Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

АҚШ базаси қолиши мумкин


18 августгача Қирғизистондан чиқарилиши шарт қилиб қўйилган Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасининг бу мамлакатдаги ҳозирлиги муддати яна номаълум вақтгача узайтирилиши мумкин.
18 августгача Қирғизистондан чиқарилиши шарт қилиб қўйилган Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасининг бу мамлакатдаги ҳозирлиги муддати яна номаълум вақтгача узайтирилиши мумкин.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Қирғизистон раҳбари Қурмонбек Бакиевга яккама якка учрашиб, Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасини сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилишни таклиф этди.

Бу маълумотни тасдиқлаган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Афғонистон президентининг бу борадаги мактуби Афғонистоннинг Қозоғистондаги элчиси Абдул Хай Ҳайдар томонидан қирғиз ҳукуматига етказилган.

Бу икки давлат раҳбарлари учрашуви Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг июн ойи ўрталарида Екатеринбургда ўтадиган йиғилиши чоғида амалга ошиши мумкин.

Қирғизистон президенти котибиятидан олинган маълумотга кўра, Ҳамид Карзай Қурмонбек Бакиевга йўллаган ўз мактубида аксилтеррор коалициянинг Бишкекдаги ҳарбий базасини мамлакат ҳудудида сақлаб қолиш масаласига алоҳида эътибор қаратаган.

- Президент Ҳамид Карзай Афғонистондаги вазият ўта мураккаблашиб кетгани ҳақида ёзар экан, бундай вазият Марказий Осиё хавфсизлигига ҳам таҳдид солиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.

Шу муносабат билан президент Ҳамид Карзай Қирғизистон раҳбари Қурмонбек Бакиевдан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда катта аҳамиятга эга бўлган “Манас” ҳарбий базаси фаолиятининг давом этишига имконият берилишини илтимос қилган,- деди Қирғизистон президенти котибияти раҳбари ўринбосари Максим Каганер.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг қирғиз раҳбарига йўллаган мактуби ва унинг ортидан ўтказилиши режалаштирилаётган учрашув натижаларига кўра, АҚШ ҳарбий базасининг Бишкекдаги ҳозирлиги сақланиб қолиниши эҳтимолдан узоқ эмас.

-Қирғизистонда, Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларининг мавжудлиги энг аввало Афғонистон ҳукумати учун жуда аҳамиятлидир. Шунинг учун Афғонистон раҳбарияти АҚШ базасини Бишкекда сақлаб қолиш учун ҳамма дипломатик имкониятларни ишга солади, - деб ҳисоблайди сиёсатшунос Дуйшен Шаматов.

Айни пайтда қирғизистонлик таниқли сиёсатчилар ҳам Бишкекдаги АҚШ базасининг сақланиб қолиниши шартлиги ҳақида гапирмоқдалар.

Масалан, Қирғизистон парламенти депутати Бақит Бешимов сўнгги пайтларда ўзбек-қирғиз чегарасида можароли воқеалар содир бўлиши кўпайгани, Ўзбекистоннинг Хонабод ва Андижон шаҳарларидаги портлашлар президентларни минтақа хавфсизлиги ҳақида кўпроқ ўйлашга мажбур қилаётганини айтади.

-Шундан келиб чиққан ҳолда АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистондаги ҳозирлиги сақланиб қолинишига шубҳа қилмайман,- дейди депутат.

Айрим маълумотларга қараганда Ҳамид Карзайнинг қирғиз президентига мактуб йўллашига АҚШ томони туртки берган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Пол Куин Жажнинг айтишича, бир неча ҳафта олдин Қирғизистон ва АҚШ расмийлари аксилтеррор кучлар авиабазаси масаласида жамоатчиликка хабар қилинмаган музокаралар ўтказганлар. Музокараларда кўтарилган масалалар АҚШ фойдасига ҳал бўлган.

Қирғизистон ҳукумати АҚШ базасининг Қирғизистонда қолдирилиши масаласига жамотчилик фикрини шакллантириш мақсадида Хамид Карзайдан мактуб кутаётган эди.

- Қирғизистон томони фуқароларга ва сиёсий элитига АҚШ базасининг қолдирилиши тўғрисида қарор нима учун қабул қилинганини тушунтириш йўлларини қидирмоқда. Ҳамид Карзайнинг мактуби эса расмий Бишкекнинг бу йўналишдаги стратегиясининг бир қисми, холос,- деди Пол Куин Жаж.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев шу йилнинг 4 февралида Москвага қилган сафри чоғида Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирган эди. Орадан кўп ўтмай қирғиз парламенти АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қонунни тасдиқлаган ва аксилтеррор коалициясига кирган 11 давлат билан ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги шартномаларни бекор қилган эди.

Қирғиз парламенти қабул қилган қонунга мувофиқ АҚШ базаси 2009 йилнинг 18 августигача мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши шарт қилиб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG