Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

"Бу зулм ҳақда очиқ айтмасликнинг иложи йўқ"


Ўзбекистондан Озодликка бўлган кейинги мурожаатларнинг аксарида мамлакатда диндорлар ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан босимнинг янада кучайганидан хавотир ва норозилик руҳи уфуриб турибди.

“Тингловчи минбари”нинг бугунги сонида фарғоналик бир тингловчи мурожаати ва таҳририятимизга келган икки мактуб мазмуни билан таништирамиз.

Ҳафта аввалида Озодлик таҳририятига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятиданман, деб бир тингловчи сим қоқди ва ўзини шундай таништирди:

“Мен Ўзбекистонданман. Ҳизбут-Таҳрирнинг аъзосиман. Исмимни айтишнинг ҳожати йўқ.”.

Исмини ошкор қилишни истамаган бу тингловчи Ўзбекистонда яшаётган диндорлар ва ҳозир қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар, жумладан Ҳизбут-Таҳрир аъзоси бўлган маҳбусларга нисбатан бугунги муносабат ҳақида баёнот бериш ниятини билдирди.

Унга минбар бердик.


Ҳаëни йиғиштириб қўйишга мажбур қилган зулм


- Ўзбекистондаги ҳолат ҳақида баëнот бермоқчи эдим. Ўзбекистондаги режимнинг ўз халқига қанчалик зулм ўтказаëтганлиги¸ хоҳ диний бўлсин¸ хоҳ дунëвий бўлсин мухолифат вакилларига ўз фикрларини ва дунëқарашларини эркин билдиришга йўл бермай¸ узоқ йилга озодликдан маҳрум этиб¸ жазони ижро этиш муассасаларида уларни ғайриинсоний қийноқларга гирифтор қилаëтганлигидан хабарларингиз бор.

Жумладан¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида диний эътиқод учун қамалганларни ëки дунëвий мухолифат аъзоларининг товони остига дубинка билан уриш¸ уйқусизлик билан қийнаш¸ суткалаб тергов қилиш¸ тирноқларни суғуриб олиш¸ тирноқнинг остига игна тиқиш кучайиб кетди.

Яна сил¸ ОИТС га ўхшаган ҳар хил юқумли касалликларни юқтириш ҳам кучайиб кетган. Ўзи бу юқтириш ҳаракатлари аввалдан бор эди. Ҳозир жуда ҳам кучайиб кетган.

Эрларининг¸ ака-укаларининг олдига бориб кўриб келганлар шунинг хабарини бераяпти бизга. Етказиб қўйишни ўзимизнинг вазифамиз деб билдик¸ дейди исми очиқланишини истамаган тингловчи.

Шу пайтга қадар ҳаё қилиб, қамоқхонада ўтказилаётган зулмнинг ҳаммасини ҳам очиқ тилга олмас эдик, энди эса кундан-кунга зўраяётган бу зулм ҳақида очиқ айтмасликнинг имкони йўқ, дея бу суҳбатдош яна баъзи тафсилотларни тилга олди.

- Авваллари бор ҳақиқат гапирилмади. Эътиқоди учун қамалган биродарларимизнинг орқа томонларига арматура¸ дубинка тиқиш ҳолатлари камдан-кам бўлса ҳам кузатилаëтган эди. Ана шундай ҳолатлар ҳозир оммавий тус олиб кетди.

Қашқадарë вилоятининг Косон туманида 51-зона бор. Ана шу зонани 50 ка 50 қилиб бўлаяпти экан. 50 фоизини муассаса ходимлари бошқаради¸ қолган 50 фоизини бошқа модда билан қамалган аристонлар бошқаради.

Муассасанинг сиëсий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосари бир қанча аристонларни йиғиб¸ ўша ерда 159-модда билан қамалганларнинг номусига тегишга¸ яъни зўрлашга тарғиб қилибди.

159 модда билан қамалганларни йиғиб “Сенларнинг ҳаммаларингни баччабоз қилиб ташлаймиз. Бу ҳақда бизга тепадан кўрсатма бўлган” деб очиқ айтган.

Тўртта ҳизбий биродаримизни изолятор хонасида ҳушидан кетгунча кўтариб¸ кети билан ерга ташлаб қийнаган. Мана шунақа ҳолатлар бошқа зоналарда ҳам кўп кузатилаяпти¸ дейди исми очиқланишини истамаган тингловчи.

Халқаро жамоатчиликка ўзбекистонлик диндорларга нисбатан қамоқхоналарда кучаяётган қийноқ ва тазйиқ ҳақида хабар беришни лозим топган бу тингловчи, ҳали ўзи айтганидек, Ҳизбут-Таҳрир партиясининг аъзоси экан.

Ўзбекистон қамоқхоналарида диндор маҳбусларнинг ўта оғир қийноқ ва хўрликларга солинаётгани ҳақида таҳририятимизга келаётган хабарлар сони ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб қамалган маҳбусларга нафақат қамоқхона ичидан туриб, балки яқинларини қисувга олиш, баъзи ҳолларда яқинларини калтаклаш орқали ҳам босим ўтказиш ҳоллари кучайгани ҳақида сўнгги ойлар ичида билдирилган мурожаатлар талайгина.

Шу боис биз бу тингловчи баёнотини эшитгандан сўнг унинг сафдошларига нисбатан Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларнинг айнан бугун кучаяётганига сабаб нима, деб сўрадик.

- Сабаби¸ булар биродарларимизни жисмонан йўқ қилишнинг ҳаракатига тушиб қолган. Қамоқхона ходимларининг қанчалик зулм қилишларига қарамасдан биродарларимизнинг ўз эътиқодларида мустаҳкам туриши уларнинг адоватини қўзғаяпти.

Чунки булар қайтарамиз¸ деб ҳаракат қилаëтган нарсадан улар қайтишмайдида. Ҳизб кўтариб чиқаëтган нарса Исломдаги нарса бу.

Мисол учун қамоқхоналарда ибодат қилишга йўл қўйилмайди¸ рўза тутишга йўл қўйилмайди. Бу Ҳизбут-Таҳрир кўтарган нарса эмаску. Бу Оллоҳ буюрган нарса.

Мана шуларни тўса олмагандан кейин касаллик юқтириш¸ турли хил зулм орқали биродарларни йўқ қилиш ҳаракатига тушиб қолган¸ дейди ўзини Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзосиман, Фарғонаданман, деб таништирган тингловчи.

Фарғоналик бу тингловчимизнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик диндорлар, хусусан, Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоларига нисбатан нафақат қамоқхона балки, озодликда ҳам таъқиб ва тазйиқлар кучайган.

Бошқача айтганда, эркак “ҳизбчи”лар қамоққа солинмоқда, қамоқда қийноққа солинмоқда. Аёл “ҳизбчи”лар эса диний либос — ҳижоб ҳамда рўмолни ечишга зўрланмоқда.

Айниқса, 26 май воқеаларидан сўнг диндор аёлларга нисбатан маҳаллий амалдорлар — маҳалла қўмиталари раислари, туман ва шаҳар ҳокимликларининг хотин-қизлар ишлари бўйича қўмиталари раҳбарлари томонидан ўта қўпол муносабат қилинмоқда, дейди бу суҳбатдош.

- Бу нарса 26 май кунги воқеалардан олдин ҳам бўлаëтган эди. Авваллари ҳижобни¸ қора ҳижоб кийма ¸ деб таъқиқлаган бўлса¸ ҳозир жамоат жойида оддий рўмол ўрашга ҳам рухсат бермаяпти.

Рўмоллиларнинг бошидан рўмолни ечиб олиш¸ “Йўқ¸ мен еча олмайман” деганларга катта миқдорда жарима солиш ҳолатлари ниҳоятда кўп кузатилаяпти¸ дейди исми очиқланишини истамаган тингловчи.

Ўзини Ҳизбут-Таҳрир партиясининг Фарғонадаги аъзосиман, деб таништирган суҳбатдошимиз Озодлик радиосига мурожаати давомида Ўзбекистонда авж олиб бораётган зулм ва қийноқларга нисбатан халқаро жамоатчилик, хусусан, Европа давлатлари етарли даражада чора кўрмаяпти, деб таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш имконига эга бўла туриб, вазиятга кўз юмаётган Европа Иттифоқи раҳбарияти мамлакатда авж олаётган бугунги зулм-зўравонликка жавобгарлик учун шерикдир.

- 2005 йилги Андижон воқеаларини хотирлаб Тошкентда Бойматова ва бошқа бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Матонат ҳайкали тагига гулчамбар қўйишга чиққан пайтда¸ уларни уриб¸ калтаклаб¸ айримларига қаттиқ тан жароҳати етказиб¸ катта миқдорда жарима солишди.

Мана Ғарб давлатлари демократияни даъво қилиб чиқаяпти. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан улар қурол сотмаслик¸ баъзи ўзбек амалдорларини Европага киргизмаслик каби арзимаган санкцияларни қўллашган эди. Аслида бу санкциялар кулгини қистатади¸ дейди исми очиқланишини истамаган тингловчи.

Бош қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Ҳизбут-Таҳрир партияси мунтазам равишда зулм ва зўравонликсиз, тинч йўл билан исломий давлат — халифалик қуриш ниятида эканини таъкидлаб келади.

Бу партия фаолияти дунёнинг аксар давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам таъқиқланган. Озодлик таҳририятига сим қоқиб, ўзини бу партиянинг фарғоналик аъзосиман, деб таништирган суҳбатдош Ҳизбут-Таҳрир ҳануз ўша фикрида собитлигини айтди.

Аммо, Ўзбекистон ҳукуматининг “ҳизбчи”ларни камайтириш ва уларни бу йўлдан қайтариш учун қилаётган уринишлари, бу суҳбатдошнинг сўзлари мазмунига кўра, акс натижа бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрир партиясининг ҳаракати тўхтамаган ва хорижга кетган аъзолари ҳам фаолиятини давом эттирмоқда.

- Худога шукур ташқарида ҳам фаолият ҳеч тўхтаган эмас. Фаолият давом этаяпти. Буни ўзларингизга расмий-норасмий етиб бораëтган хабарлардан ҳам билаëтгандирсизлар.

Ўзбекистонда ҳам бу ҳаракат тўхтаган эмас. Худо хоҳласа тўхтамайди ҳам. Чунки бу Пайғамбаримиз (с.а.в) тариқатларига асосланган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) Маккада фаолиятни бошлаб¸ Мадинада давлат барпо этгунча ҳеч қандай моддий иш билан шуғулланган эмаслар.

Фақатгина фикрий ва сиëсий иш билан чекланганлар холос, деди ўзини Ҳизбут-Таҳрир партиясининг аъзосиман, Фарғона вилоятиданман, деб таништирган ҳамда Озодлик орқали мамлакатдаги вазият ҳақида баёнот бермоқчиман, деб ният билдирган суҳбатдош.


Рўмолга тоқатсизлик кучаймоқда


Ўзини Ҳожиакбар, деб таништирган бир тингловчи Озодликка йўллаган мактубини “Ўзбекистонда ҳижоб ва намозга тазйиқлар давом этмоқда”, деб бошлаган.

“Аксар мактабларда ўқувчи қизлар умуман рўмолсиз келишсин бўлмаса, киргазмаймиз, деб туришибди. Баъзи директорлар ҳаддидан ошиб¸ ўқувчи қизларни бошларидан куч билан рўмолларини ечиб олаяпти” деб ёзади Ҳожиакбар.

У Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги бир мактаб ва унинг директори ҳаракатларини ўз фикрига мисол қилиб келтирган.

“Бу мактабда Халқ таълим вазирлиги ... буйруғидан кўчирма мактаб эшигига ёпиштириб қўйилган. Унда мактаб формаси хақида ёзилган. Шу қонунларга асосан ўқувчи қизлар мактабга рўмолсиз келиш керак. Аслида бу қонун аввалроқ чиққан эди, аммо ҳозир уни бошқачасига шарҳланаяпти.

Масалан: “талаб этилган мактаб формаси” деб туриб, “бу формада рўмол бўлмаслиги керак”, дейишади. Аслида бирорта расмий қонунда “ўқувчилар ўқув юртларига рўмолсиз келишсин”, деган жойи йўқ.

Баъзи ота-оналар директорлардан хаққини талаб қилса, директорлар: “СНБга ёзиб¸ берворамиз”, деб қўрқитишаяпти”, деб ёзади Озодликка мактуб йўллаган Ҳожиакбар исмли тингловчи.

У мактуби якунида Ўзбекистонда ҳижоблилар ва намозхонларга тазйиқнинг ортиши сабаби ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам тақдим қилган.

“Бунинг жавоби оддий, бугунги кунда юқори раҳбарларга ёқадиган қилиб, диндорларга қарши курашда жонбозлик кўрсатаётган ишчи ва хизматчилар юқори ўринларга тез кўтарилади. Хукуматга шунақа кадрлар керак… оқибатда, келажакда яхши мутахассис бўлиб, халқи учун жон куйдириб ишлайдиган қанча қанча муслима қизлар таълимдан қолиб кетишаяпти.

Ўзбекистон хукумати дин эркинлиги, виждон эркинлиги¸ деб бонг уради. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилишга хаққи бор. Ҳар бир фуқаро таълим олиш ҳуқуқига эга. Нимага энди мусулмон динига эътиқод қилган аёллар ўқитувчиликдан, қизлар эса ўқиш хуқуқидан маҳрум этилаяпти? Ҳожиакбар”.


Ўзбекистонда ҳаммаси битта банк...


Озодлик таҳририятига келган яна бир мактуб мазмунига эътиборингизни тортмоқчимиз.

Самарқанд вилоятидан йўлланган бу мактубда муаллиф Ўзбекистондаги банк ходимлари орасида кучайган коррупциядан шикоят қилган.

“Рўзғорни тебратиш мақсадида банкдан кредит олмоқчи бўлдим. Ишониш қийин, роппа-роса бир йил қилган ҳаракатларим бесамар кетди. Табиатан курашувчан бўлганим учун бунга жим қараб туролмадим.

Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги барча банклар (менимча уларни бир неча номга эга битта банк десак, тўғрироқ бўлади, чунки уларнинг бир-биридан фарқи йўқ, ҳисоби) коррупциялашиб бўлган экан... Менда далилий ҳужжат бор. Булар ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимига уч марта хат ёздим. Ҳар доимгидек “жимжитлик”, деб ёзади самарқандлик тингловчи.

У ўз мактубини ўқиб эшиттиришимизни илтимос қилган.

“Шу мактубимни иложи бўлса, эшиттиришларингиздан бирида ўқиб эшиттирсангиз... мени ҳам эшитадиганлар борлигига амин бўлиб, яраланган кўнглим сал таскин топар эди. Сизнинг радиоингизни мен, иккита укам ва амакиваччам доимий равишда эшитиб борамиз, гарчи отам қаршилик қилсалар ҳам (у киши маҳалла оқсоқоли ва турган гапки, Озодлик радиосини эшитиш жиноят, деб тушунадилар. Бу фикрга келишларига милиция ходимлари, “Селсовет” бошлиқлари ва шуларга ўхшаш ташкилотларнинг “хизматлари” беқиёс!)” дея якунлайди ўз мактубини самарқандлик ўқувчи.


*****************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG