Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:25

"Боламнинг туришга ҳам ҳоли йўқ"


“Эзгулик” жамияти маълум қилишича, ўғирликда гумон қилиниб ҳисбга олинмиш олти нафар тошкентлик йигитга нисбатан тергов жараёнида милиция ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилган.

Йигитлар қийноққа солинганини маҳкамада иштирок қилаётган прокурор ҳам тан олган ва суд ҳайъатидан милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилишини талаб қилган.

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 9-даҳасида яшовчи 19 ёшли Ҳожиакбар Зоиров жорий йилнинг феврал ойида ҳарбий хизматга чақирилиши лозим эди. Ҳожиакбар бир йилдан буён армияга кетишни орзу қилаётганди.

Бироқ феврал ойида уни армияга эмас, балки милиция бўлимига олиб кетишди.

“Эзгулик” жамияти маълумотига қараганда, жорий йилнинг феврал ойида Ҳожиакбар ва яна унинг маҳалласида яшовчи беш йигит ўғирликда айбланиб, ҳисбга олинган.

Айблов хулосасида ёзилишича, йигитлар маҳалла ҳудудида жойлашган мактаб биносига босқинчилик, талончилик, ўғирлик йўли билан кириб, мактаб ошхонасидан эски музлатгич, алюмин кастрюлка, хамир қорадиган тоғора, бир неча кило ширинлик ва 4 дона кетчупни ўмаришган.

Ҳожиакбарнинг онаси Маъмура Зоированинг Озодликка билдиришича, ўғлини Тошкент шаҳар Юнусобод туман ИИБга олиб кетишганидан икки кун ўтиб, у Ҳожиакбар билан учрашишга муваффақ бўлган.

- Ўғлимнинг олдига кирганимда уни ҳатто танимадим. Ит ғажиб ташлагандай аҳволда эди.

Танасида соғ жойи қолмаган. Қараб бўлмайди. Кўкариб, шишиб, кетган. Ҳамма жойи моматалоқ. Бўйни, юзи осилиб қолган, қорайиб, ёрилиб кетган.

Боламнинг ҳатто ўтиришга ҳам ҳоли йўқ. Чўккалатиб қўйишган. Туришга ҳам ҳоли йўқ.

Болам мени кирганимни кўриб, бошини ушлаб бир амаллаб ўрнидан турди-да, келиб тиззаларимдан қучоқлаб роса йиғлади.

“Она мени кечиринг, мен бу ишларни қилмаганман, лекин мени роса уришаяпти, мен бошқа чидай олмайман, нимани сўрашса, ўшанга қўл қўйиб бераман, мени кечиринг”, деди болам бечора, дейди йиғлаб онахон.

Маъмура Зоировага кўра, ўғли билан бирга ушланган бошқа йигитларга нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилган.

- Боламни суткалаб подвалда бир эмас, тўққизта одам урибди. Противогаз кийдириб қўйиб, оёқ-қўлини занжирга боғлаб қўйиб, уриб-тепиб, дабдала қилишган. Уч-тўрт суткалаб нон ҳам, сув ҳам беришмаган.

Бошқа болаларни ҳам шундай уришибди. Битта болани кўзи қийшиқ бўлиб қолган. Кўзига тепганми, мана, бешинчи ой бўлаяпти - кўзи қийшиқ ҳолда.

Биттасининг миясида қон босими ошган, ўпкаси, жигари оғрияпти. Мени боламда ҳам қон босими бор ва ўпка, жигари лат еган.

Уларни опер-милиционерлар урган. Терговчи ҳам урган. Терговчи солдатларни камари билан болаларни ечинтириб қўйиб урган.

Мен шу пайтгача милицонерларни халқнинг, одамларнинг ҳимоячиси, деб тушунардим... (йиғлаб) Ҳозир формали одамларни кўрсам, кўчада ўзимни ташлаб юборадиган аҳволга келиб қолдим, дейди Маъмура Зоирова.

“Эзгулик” жамияти тошкентлик олти йигитнинг маҳкама жараёнини кузатиб келаяпти. Жамият раҳбари Васила Иноятова ҳам йигитларга нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилганини айтади.

- Мен Ҳожиакбар Зоиров билан гаплашганимда, шундай бир даҳшатли нарсаларни айтиб бердики, мен ҳозир буларни гапиришга тилим ожизлик қилади.

Мен жуда кўп қийноқлар қўлланилган ҳолатларга дуч келганман. Лекин бунақасини биринчи кўришим.

Менимча, милиция ходимларининг бу даражада ноинсоний бўлишига сабаб изласак, иккита хулоса келиб чиқади.

Биринчидан, милиция ходимлари қандайдир бир катта рағбатга эга ёки бўлмаса булар жинни. Нормал инсон бунақа ишларни қилиши мумкин эмас.

Йигитлар билан гаплашганимда айтиб беришди, милиция ходимлари уларни иккита қўлини деворга кишанлаб, дубинка билан уларнинг йигитлик ғурурига тегишга ҳаракат қилишган.

Шу пайтда йигитлар номуснинг зўридан “қилмаган бўлсам ҳам тан оламан”, деб уларнинг ҳар бир қўйган айбларини сўзсиз тан олиб, қўл қўйиб беришган, дейди Васила Иноятова.

Маъмура Зоированинг айтишича, қийноқлардан кейин ўғлининг аҳволи оғирлиги боис уни на Тоштурма, на Тошкент шаҳар ИИБ тергов изолятори қабул қилмаган. Шундан кейин уни Тошкент Тиббиёт академияси клиникасига олиб боришган, ўша ерда Ҳожиакабар Зоировга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Маъмура Зоирова клиникадан бу ҳақдаги маълумотномани олиб, маҳкама ҳайъатига тақдим қилган.

Васила Иноятова кўра, суд ҳайъати бу каби далилларнинг бирортасини инобатга оламаяпти.

- Қонуний тасдиқланган, ҳаттоки прокурор тасдиқлаган Ҳожиакбар Зоировнинг тиббий маълумотномаси суд томонидан эътиборга олинмади.

Судланувчиларнинг қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги кўрсатмалари ҳам инобатга олинмаяпти. Ҳаттоки бу борадаги ҳимоячилар тмонидан берилган илтимосномаларнинг бирортаси ҳам қаноатлантирилмади.

Давлат айбловчиси Юнусобод туман ва Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари “Ҳожиакбар Зоировга етказган тан жароҳати учун жиноий жавобгарликка тортилсин” дея талаб қилди, дейди Васила Иноятова.

Ҳозирча прокурорнинг бу талабининг натижалари маълум эмас. Тошкент шаҳар Юнусобод туман ИИБдан ҳам бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

“Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятини Юнусобод тумани ИИБ ходимларининг зўровонлиги, айбланувчига нисбатан шафқатсиз қийноқ қўллагани юзасидан изоҳ беришга чақиради.

Маълумки, Ўзбекистонда милиция ходимларининг айбланувчи шахсларга нисбатан қийноқ қўллаши тез-тез кузатиладиган ҳолат.

Жорий йилнинг май ойида қирғизистонлик Нозим Мамадалиев жасади Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан уйига қайтарилди. Марҳумнинг қариндошлари унинг ўзбекистонлик терговчилар қийноғидан ўлганини таъкидлаган эдилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса гумон қилиниб ҳибсга олинган Музаффар Тўйчиевни қийнаб ўлдирганликда айбдор деб топилган тўрт нафар милиция ходими саккиз йилдан ўн етти йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
XS
SM
MD
LG