Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:46

"Бунëдкор"лар сафи кўпайтирилди


Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ айрим вилоятларда талабалар қурилишда тайини йўқ ойлик ваъдаси билан мажбуран ишлатилмоқдалар.
Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ айрим вилоятларда талабалар қурилишда тайини йўқ ойлик ваъдаси билан мажбуран ишлатилмоқдалар.

Наманганда тузилаётган талабалар отрядлари вилоятдаги бир қатор қурилиш объектларида келаси ҳафтада иш бошлайди. Бу ҳақда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Наманган вилоят кенгаши масъул ходими

“Бунёдкор-2009” қурилиш отрядлари тўғрисида Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акрамжон Акрамов айтиб берди.

Акрамжон Акрамов: Вилоятимиздаги учта олий ўқув юртида 111 нафар талабалар "Бунëдкор"да ишлаш истагини билдириб¸ ариза билан мурожаат қилди. Биз ҳозир уларни қурилиш отрядларига йўналтириб¸ тақсимот қилаяпмиз.

Озодлик: 111 талаба нечта отряд бўлади?

Акрамжон Акрамов: Бешта отрядга бўлинади.

Озодлик: Улар қаерларда ишлайди?

Акрамжон Акрамов: Асосан мустақиллик арафасида топшириладиган объектларда¸ қурилаëтган касб-ҳунар коллежларида ва академик лицей биноларида ишлашади. Яна уларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қўшамиз.

Ҳозир бизда асосан уч-тўртта қурилиш ташкилотимиз бор. Вилоят ҳокимлигининг “Вилоят инженеринг компания”си¸ “Буюртмачи инженеринг компания”си бор. Ҳозир биз улардан бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олдик.

Озодлик: Улар отрядларни ўз розилиги билан олаяптими ëки тепадан буйруқ бўлаяптими?

Акрамжон Акрамов: Биз уларга “Мана шунақа иш ташкиллаштирилаяпти. Шунга кўра¸ қаерда қурилиш бўлаëтгани¸ қандай қурилишлар бўлаëтгани ҳақида маълумот беришингизни сўраймиз” деб хат билан мурожаат қилдик. Улар бизга қаерда қандай қурилишлар кетаëтганлиги¸ қанча ишчи кучи кераклиги ҳақида маълумот берди.

Бизга мурожаат қилган талабаларни энди иш объектларига тақсимот қиламиз. Иш берувчи ташкилотлар ишлаëтган талабаларни икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлайди.

Талабалар уйидан узоқроқда бўлса¸ ëтоқ билан таъминлайди. Махсус “Бунëдкор” деган кийим-бош билан эса талабаларни биз таъминлаймиз.

Озодлик: Кийим-бош текинга бериладими?

Акрамжон Акрамов: Кийим-бош "Камолот" ҳисобидан текинга берилади.

Озодлик: Талабалар орасида шунақа отрядга ëзиламан, деганлар кўпми?

Акрамжон Акрамов: Шу кунга қадар 111 талаба ариза билан мурожаат қилди.

Озодлик: Сизларнинг “шунча отряд қиламиз¸ шунча одам жалб қиламиз” деган режаларингиз борми?

- Биз бунақа нарсани олий ўқув юртларига қўя олмаймиз. Биз бир ой олдин эълонларни берганмиз. Бу нарсани ихтиëрий равишда болаларнинг ўзига ҳавола қилиб қўйганмиз¸ дейди Акрамжон Акрамов.

Демак, наманганлик талабаларнинг “Бунёдкор-2009” отрядлари келаси ҳафтада иш бошлайди.

Хабарларга қараганда, бундай отрядлар республиканинг барча вилоятларида тузилмоқда.

Лекин фарғоналик камолотчи наманганлик сафдошидан фарқли ўлароқ саволларимизга жавоб беришни истамади.

Озодлик: Бу Фарғона вилояти "Камолот" ëшлар ижтимоий ҳаракатими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен “Бунëдкор-2009” бўйича Озодликда радиосидан телефон қилаяпман. Улар қаерларда ишлайди?

- Бизда маълумотлар телефонда берилмайди¸ узр¸ дея телефон гўшагини қўйиб қўйди Фарғона вилояти Камолот ходими.

Яна бир неча вилоятдан шундай жавоб эшитгач, Бухорога, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг “Ҳозиржавоб гуруҳ” нодавлат ташкилоти аъзоси Шуҳрат Ғаниевга қўнғироқ қилдик.

Унинг айтишича, бундай талабалар отрядлари Бухоро вилоятида иш бошлаганига 10-15 кун бўлиб қолди.

Шуҳрат Ғаниев: Талабалар қурилиш отрядларидан қочиб кетаяпти. Бир-икки кун олдин битта-иккитаси билан суҳбатлашган эдим. Овқат масаласи йўқ. Пулни тўлаши ҳам ҳали ноаниқ. Ишлаяпмиз¸ овқатни вақтида бера олмаяпти¸ деб айтишди менга.

Озодлик: Сиз гаплашганлар талабалар отрядлари бўлмаса керак.

Шуҳрат Ғаниев: Талаба қурилиш отряди Бухоро вилояти коллежида тузилган.

Озодлик: Мен Наманган билан гаплашдим. Улар кейинги ҳафта ишга жўнатамиз, деб айтди.

Шуҳрат Ғаниев: Бухорода аллақачон ишлаяпти. Билмадим Наманганда қандай бўларкан. Талабаларнинг қурилиш отрядлари тузилиши тўғрисида ҳокимият томонидан 15 кун олдин буйруқ берилган.

Озодлик: 15 кундан бери улар ишлаяптими?

- Ҳа¸ ишлаяпти. Мактаб биноларини ремонт қилаяпти¸ бундан ташқари колхозда дала шийпон биноларини ремонт қилишаяпти¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Бухоролик Шуҳрат Ғаниев айтаётган бу отрядларга "Камолот"нинг, балки алоқаси йўқдир? Буни аниқлашнинг имкони бўлмади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бу йил республика бўйлаб тузаётган қурилиш отрядлари, хабарларга қараганда, 160дан зиёддир.

Агар Наманганда тузилаётган 5 та отряд таркибида 110 талаба борлигидан келиб чиқадиган бўлсак, демак, республика бўйлаб тузиладиган 160 отряд сафида камида 3500 талаба меҳнат қилади.

“Бунёдкор-2009” отрядларию Шуҳрат Ғаниев айтаётган ҳокимият томонидан тузилган отрядларга қурилиш объектларида иш топилаётган экан, демак, Ўзбекистонда иш – бўш турган иш жойлари бор!

Бас шундай экан, унда миллионлаб ўзбекистонлик нима учун Россияда ишлаб юрибди?

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадановский Давлат Думасининг куни кечаги мажлисида қилган чиқиши чоғида Россия ҳудудида 2 миллион нафар атрофида ўзбекистонлик меҳнат мигранти борлигини, уларнинг аксарияти қурилишларда ишлашини маълум қилди.

Мана шундай шароитда талабалар учун 3000, 5000, боринг ана 10 минг иш жойининг топиб берилиши навбатдаги пропагандистик тадбирдан бошқа нарса эмас, деди Шуҳрат Ғаниев.

“Бунёдкор-2009” отрядлари учун ажратилаётган иш жойлари, дейди у, чиндан ҳам вакант бўлиши мумкин. Чунки иш ҳақининг озлиги туфайли одамлар Россияга кетиб қолишни маъқул кўрмоқда.

Шуҳрат Ғаниев айтаётган фикр кўп ва хўб билдирилган.

Наманганлик камолотчи Акрамжон Акрамовдан “Бунёдкор” ёшларга тўланадиган иш ҳақи ҳақида ҳам сўрадик.

Озодлик: Талабалар икки ой ишлашса¸ қанча ойлик олишади?

- Бизга келган маълумотларга қараганда тахминан 120-150 минг сўмдан ойлик олишади¸ дейди Акрамжон Акрамов.

Талабаларнинг қурилиш отрядлари советча-коммунистча ҳодиса бўлиб, энг биринчи отряд 1958 йили Москва давлат университетида тузилган эди.

1966 йил, 13 декабрда Кремл съездлар саройида талабалар қурилиш отрядларининг биринчи бутуниттифоқ слёти бўлиб ўтган.

Талаба қурувчилар ҳаракати авжига чиққан 1985 йили собиқ иттифоқ бўйлаб 2 миллион талаба қурилишларда ишлаган.

Константин Ромадановский айтган 2 миллион ҳам эсингиздами?
XS
SM
MD
LG