Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:26

Германия - Россия ҳамкорлиги кун тартибида


Сафар кун тартибига таҳрир киритган ҳолда¸ чоршанба куни Германия Ташқи ишлар вазирини Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам қабул қилди.
Сафар кун тартибига таҳрир киритган ҳолда¸ чоршанба куни Германия Ташқи ишлар вазирини Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам қабул қилди.

Чоршанба куни Москвага келган Германия Ташқи ишлар вазири Россия раҳбарлари билан сўзлашувлар баробарида мамлакатдаги фуқаролик жамияти вакиллари¸ хусусан мустақил “Новая газета” ходимлари билан учрашди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк Вольтер Штайнмайернинг Москвага белгиланган ишчи сафарининг дастлабки кун тартибига кўра¸ у кенг масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашиши лозим эди.

Аммо сафар арафасида учрашувлар кун тартиби кўтарили¸ Штайнмайер билан Россия президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин ҳам учрашадиган бўлди.

Ташқи алоқалар бўйича Германия кенгашининг Россия бўйича таҳлилчиси Штефан Майстер¸ Штайнмайернинг Россия сафари ортида сенябр ойида Германияда ўтадиган парламент сайловлари билан боғлиқ долзарб сиëсий масалалар турганини айтади.

- Сайловлар олдидан Россия каби муҳим шерик¸ муҳим давлатга қилинаëтган бу сафарнинг сиëсий жиҳатдан Штайнмайерга қўл келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Европа парламентига ўтказилган сўнгги сайловлар жаноб Штайнмайер ва у мансуб Социал-демократлар партиясининг аҳволи заифлигини кўрсатди. Россияликлар кузга бориб Штайнмайернинг вазирликдан кетиш эҳтимолидан яхши огоҳ. Шулар инобатга олинса¸ мен Москва учрашувларидан жиддий натижа чиқишига шубҳа билан қарайман¸ дейди таҳлилчи Майстер.

Германия Ташқи ишлар вазирлигига кўра¸ Штайнмайернинг Москва учрашувларида асосан учта масала муҳокама қилинган.

Биринчидан¸ берлин дипломатлари раҳбари¸ ҳозирда юзага келган қулай шароитдан фойдаланиб қуролсизланиш ва қуроллар назорати юзасидан конкрет натижага эришмоқчи.

Германия Ташқи ишлар вазири шунингдек¸ Москва ва Берлин ўртасидаги шерикчиликни модернизация қилиш жараëнини тезлаштирмоқчи. Бу эерикчилик¸ Россия иқтисодига немис сармоясини киритиш ва ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.

Ва ниҳоят¸ Штайнмайер Москва сафари давомида Катта саккизлик ва ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари учрашуви каби қатор муҳим халқаро йиғинларга ҳозирлик жараëнини ҳам муҳокама қилди.

Москва сафари давомида фуқаролик жамияти вакиллари¸ шунингдек Россияда қолаëтган кам сонли “Новая газета“ каби мустақил нашр мухбирлари билан учрашиш орқали Германия Ташқи ишлар вазири мамлакатдаги демократия вазиятига ҳам кўз юмилмаëтганига ишорат қилди.

Германия Ташқи ишлар вазирлигига кўра¸ Москва раҳбарлари билан учрашувлар давомида Штайнмайер¸ мустақил журналистларга нисбатан давом этаëтган ҳужумлар¸ шунингдек собиқ ЮКОС ширкати раҳбари Михаил Ходорковский устидан бораëтган маҳкама жараëнини ҳам тилга олган.
XS
SM
MD
LG