Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:41

Жавид Ферузадан хафа


Жавид Шариф Феруза Жуманизова онасининг қўпол муомаласидан хафа бўлганини айтмоқда.
Жавид Шариф Феруза Жуманизова онасининг қўпол муомаласидан хафа бўлганини айтмоқда.

Германияда яшайдиган афғонистонлик хонанда Жавид Шариф таниқли ўзбек қўшиқчиси Феруза Жуманиёзовани ўз машҳур ашуласини берухсат ижро этгани учун муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айблаб, судга бермоқчи.

"Феруза Жуманиёзова мендан бесўроқ қўшиғимни айтар экан, ҳатто узр сўрашни ўзига эп кўрмади"¸ деди aфғон қўшиқчиси.

Уч йил аввал Жавид Шарифнинг “Амелак” деб номланган қўшиғи уни нафақат Афғонистон¸ балки ундан ташқарида ҳам танитган эди.

Жавид Шариф Феруза Жуманиëзовани ўзининг энг машҳур қўшиғини ўғирлаганликда айбламоқда.
Жавид Шарифнинг айтишича, ўзбекистонлик хонанда Феруза Жуманиёзова айнан шу қўшиғини ундан бесўроқ айтиб чиққан.

- Мен бу ҳақда “Ориёна” деб номланган афғон телевидениесида ишлайдиган дўстларимдан билдим.

Бу қўшиқни мен уч йил аввал айтган бўлсам ҳам ҳамон бу қўшиқ Афғонистонда биринчи ўринларни эгаллаб келаяпти.

Тўйларда уни бир эмас¸ саккиз мартагача айтишади. Қўшиқнинг куйини ҳам ўзим басталаганман, сўзларини ҳам ўзим ёзганман.

Бу ашулани Германияда рўйхатдан ўтказганман¸ дейди Жавид Шариф.

Феруза Жуманиёзова ҳам бу қўшиқни айтганини эшитиб, Шариф у билан телефон орқали боғланишга уринади.

- Йўқ¸ ниятим у билан уришиш ёки сўкишиш эмас эди. Аксинча¸ унга ҳатто биргаликда қўшиқ айтишни таклиф қилмоқчи эдим.

Аммо Феруза Жуманиёзова ва унга менежерлик қилаётган онаси Зуҳра опа мени қаттиқ ранжитди.

Мен улардан “Нима учун мендан бесўроқ қўшиғимни айтаяпсизлар” деб сўрадим¸ холос.

Лекин унинг онаси “Ферузанинг қўшиқларини ҳам ҳар ерда айтишади” деб телефон гўшагини шарақлатиб қўйди. Менга нисбатан беҳурматлик қилди¸ дейди у.

Жавид Шариф яхшиликча гаплашиш ниятида бўлганини таъкидлар экан, шунчаки Феруза Жуманиёзовадан узр кутганини айтади. Лекин энди бу масалани у шарқона усулда эмас, балки ғарбона тарзда ҳал этиш ниятида.

- Менинг бошқа йўлим қолмади. Менга нисбатан одобсизлик қилган бу одамларга муносиб жавоб беришим керак.

15 йилдан буён Германияда яшаб келаётган бўлсам ҳам, бунақа масалаларни шарқона усулда ҳал этишни афзал кўраман.

Аммо энди Жуманиёзова билан менинг адвокатларим шуғулланади. Тез кунларда уни судга бериш ниятидаман¸ дейди Жавид Шариф.

Бу ҳақда изоҳ сўраш мақсадида Феруза Жуманиёзова билан боғланишга қилган уринишларимиз самара бермади.

Аммо хоссатан Жуманиёзова ҳақида гапирганда унинг репертурида араб, турк ва яна бир қатор форсийзабон қўшиқлар борки, уларнинг эгалари ҳозирча Жавид Шариф каби ўз муаллифлик ҳуқуқларининг тикланишини талаб қилган эмас.

Феруза Жуманиёзованинг “Ялла Ҳабиби”, “Ваехо” қўшиқлари ўзбек эстрадасида чет элдан қўшиқ ўғирлаш санъатининг дурдоналари эмас.

Чет эл қўшиқларининг “римэйклари” Юлдуз Усмоновадан тортиб Тоҳир Содиқов ижодида ҳам тез-тез учрайди.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик продюсернинг айтишича, ўзбек эстрадасидаги бугунги вазиятни “ижодий инқироз” деб аташ мумкин.

- Энди буни маданий ўғирлик ¸ деса бўлса керак. Мусиқа яратиш қобилияти ўзида йўқда. Бунақа нарса жуда кўп учрайди.

Озодлик: Мана учрайди¸ деяпсиз. Ўзбекистонда шунга қарши чоралар кўриладими?

- Агар муаллифлик ҳуқуқини ўтказиб қўйган бўлса¸ ҳимоя қилинади. Муаллифлик ҳуқуқини бузган одам судга чақирилади¸ керак бўлса жарима солинади¸ дейди ўзбекистонлик продюсер.

Жавид Шариф ўзбек қўшиқчиларни судга тортиш ниятини билдирган ҳозирча ягона чет эл вакилидир. Аммо бу ишнинг ижобий ҳал бўлиши ўзбекистонлик бошқа қўшиқчилар учун ҳам кучли сингал бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG