернет саҳифаларида 2001 йил 11 сентябр воқеаси ортидаги ҳақиқат, дея тақдим этилган кўплаб видео-аудио ҳужжатларни ҳам ўз фикрига далил сифатида тилга олди.

- Ҳозир интернетга кирадиган бўлсангиз¸ 2001 йил 11 сентябрда аслида нималар бўлганини фактлари билан келтириб берган. Бу бинолар самолëтнинг зарбасига йиқилмаган. Бу нарсани давлатнинг ўзида ишлайдиган баъзи бир ходимлар келтириб чиқариб беришди.

Усама бин Ладин Жорж Бушнинг энг яқин акахони ëки укахони бўлиб¸ бирга ишлайдиган одамлар булар. Толибон ҳам Американики. Чунки янги чиққан қурол уларнинг қўлига бориб тушиши бу ақлга сиғмайдиган нарса.

Озодлик: Балки шунақа гуруҳлар ҳақиқатда бордир? Улар пулдордир¸ қурол олгандир¸ Американинг иштироки йўқдир балки?

- Бу ëқда туриб гапириш жуда осон. У ëқда тоғ кечиб юрсангиз¸ гаплашсангиз¸ ўзингиз нима ва нима бўлаëтганини ахтара бошлайсиз.

Анчагина вақт ўтгандан кейин биласизки¸ булар ëлғон номга эга бўлган гуруҳлар. Улар Қуръонда йўқ нарсаларни келтириб¸ исботлаб беришга ҳаракат қилади.

“Бу қаерда ëзилган¸ ким томонидан ривоят қилинган” десангиз¸ айтиб бериша олмайди. Шунақа нарсалар ҳам бўлган¸ дейди ўзбекистонлик ёш диндор йигит.

Аввалига эътиқоди ва тинч ибодати Ўзбекистон ҳукумати тазйиқига учраган ва кейинчалик радикал диний гуруҳларга қўшилган, кейинчалик эса бу гуруҳлар сафини ҳам тарк этиб, муҳожиратга маҳкум бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси¸ АҚШ нинг Ислом дунёси билан муносабати ортида Америка манфаатларинигина кўзлаган сиёсий ўйинлар ётади, деган қатъий хулосада экан.

Шуниси аҳамиятлики, бундай хулоса бугун нафақат радикал кайфият аламини тортган, балки анчагина мўътадил мусулмонларда ҳам кузатилмоқда.

Буни ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Исабеков ҳам, қирғизистонлик исломшунос олим Ҳабибулло Ҳаким ҳам таъкидлади.

Жумладан, Ҳабибулла Ҳаким ўз фикрини Фаластин ва Исроил можароси бобида АҚШ нохолис, дейдиган маҳаллий мусулмонлар тилидаги шубҳалардан бирини мисол қилиб келтириш орқали шундай изоҳлади.

- Фаластин ўйинининг давом этиб туриши кимларгадир керакка ўхшайди. Масалан¸ менинг эшитишимча¸ "Фатҳ"га ҳам, "Хамас"га ҳам, Исроилнинг ҳамма ҳаракатларига ва умуман барча ҳаракатларга асосий маблағни Америка берар экан.

“Бу ишни бошқараëтган ва Исроилни қўллаб-қувватлаëтган Америка¸ деган гапни кўпчиликдан эшитганман. Яна Худо билади¸ дейди исломшунос олим Ҳабибулла Ҳаким.

Ғарб демократиясига умид боғлаган олим Ҳабибулла Ҳаким мусулмон олами қалбига солинган мана шундай шубҳаларнинг тарқатилиши, бартараф қилинишини¸ АҚШ ва Ислом олами ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим нуқталаридан бири, деб ҳисоблайди.

Марказий Осиё минтақасидаги мусулмонларнинг АҚШга нисбатан муносабатини кузатаётган таҳлилчилар ва ўз вақтида аксил-Америка кайфиятида бўлган ўзбекистонлик ёш мусулмон суҳбатдошимиз АҚШ нинг янги раҳбарияти муддаосига қизиқиш билан қарамоқда.

Суҳбатларимиз охирида бу суҳбатдошларимизга Обаманинг Ислом дунёсига ҳамкорлик мақсадида узатган қўлини олишга мусулмон жамиятлари тайёрми, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган зўравон экстремистларга қарши АҚШ билан бирга ҳамкорликда, бир-биридан сир тутмаган ҳолда курашишга тайёрми, деган саволларни бердик.

Бу саволлар жавобига ўтишдан олдин эса бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Барак Обама ўз нутқи давомида илк бор “зўравон экстремистлар” (violent extremists) деган иборани қўллади.

Халқаро ахборот воситаларида “экстремистлар”, деган сўзга, одатан, “исломий” ёхуд “радикал” деган сўзлар қўшилади ва бу сўзларнинг ҳар иккиси замирида ҳам кўпинча мусулмонлар назарда тутиб келинган.

Айтиш мумкинки, дунё мусулмонларининг мўътадил ва зиёли қатламини норози қилган асосий жиҳат мана шу эди. Қоҳирада сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама, афтидан, худди шу жиҳатни жуда тўғри пайқади ва илк бор “зўравон экстремистлар” деган иборани қўллабгина қолмай, Исломга ёт бўлган стереотипларга қарши курашишни ҳам ваъда қилди.

АҚШ нинг янги раҳбари ўз ваъдасида қанчалик собит бўлади, буни вақт кўрсатади ва, албатта, мусулмон дунёси уни қувватлашга тайёр, деди Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбек мусулмонлари.

- Агар Обама жаноблари ўзининг шу гапларида самимий бўладиган бўлса¸ жуда ҳам тушуниш қийин эмас. Буни амалга оширса бўлади.

- Бунақанги ваъдалар жуда кўп берилган. Хоҳ Обама гапирсин¸ хоҳ бошқаси мукаммал даражада ишонч ҳосил қилиш мумкин эмас. Олдин амал қилсин¸ кўрайлик¸ кейин бир нарса деса бўлади.

- Бу амалга оширилиши қийин бўлган нарса эмас. Менинг назаримда¸ бу тез амалга ошадиган нарса. Бунинг учун эса ҳаракат керак. Ҳаракат қилмаса¸ қуруқ гапга ўхшаб қолади. Бунинг маълум даражада бошқа томонлари ҳам бор.

Исломий мамлакатлар билан яхши бўламиз¸ уларнинг диний анъаналарини ҳурмат қиламиз¸ дейишнинг Ислом мамлакатларида демократия ўрнатишни тўхтатамизга айланиб қолиши хавфли.

Бу мусулмон мамлакатлари аҳолиси учун яхшиликка олиб келмайди, деди “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг АҚШ президенти Барак Обаманинг мусулмон дунёсига йўлланган мурожаатига бағишланган сони учун Озодлик билан суҳбатлашган суҳбатдошлар.

***********************************
Азиз муштарий! АҚШ президенти Барак Обаманинг 4 июн куни Қоҳирадан туриб мусулмон дунëсига қилган мурожаатида Сизда қандай таассурот қолдирди? АҚШ¸ қолаверса Ғарбда Ислом ва мусулмонлар ҳақда кучайиб бораëтган салбий стереотипларни тўхтатиш учун Ғарб сиëсатчи ва жамаотчилиги нима иш қилишу керагу¸ мусулмонларнинг ўзлари нима қилмоқлари лозим¸ деб ўйлайсиз? Фикр-мулоҳазаларингиз учун¸ Сизга олдиндан ташаккур.
XS
SM
MD
LG