Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

"Қорасув"нинг қора кунлари


Асосий харидорлари ўзбекистонлик савдогарлар бўлган Қорасувдаги расталарнинг кўпи касодга учраб¸ эшикларини тамбалашга мажбур қолмоқда.
Асосий харидорлари ўзбекистонлик савдогарлар бўлган Қорасувдаги расталарнинг кўпи касодга учраб¸ эшикларини тамбалашга мажбур қолмоқда.

Қирғизистон жанубидаги “Қорасув” бозори савдогарларининг айтишларича, 26 май кунги Хонобод воқеаларидан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасининг ёпилиши оқибатида бозорда савдо кўлами 90 фоизгача озайган.

Расмий маълумотларга кўра, Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи савдо бозорларидан бири бўлган "Қорасув" бозорида 24 минг савдогар савдо-сотиқ билан шуғулланади. Уларнинг аксариятини қирғизистонлик, ўзбекистонлик ва хитойлик савдогарлар ташкил этади.

Яқин-яқингача бозорнинг асосий харидорлари ўзбекистонликлар эди. Бироқ, савдогарларнинг айтишича, қирғиз-ўзбек чегарасининг ёпилиб қолгани натижасида харидорлар сони кескин камайиб кетган:

- Қирғиз-ўзбек чегаралари ёпилганидан кейин харидорларимиз умуман келмай қўйди. Савдо-сотиқ деярли 90 фоизга камайиб кетди. Савдогарларга жуда қийин бўлаяпти.

Контейнерларни ижарага олганлар ижара пулини тўлолмай қийналишаяпти. Бунинг устига солиқлар миқдори ҳам кўтарилган, дейди "Қорасув" бозорида савдо қилувчи Муроджон.

Унинг айтишича, сўнгги пайтларда харидор йўқлигидан кўп савдогарлар савдо расталарини бутунлай ёпиб қўймоқда:

- Савдо расталарини бутунлай ёпиб кетаётган савдогарлар ҳам бор. Биринчидан, ҳозир савдо мавсуми эмас, иккинчидан, савдо жуда суст бўлса, ким дўкон очади - ҳеч ким очмайди-да, дейди Муроджон.

Бироқ "Қорасув" бозорида қурилиш моллари сотувчи Шерзод исмли йигит ўзбекистонлик харидорларнинг озайганига чегараларнинг ёпилгани сабаб бўлди, деб ҳисобламайди:

- Савдонинг сусайганига асосий сабаб иқтисодий кризисдир. Ҳамма ерда ҳам савдо суст, шунинг учун Ўзбекистондан ҳам, Қирғизистоннинг ўзидан ҳам харидор келмаяпти, дейди Шерзод.

Суҳбатдошимизнинг доимий мижозлари орасида ўзбекистонликлар ҳам кўп. Шерзоднинг айтишича, унинг ўзбекистонлик харидорлари ўзлари билан олиб кетган молларни сотиб бўлгач, яна мол олиш учун айланма йўллар орқали бозорга келиб кетмоқда экан.

- Ўзбекистонда ҳам савдо йўқ. Ҳеч ким қурилиш қилмаяпти. Кўп одамлар Россиядан қайтиб келган. Россиядан аввалгидек пуллар келмай қўйди. Бунинг устига долларнинг қиймати кўтарилиб кетди, деди Шерзод.

"Қорасув" бозори савдогарлари турли сабабларга кўра ўзбекистонлик харидорларнинг озайиб кетгани, бунинг натижасида савдо сусайгани тўғрисида биринчи маротаба гапиришаётгани йўқ.

Шу йилнинг март ойида “Қорасув” бозори раҳбарияти ва савдогарлари Қорасув туман ички ишлар бошқармасига савдо қилиш учун бозорга келаётган Ўзбекистон фуқароларини қирғиз чегарачилари ва айрим орган ходимлари қўрқитиб, пул талаб қилаётгани юзасидан шикоят қилган эдилар. Савдогарлар ўзбекистонликларни бозорда бемалол савдо қилишига имконият яратиш учун қирғиз расмийларидан порахўр милиция ходимларининг жазолаш сўрагандилар.

Шу важдан жорий йилнинг 20 март куни Қорасув туман ички ишлар бошқармаси чет эллик савдогарлардан пул талаб қилаётган шахсларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказганди.

Қорасув туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақов ўшанда вазиятни назоратга олиш, ўзбекистонликларнинг "Қорасув" бозорида бемалол савдо қилиши учун имконият яратиш ҳақида ваъда берган эди.

Қорасувлик савдогарларнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ўшандан буён бозорда милиция ходимларининг бошбошдоқлигига чек қўйилган. Аммо орадан кўп ўтмай қирғиз-ўзбек чегарасида юзага келган муаммо ўзбекистонликларнинг "Қорасув" бозорига келиб, савдо қилишига монеълик қилмоқда.
XS
SM
MD
LG