Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Европа Гуантанамо тутқунларини қутқармоқчи


Гуантанамонинг камида 50 маҳбуси ҳозирда тутқунлик ва озодлик ўртасидаги икки эшик орасида қолмоқда.
Гуантанамонинг камида 50 маҳбуси ҳозирда тутқунлик ва озодлик ўртасидаги икки эшик орасида қолмоқда.

Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Гуантанамо қамоқхонасининг фуқаролиги йўқ ёхуд ватанида қийноқларга учраш эҳтимоли бор 50 тутқунини Европа давлатлари қабул қилиши шарт, деб ҳисобламоқда.

“Тахминан, 50 тутқун ўз уйига қайта олмайди. Бунга сабаб, улардан баъзиларининг фуқаролиги йўқ ёхуд агар куч билан қайтарилса, ватанида қийноқлар ва ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишига дуч келиши мумкин. Шубҳасизки, Гуантанамо тутқунларининг баъзилари халқаро ҳимояга муҳтож”, дейилади Томас Ҳаммарберг Европа давлатлари ҳукуматларига йўллаган мактубда.

Европа кенгашига аъзо 47 давлатнинг доимий вакиллари номига йўлланган бу мактубда АҚШ ҳукумати томонидан айбсиз, деб топилган бу шахслар Жазоир, Хитой, Фаластин, Россия, Сурия, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган.

Томас Ҳаммарберг 1–2 июн кунлари Вашингтонда бўлиб, АҚШ Давлат департаментининг айнан Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ишларига масъул этиб тайинланган расмийси Дэниэл Фрейд билан музокаралар ўтказди.

“Шу музокаралар натижасида АҚШ ҳукуматининг қамоқхонани беркитиш режасини амалга оширишда жадаллик билан илғорлаётгани ва бу ишнинг тезроқ ҳамда самаралироқ якунланишида Европа давлатлари кўмагига муҳтож эканига амин бўлдим”, дейилади Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Томас Ҳаммарберг мактубида.

Ўтган ҳафтада Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат Гуантанамо қамоқхонасидаги бир неча ўн тутқунни қабул қилиш ниятини билдирди.

Европа кенгаши комиссари Ҳаммарберг Вашингтон музокараларидан кейинги баёнотида, асосан, Шарқ давлатлари фуқаролари бўлган тутқунларга эътибор қаратмоқда.

Комиссар идораси матбуот хизмати вакили Стефано Монтанари Европа давлатларига қабул қилиш таклиф қилинаётган ва айбсиз, деб эълон қилинган тутқунлар рўйxатида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигини тасдиқлади. Аммо, бу рўйхатдаги маҳбуслар шахсига оид маълумотларни ҳозирча аниқлашнинг имкони бўлмади.

Пентагон расмийлари 2006 йил март ойида Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар рўйхатини матбуотга ошкор қилган ва ўшанда бу рўйхатда фуқаролиги, деган катакка “Ўзбекистон” дея қайд этилган олти маҳбуснинг номи келтирилган эди.

Булар Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов, Абдулла Муҳаммадхон ва Ойбек Жабборовлардир.

Халқаро амнистия ташкилоти бу маҳбуслардан уч нафари – Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков ва Ойбек Жабборовлар террорчи деган айбловдан қутулганини маълум қилган эди.

Аммо, бу маҳбуслардан фақат бири — Ойбек Жабборовни Ирландия давлати қабул қилиш истагида экани маълум. Халқаро амнистия ташкилотининг Ирландиядаги бўлими вакили сўзлашувлар давом этаётгани, аммо, якуний гап ҳануз айтилмаганини айтди.

Ойбек Жабборов америкалик адвокати Майкл Мон орқали халқаро жамоатчиликка йўллаган мактубида ўзининг Ўзбекистонга қайтарилмаслигини сўраган эди.

Жабборов масаласида Ирландия ҳукумати ва Халқаро амнистия ташкилоти билан ҳамкорлик қилган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов кейинги пайтда АҚШ матбуоти озод этилган ҳар етти тутқундан бири яна террорчилик фаолиятига қайтмоқда, дея тарқатган хабарлар Европа давлатлари, эҳтимол, Ирландия ҳукуматини ҳам ҳушёр торттирмоқда, деган фикрда.

- Шунинг учун кўп мамлакатлар ҳозир қабул қилишга қўрқиб қолди. Чунки Европада¸ мана Испанияда¸ Буюк Британияда¸ Францияда бўлди портлашлар. Лекин бу маҳбусларни қаëққадир жойлаштириш керакку. Ахир Барак Обама Гуантанамони бир йилда тўлиқ ëпамиз деб ваъда бердику.

Ҳозир мана Европада сайловлар тугади. Европадаги кўп давлатларда ҳокимият алмашинуви бўлади. Сентябр ойларига қараб Европа ҳукуматлари “қабул қиламиз ëки қабул қилмаймиз” деган аниқ гапни айтса керак. Ойбек Жабборов масаласида Ирландия ҳукумати розилик берса керак¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Ирландияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдужалил Бойматов ҳам бошқа қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари вакиллари каби Гуантанамодаги ўзбекистонлик маҳбусларни Ўзбекистонга қайтармасликка чақирди.

- Улар Ўзбекистонга қайтарилмайди. Ҳатто МДҲ давлатларига ҳам қайтарилмайди. Чунки уларнинг ҳаммасида қийноқ қўлланилади. Уларни Европага жойлаштириш керак. Бошқа иложи йўқ¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Абдужалил Бойматов тилга олган 17 уйғур тутқуни тақдири 10 июн куни ҳал бўлди. “CNN” телеканали хабарига кўра, бу уйғурлар Хитойга эмас, Тинч океанидаги орол давлат бўлган Палауга кетади.

“Менинг ўғлим ҳам юртига қайтарилмасин”, дея тилак билдирди озод этиладиган тутқунлар рўйхатида бўлган ўзбекистонлик маҳбус Камолиддин Қосимбековнинг онаси Раъно Қосимбекова биз билан суҳбатда.

- Охирги марта ўтган йил гаплашдик. Ўзи қоламан¸ деб айтибди. Бу ерда битта ўғлим қамоқда ëтибди. Ўзи дадамизнинг ҳам мазаси йўқ. Менинг ҳам мазам йўқ.

Битта ўғлимнинг олдига амал-тақал қилиб пенсиямиздан харажат қилиб бориб ëтибмиз. Энди у ҳам келса¸ уни ҳам қамашса¸ бизда умуман куч қолмайдику.

Биз ҳозир ўйлаб ўйимизга ета олмаяпмиз. Чунки тўсатдан шунақа бўлиб қолди ва биз ўзимиз ҳам гаранг бўлиб қолдик¸ дейди Раъно Қосимбекова.

Кейинги маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбийларининг Гуантанамо қамоқхонасида 240 маҳбус қолган. Қамоқхонага¸ террорчиликда айбланиб, хориждан илк маҳбус келтирилган 2002 йилнинг 11 январдан бери жами 778 маҳбус банди қилинган.

АҚШ президенти Барак Обама шу йил январ ойида президентлик вазифасини бажаришга киришиши билан Гуантанамо қамоқхонасини 2010 йил январ ойига қадар ёпиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.
XS
SM
MD
LG